23.10.2026
15
ЎЗБЕКИСТОНДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: САМАРҚАНДДАГИ БУТУНЖАҲОН САММИТИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ
2026 йил 21 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Болалар фаровонлигига инвестициялар — барқарор ва адолатли келажак сари йўл” мавзусидаги халқаро саммит ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс бўлиб ўтди. Мазкур халқаро тадбирлар Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон салоҳиятини юксалтириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида муҳим ўрин эгаллаётганини намоён этди.
Нуфузли халқаро анжуман хорижий давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки вакиллари ҳамда етакчи халқаро экспертларни бир майдонда бирлаштирди. Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммит иштирокчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Саммит доирасидаги муҳокамаларда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур халқаро саммитда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази номидан директор ўринбосари Т. Р. Муратов иштирок этди.
Жамоатчилик фикрида ижтимоий ҳимоя тизимининг ривожланиши
Саммит кун тартибидан ўрин олган масалалар Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва устувор вазифалари билан бевосита боғлиқдир. Сўнгги йилларда мамлакатда инсон манфаатлари ва эҳтиёжларини устувор қўйишга асосланган замонавий ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантириш ҳамда унинг институционал механизмларини такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат ижтимоий ёрдамининг манзиллилигини ошириш, аҳолининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш жараёнларининг очиқлиги ва қулайлигини таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини баҳолаш, аҳолининг мавжуд ўзгаришларга муносабатини аниқлаш ва фуқароларнинг реал эҳтиёжларини ўрганишда жамоатчилик фикри тадқиқотлари муҳим эмпирик ахборот манбаи ҳисобланади. Шу мақсадда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2026 йил июнь ойида “Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг ҳолати ва ривожланишига фуқароларнинг баҳоси” мавзусида социологик тадқиқот ўтказилди.
Тадқиқот натижалари фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя тизимидаги ўзгаришларга муносабати, давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам турларига эҳтиёжи, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмларининг аҳоли талабларига мувофиқлиги юзасидан муҳим хулосалар чиқариш имконини берди.
Хусусан, тадқиқот давомида давлат ижтимоий ёрдамига мурожаат қилган фуқаролар орасида энг юқори талаб болалар нафақасига (71,7%) тўғри келиши аниқланди. Мазкур кўрсаткич болали оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари таркибида муҳим ўрин эгаллашини кўрсатади. Бу эса болалар фаровонлигини таъминлаш, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг долзарблигини тасдиқлайди.
Ижтимоий ҳимоя тизимини рақамлаштириш жараёнларига аҳолининг муносабати ҳам тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этди. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 55,7 фоизи электрон хизматлар ижтимоий ёрдам олиш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштиради, деган фикрни билдирган. Ушбу натижа рақамли хизматларнинг қулайлиги ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Шу билан бирга, электрон хизматларнинг оммабоплигини ошириш, улардан фойдаланиш тартибларини соддалаштириш ҳамда аҳолининг рақамли саводхонлигини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратиш зарурлигини англатади.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини баҳолашда унинг фуқаролар эҳтиёжларига қанчалик мос келиши алоҳида аҳамиятга эга. Тадқиқот маълумотларига кўра, респондентларнинг 76,9 фоизи амалдаги ижтимоий ҳимоя тизими ёрдамга муҳтож аҳоли эҳтиёжларига тўлиқ, асосан ёки қисман жавоб беради, деб ҳисоблайди. Мазкур кўрсаткич фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя тизимига берган баҳоларини акс эттиради ҳамда тизимнинг аҳоли эҳтиёжларига мувофиқлигини жамоатчилик фикри асосида таҳлил қилиш имконини беради.
Умуман олганда, социологик тадқиқот натижалари мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг аҳоли томонидан қандай қабул қилинаётганини аниқлаш, давлат ижтимоий ёрдамига бўлган талаб таркибини баҳолаш ҳамда хизмат кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаш учун муҳим илмий-амалий асос бўлиб хизмат қилади. Жумладан, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтириш, хизматларнинг қулайлиги ва сифати устида ишлаш, рақамли имкониятларни кенгайтириш ҳамда болали оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш долзарб вазифалар сифатида намоён бўлмоқда.
Болалар фаровонлиги йўлида халқаро ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон саммитининг ўтказилиши болалар фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини ошириш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасида халқаро тажриба алмашиш учун муҳим имконият яратди. Хусусан, болалар манфаатларига йўналтирилган ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш, илғор ёндашувларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда давлат ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этади.
Болалар фаровонлигига йўналтирилган инвестицияларни кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжларини изчил ўрганиш ва оила институтини қўллаб-қувватлаш жамиятнинг барқарор ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда жамоатчилик фикри натижаларидан самарали фойдаланиш ижтимоий сиёсатнинг манзиллилиги ва натижадорлигини ошириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ҳамда Янги Ўзбекистонда инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин яратади.


