04.05.2026
7
Жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факултетида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази иштирокида “Социология”, “Ижтимоий иш” ҳамда “Амалий психология” таълим йўналишлари битирувчилари учун амалий “Workshop” учрашуви ташкил этилди. Мазкур тадбир бўлажак мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш, назарий билимларини амалий фаолият билан уйғунлаштириш ҳамда меҳнат бозоридаги замонавий талаблар билан яқиндан таништиришга қаратилди.
Тадбир давомида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, социологик тадқиқотлар методологияси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий таҳлил механизмлари, амалий изланишлар ҳамда профессионал фаолият истиқболлари бўйича батафсил тавсиялар берди. Марказ вакиллари томонидан битирувчиларга ишга жойлашиш, касбий ривожланиш, илмий-амалий лойиҳаларда фаол иштирок этиш юзасидан муҳим маслаҳатлар тақдим этилди.
Шунингдек, учрашувда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари ҳам иштирок этиб, ижтимоий ҳимоя тизими, аҳолига хизмат кўрсатишнинг долзарб йўналишлари ҳамда ёш мутахассислар учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот беришди.
Мазкур “Workshop” бўлажак социолог, психолог ва ижтимоий ходимлар учун профессионал тажриба, амалий билим ва самарали мулоқот майдонини яратиб, ёшларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим босқич бўлди. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг бундай ташаббуслардаги фаол иштироки эса мамлакатда илмий-амалий салоҳиятни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.







