22.10.2026
13
ЎЗБЕКИСТОНДА СПОРТ РИВОЖИ: ОЛИМПИЯ ЧЕМПИОНИ ДИЁРА КЕЛДИЁРОВА ТАТАМИГА ҚАЙТИБ, AKTAU ASIAN OPEN 2026 ТУРНИРИДА ОЛТИН МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ
Ўзбекистонда спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда фуқароларни, айниқса, ёшлар, аёллар ва болаларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга қаратилган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асосидир. Расмий манбалар маълумотларига кўра, оммавий спорт билан қамраб олинган аҳоли сони 15 миллион кишига етган, мунтазам спорт билан шуғулланувчи фуқаролар сони эса сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробар ошган.
Спорт инфратузилмаси ҳам изчил ривожлантирилмоқда: Олимпия шаҳарчаси ва Миллий футбол маркази фойдаланишга топширилди, мамлакатимиз бокс, таэквондо, эркин кураш, қиличбозлик ва бошқа спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатларига мезбонлик қилмоқда.
Спортчиларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш жараёни, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 июлдаги ПҚ-221-сонли «Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори билан тартибга солинади. Мазкур қарорда дзюдо Олимпия лицензиялари ва медаллар сонини кўпайтириш режалаштирилган устувор спорт турларидан бири сифатида белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, 2024 йилда Парижда ўтказилган Олимпия ўйинлари чемпиони Диёрa Келдиёрованинг катта спортга қайтиши алоҳида эътиборга лойиқ. 17–18 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бўлиб ўтган Aktau Asian Open 2026 турнирида у 52 кг гача бўлган вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Келдиёрова барча учта беллашувни муддатидан олдин якунлади. Бу дзюдочининг икки йиллик танаффусдан кейинги илк халқаро мусобақаси бўлди.
Диёрa Келдиёрованинг ғалабаси нафақат ёрқин спорт ютуғи, балки мақсадга интилиш, ирода кучи ва ўзбекистонлик спортчиларнинг юксак салоҳияти рамзига айланди. Унинг халқаро спорт майдонига қайтиб, олтин медални қўлга киритиши ёш авлод, айниқса, спортда ўз қобилиятини рўёбга чиқариш ва юқори натижаларга эришишга интилаётган қизлар учун илҳомлантирувчи намуна бўлиб хизмат қилади.
Юртдошларимизнинг спортдаги ютуқлари миллий ғурур, ватанпарварлик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Социологик тадқиқотлар нуқтаи назаридан бундай ютуқларнинг жамиятдаги кайфиятга, аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатига ҳамда ёшларнинг спорт билан шуғулланишга қизиқиши ва фаоллигига таъсирини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдондаги ғалабалари Янги Ўзбекистоннинг жаҳон спорт ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш билан бирга, жамиятда ижобий ижтимоий қарашларни шакллантириш, фуқароларнинг ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг Ватан равнақи ва тараққиётига ҳисса қўшиш истагини кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


