269

"Халқ сўзи" газетаси,
Мақола муаллифи: Адҳам ҲУСЕЙНОВ,
Қўмитанинг бўлим бошлиғи

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларининг кўрсатилишича, 98 фоиздан зиёд респондентлар юртимизда яшовчи барча миллат ва элат вакиллари Ўзбекистонни ўз уйлари сифатида бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўлиқ таъминланаётганини қайд этганлар ва жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо берганлар.

Бу мамлакатимизда инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгусидир. Бинобарин, Конституциямизнинг 8-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ. 140 га яқин миллий маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.

Улар “халқ дипломатияси” механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат Дастурини амалга оширилиши ҳам, миллий маданий марказларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.

Давлат дастурининг 238 бандига мувофиқ, Миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ролини янада ошириш ва уларнинг аҳоли ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга доир Чора-тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланиб, унинг доирасида маданий-маърифий ишлар, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни кучайтиришга қаратилган тадбирларда аҳолининг кенг қатламлари ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга доир ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида анъанавий дўстлик ва маданият фестивали муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу фестивал икки босқичда – ҳудудий ва республика босқичларида икки йилда бир маротаба ўтказилиб, айтиш жоизки, Ўзбекистон – умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш билан бирга, ёшларни миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ бўлган баркамол авлодни тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган.

Фестивалнинг навбатдагисига май ойида старт берилиб унинг ҳудудий босқичлари мутасадди вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликдаянгича руҳда ва шаклларда ташкил этиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган чора-тадбирларга мувофиқ, фестивалнинг ҳудудий босқичларида энг аввало ёшлари бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундай ишлар давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга оширишга ҳамоҳанг бўлиб, унинг доирасида давра суҳбатлари, турли тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, фестиваль доирасида мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилиб, Миллий маданий марказлари қошидаги концерт жамоалари ва фольклор жамоаларининг гала концерти ташкил этилади.

Фестивалнинг ҳудудий босқичларини ўтказиш доирасида турли номинацияларда танловлар ўтказилади ва ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланадилар.

Жорий йилнинг охирида ўтказилиши режалаштирилаётган фестивалнинг республика босқичи, ҳудудий босқичларнинг ғолиб ва совриндорлари иштирокида, Тошкент шаҳрининг энг гузал ва ҳашаматли майдонлари ва саройларида ўтказилади.

Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остидаги анъанавий маданият ва дўстлик фестивали,миллатлараро тотувлик ва динлааро бағрикенглик соҳасида Ўзбекистоннинг ўз мақсадларига содиқлигининг ёрқин ифодаси сифатида хизмат қилиши билан бирга, мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Фестивалнинг ҳудудий босқичлари ўтказилиши борасида репортажлар ва мақолалар бериб борилади.

Мақолага ўтиш.