22.10.2026
19
«ИЖТИМОИЙ ФИКР» МАРКАЗИДА ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ
21 октябр - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида «Давлат тили - миллий ўзлик ва маънавий тараққиёт асоси» мавзусида маънавий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, миллий тилга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва касбий фаолиятда ўзбек тилидан самарали фойдаланиш маданиятини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Давра суҳбати давомида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг тарихий аҳамияти, унинг миллий давлатчилигимиз тараққиётидаги ўрни ҳамда бугунги кунда давлат тилининг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди.
Тадбирда Марказ ходимлари ўзбек тилининг бой лексик имкониятлари, нутқ маданияти, адабий тил меъёрларига риоя этиш ва давлат тилининг замонавий ижтимоий коммуникациялар тизимидаги аҳамияти юзасидан ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Айниқса, жамоатчилик фикрини ўрганиш, социологик сўровномалар ўтказиш, респондентлар билан мулоқот қилиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш жараёнида тилнинг аниқлиги, равонлиги ва тушунарлилигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, социологик тадқиқотларда саволларнинг тўғри ифодаланиши ва илмий атамаларнинг ўринли қўлланилиши олинадиган маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда таҳлил натижаларининг сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Шунингдек, давра суҳбатида глобаллашув ва рақамли трансформация шароитида ўзбек тилининг илм-фан, ахборот технологиялари ва электрон коммуникациялар соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш, давлат тилида сифатли илмий-ахборот ресурсларини яратиш ҳамда ёш авлоднинг тил маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида она тилимизнинг миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани асраб-авайлаш, маънавий қадриятларни авлоддан авлодга етказиш ва жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги беқиёс аҳамияти таъкидланди.
«Ижтимоий фикр» марказида ташкил этилган мазкур давра суҳбати давлат тилига эҳтиромни юксалтириш, ходимларнинг касбий нутқ маданиятини такомиллаштириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятида ўзбек тилининг имкониятларидан янада кенг фойдаланишга қаратилган муҳим маънавий-маърифий тадбир бўлди.

