11.12.2020
547
УБАЙДУЛЛАЕВА РАЪНО АҲАТОВНА
(1936 - 2020)
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази 2020 йил 11 декабрь куни Ўзбекистоннинг йирик жамоат арбоби, машҳур иқтисодчи ва мамлакатда социология соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшган ноёб олима, Марказга 22 йил давомида раҳбарлик қилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Раъно Аҳатовна Убайдуллаева 84 ёшида оламдан ўтганлигини чуқур қайғу билан маълум қилади.
Марказ раҳбарияти ва жамоаси – талабчан ва меҳрибон устоз, мураббийлик маҳорати ва илмий-ижодкорлик қобилияти билан республикамиз зиёлилари орасида чексиз обрў-эътиборга сазовор бўлган ноёб ва жонкуяр олима ҳамда оқила аёл, севимли рафиқа ва бахтиёр она, намунали оила бекаси, фидойи ва ниҳоятда камтарин инсон – Раъно Убайдуллаеванинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Академик Р.А.Убайдуллаева ўзининг меҳнат фаолияти давомида ноёб олималик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари ва гўзал инсонийлик жиҳатлари билан жамоамиз қалбидан чуқур жой олган ажойиб инсон эди, унинг ёрқин хотираси замондошлари қалбида абадий сақланади.