301

1-июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ёзнинг биринчи куни кириб келиши билан бирга юртимизда Халқаро болалар куни ҳам катта тантана сифатида кенг нишонланади. Ушбу кун мамлакатимизда ўқув йилининг тугаши ва ёзги таътил бошланиши билан кириб келади, барча болажонлар учун бу кунда яқинлари томонидан турли хил совғалар тайёрланади, кўнгил очар жойларда, юртимиз боғларида байрам дастурлари уюштирилиб болажонлар кўнгли шод этилади. 

Шунингдек болаларни ҳимоя қилиш куни ота-оналар ва барча катталарга болалар дунёси нозик эканлигини, унга таянч ва ҳимоя кераклигини эслатишга қаратилган, уларнинг олдига қатор вазифаларни қўядиган масъулиятли байрамдир.

Болаларни ҳимоя қилиш куни илк бор 1950-йилда 51 та мамлакатда тантанали равишда нишонланди. Ушбу байрам 1949-йил Халқаро демократик аёллар федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган. Юртимизда ҳам хар йили 1-июн куни Халқаро болалар куни сифатида байрам қилиб нишонланади.

Шуни эътироф этиш керакки, боланинг шахсияти тўлиқ ва баркамол ривожланиши учун у соғлом оилавий муҳитда, бахт ва муҳаббат оғушида, ўзаро тушуниш ҳамда қўллаб қувватлаш руҳида ўсиши керак.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази юртимиздаги барча болаларни ушбу байрам билан табриклайди ва ҳар бир болага мустаҳкам соғлик ва бахтиёр болаликни тилайди.

Байрамингиз муборак бўлсин азиз болажонлар!