03.05.2019
321
"Халқ сўзи" газетаси
1 май куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгашининг кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг Социология кафедраси, “Ижтимоий фикр” — Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Жиззах давлат педагогика институти билан ҳамкорликда “Ахборотлашган жамиятда замонавий социологиянинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий анжуман конференцияси бўлиб ўтди.
Унда соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази Матбуот хизмати хабар берди.
Конференция ўз ишини Президентимизнинг жорий йил 22 февралда қабул қилинган “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Фармони ижроси асосида олиб борди. Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ҳаётида социологик тадқиқотларни қўллаш, социология фанини ўқитишнинг назарий-методологик жиҳатлари, замонавий социологиянинг бугунги ҳолати, хорижий тажриба ва ундан Ўзбекистонда фойдаланиш имкониятлари, социология оламидаги асосий тенденциялар, халқ билан мулоқот ўтказишда амалий социологик тадқиқотлардан фойдаланишнинг аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинди.
— Халқнинг фикрини яққол намойиш этишда социологиянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга дейди, — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров — Зеро, ҳар бир соҳани ривожлантириш учун аввало, соҳадаги муаммо устида чуқур ўрганиш олиб бориш лозим. Бунинг учун эса социологик тадқиқотларни тизимли ривожлантириш, ҳар бир тадқиқот устида янги методик ишлаб чиқариш, замонавий асосда иш олиб бориш зарур.
Тадбирда юртимиз ижтимоий ҳаётида долзарб бўлган масалалар оила, ёшлар, турмуш тарзи ва кундалик ҳаёт, “шахс ва жамият” масалаларининг ёритилиши, таълимни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, бандлик ва урбанизация масалалари, маданият, спорт ва ҳарбий соҳада социологик тадқиқотлар ўтказиш ва муаммо ва ечимларини кўрсатиб бериш борасида тўхталиб ўтилди.
—Ҳозиргача социологик тадқиқотлар давлат бошқарувини такомиллаштиришда, аҳолининг энг долзарб муаммолари ўрганилмоқда эди, — дейди “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раъно Убайдуллаева. — Социологик тадқиқотлар қамровини кенгайтириш ва такомиллаштириш бугунги кунинг талаби бўлмоқда.
Илмий конференция назарий-амалий тавсифга эга бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасида социологик тадқиқотларни ташкил этиш, барча таълим муассасаларида социология фанини ўқитилишига эришиш, давлат бошқаруви, жамоат ташкилотлари, идора, илмий марказларда профессионал социолог кадрлар билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Социологлар Ассоциациясининг истиқболдаги фаолияти масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.