23.10.2026
11
ЎЗБЕКИСТОНДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: САМАРҚАНДДАГИ БУТУНЖАҲОН САММИТИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ
2026 йил 21 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Болалар фаровонлигига инвестициялар — барқарор ва адолатли келажак сари йўл” мавзусидаги халқаро саммит ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс бўлиб ўтди. Мазкур халқаро тадбирлар Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон салоҳиятини юксалтириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида муҳим ўрин эгаллаётганини намоён этди.
Нуфузли халқаро анжуман хорижий давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки вакиллари ҳамда етакчи халқаро экспертларни бир майдонда бирлаштирди. Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммит иштирокчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Саммит доирасидаги муҳокамаларда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур халқаро саммитда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази номидан директор ўринбосари Т. Р. Муратов иштирок этди.


