30.08.2022
312
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ – ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ”
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги байрами арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази 2022 йил 30 август куни «Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, усуллар, амалиёт» доимий илмий-амалий семинарининг “Янги Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – давлат мустақиллигининг 31 йиллиги” мавзусидаги навбатдаги йиғилишини ўтказди.
Семинарда «Ўзбекистон: давлат мустақиллигининг 31 йиллиги» мавзусидаги комплекс социологик тадқиқотнинг тақдимоти бўлиб ўтди, тадқиқотнинг мақсади мустақиллик даврининг энг муҳим ютуқлари, замонавий Ўзбекистоннинг янгиланиш ва ислоҳотлар жараёни тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри ва тасаввурларини ўрганиш эди.
Жамоатчилик фикри сўровининг натижалари таҳлили шундан далолат берадики, мамлакатда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юз бераётган ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик, фан ва таълим соҳаларида интеграцияга интилиши, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида эришилган натижалар кучли, динамик ривожланаётган, рақобатбардош, халқаро нуфуз ва улкан салоҳиятга эга давлат сифатида Ўзбекистоннинг келажаги учун ўзбекистонликларда некбинлик ва ишонч туйғусини уйғотади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, Мустақиллик куни ўзбекистонликлар учун энг улуғ ва энг азиз байрам ҳисобланади, фуқаролар байрам арафасида некбинлик, юксак маънавий ва руҳий кўтаринкилик кайфиятини ҳис этмоқдалар ҳамда давлат мустақиллигининг 31 йиллигини она-Ватан учун, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида эришилаётган ютуқлар учун алоҳида фахр-ифтихор туйғуси билан кутиб олмоқдалар.
Мамлакат фуқароларининг аксариятига ўз мамлакати, халқи ва Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлиши учун масъулият ҳисси хосдир. Мамлакат фуқаролари мустақиллик ва эркинлик, тинчлик ва осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий ҳамжиҳатлик нақадар муҳим эканлигини яхши англайдилар.