19

«ИЖТИМОИЙ ФИКР» CATI ТАДҚИҚОТЛАРИ БЎЛИМИДА ИНТЕРВЬЮЕРЛАР УЧУН РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА МАЪЛУМОТЛАР БИЛАН ИШЛАШ БЎЙИЧА АМАЛИЙ ЎҚУВ-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ.

Бугунги шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида жамоатчилик фикрини тезкор, холис ва юқори аниқликда ўрганиш бевосита социологик тадқиқотлар жараёнига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Сўров жараёнларининг сифати ва олинган маълумотлар базасининг ишончлилиги, биринчи навбатда, респондентлар билан бевосита мулоқотга киришувчи ҳамда биринчи манба маълумотларини шакллантирувчи интервьюерларнинг профессионал тайёргарлиги ҳамда рақамли саводхонлик даражасига таянади.

Шу муносабат билан, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг CATI тадқиқотлари бўлимида 19 октябрь куни телефон орқали сўров ўтказувчи интервьюерларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва булутли сервислар билан ишлаш кўникмаларини такомиллаштиришга қаратилган амалий ўқув-тренинг ўтказилди.

Тренинг давомида бўлим бошлиғи Шерзод Бобоев томонидан интервьюерларнинг кунлик иш фаолиятида юзага келадиган амалий масалалар ва уларнинг ечимлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Google таблица платформаси орқали реал вақт режимида онлайн ва жамоавий ишлаш борасида зарур кўникмалар берилди. Тадқиқотларда иш самарадорлиги натижалари қандай кўрсаткичлар асосида баҳоланиши ҳақида интервьюерларга маълумотлар тақдим этилди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Шунингдек, бўлим супервайзери Сирожиддин Имамов томонидан «Excel ва Google таблица ҳақида умумий маълумотлар» мавзусида интерактив машғулотлар ҳам ўтказилди ва компьютер техникасидан унумли ва хавфсиз фойдаланиш, иш столи маданияти, файлларга тўғри ном бериш ҳамда маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари чуқур тушунтирилди ҳамда Microsoft Excel дастурида катта ҳажмли маълумотлар базасини хатосиз ва мантиқий таҳлил этиш усуллари амалда намойиш этилди.

Социологик тадқиқотларнинг ҳар бир босқичида холислик, шаффофлик ва юқори аниқлик биринчи ўринда туради ҳамда сўров жараёнининг асосий бўғини бўлган интервьюерларнинг рақамли технологияларда эркин ишлай олиши маълумотларни йиғишдан тортиб таҳлилий ҳисоботларни шакллантиришгача бўлган барча жараёнлар сифатини янги босқичга олиб чиқади.

«Ижтимоий фикр»да интервьюерларнинг малакасини изчил ошириб бориш ва тадқиқотлар сифатини юксалтиришга қаратилган бундай амалий машғулотлар доимий равишда ўтказиб борилади.