258

Аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми

2023 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида “Аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми” бўлиб ўтди. Форумдан кўзланган асосий мақсад - хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга кўмаклашиш учун етакчи аёллар, фаоллар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини бирлаштириш ҳамда Ўзбекистонда аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аёллари мамлакатни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишмоқда. Сиёсий партияларда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида хотин-қизлар фаоллигининг барқарор ошиш тенденцияси кузатилмоқда.

Аёллар ҳаракатининг ўсиши хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг пайдо бўлиши ва фаол фаолияти билан бирга бир пайтда давом этмоқда,  ушбу форум юқори даражадаги ривожланиш ва жипсликка эришилганлигидан далолат беради. Бугунги кунда хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари аёлларнинг малакасини, касбий тайёргарлигини ошириш  ва қайта тайёрлаш бўйича катта ишларни амалга оширмоқда. Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қиладиган бундай нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакат ижтимоий ҳаётининг бир қисмига айланди, энг муҳими, аёлларнинг ўзи уларни ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконияти ва юзага келаётган муаммоларнинг ҳақиқий ечими деб билади. Хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, етакчилик қобилиятини ривожлантириш иш олиб бормоқда,  уларни ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга ўргатмоқда, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш бўйича семинар, тренинг ва конференциялар ўтказмоқда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани мустаҳкамлаш  бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми иштирокчилари аёлларнинг, айниқса қишлоқ жойларда яшовчиларнинг  ижтимоий фаоллигини, ҳуқуқий маданиятини оширишда ҳам йирик, ҳам мустақил ННТларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича вазифаларни белгилаб олдилар. Тадбир хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форумда "Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибалари, амалиётлари ва инновацион ёндашувлари" мавзусида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Н.Х. Рахимова маъруза қилди, у "Ижтимоий фикр" Маркази Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик жамияти ва фуқаролик институтлари ҳақидаги асосий тасаввурларини, шунингдек, ННТлар фаолияти билан боғлиқ респондентларнинг асосий қарашларини ўрганишга,  фуқаролар томонидан мамлакатда ислоҳотлар ва модернизация жараёнларида, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг ролига берилган  баҳоларни  ўрганишга қаратилган тизимли комплекс сўровларни ўтказаётганини таъкидлади. Жамоатчилик фикри сўровлари фуқароларнинг фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш ва ижтимоий шерикликнинг амалий механизмларини такомиллаштиришга бўлган ишончини тасдиқлайди, бу давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқотни таъминлашга, ижтимоий ривожланишнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини ишлаб чиқишда стратегик қарорларни ишлаб чиқиш жараёнида ННТларнинг ваколатларини кенгайтиришга,  инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Иштирокчилар ушбу форум нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва давлат органлари ўртасида  ахборот ва тажриба алмашиш бўйича доимий майдон бўлиб қолиши юзасидан таклиф киритдилар.