5

Иштирокнинг истиқболи: ёшлар фаоллик ва индивидуализм ўртасида

2026 йил 7 апрель куни XVI халқаро Грушин социологик конференцияси доирасида Тошкентда "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан "Иштирокнинг истиқболи: ёшларнинг фаоллик ва индивидуализм ўртасидаги танлови" мавзусида ташкил этилган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир сценарийлар таҳлили элементлари билан экспертлик мунозараси шаклида бўлиб ўтди ва илмий ҳамжамият, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасалари вакилларини бирлаштирди.

Семинарнинг асосий мақсади ёшларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишидан тортиб, то ривожланишнинг индивидуал стратегияларига йўналган ижтимоий хулқ-атвор моделлари танловини белгиловчи асосий омилларни аниқлаш, шунингдек, ижтимоий ривожланиш жараёнларига ёшларнинг жалб этилишини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш бўлди.

Муҳокама доирасида рақамлаштиришнинг иштирок шаклларига таъсири, ёшларнинг хулқ-атвор стратегияларидаги тафовутлар, жалб этишдаги тўсиқлар ва ёшлар ижтимоий ўзгаришларнинг драйвери сифатида майдонга чиқиши жоиз бўлган шароитлар каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мунозарада замонавий ёшлар амалиётлари икки тарафлама динамика билан тавсифланиши аниқланди. Бир томондан, волонтёрлик, таълим ва локал ташаббуслардаги иштирокда намоён бўладиган ижтимоий фаоллик сақланиб қолмоқда. Бошқа томондан, шахсий мақсадлар, мартабада ўсиш ва профессионал ривожланишга қаратилган индивидуаллашув тенденцияси кучайиб бормоқда.

Экспертлар бу ерда гап ёшлар фаоллигининг пасайиши ҳақида эмас, балки унинг шаклларидаги трансформация тўғрисида бораётганини таъкидладилар. Ёшлар тобора кўпроқ ҳолларда ижтимоий иштирокни ривожланишнинг шахсий стратегиялари билан мужассамлаштиришга имкон берадиган мослашувчан, қисқа муддатли ва натижадорликка йўналтирилган иштирок шаклларини танламоқдалар. Натижада жамоавий иштирок ва индивидуаллашув элементларини бирлаштирган аралаш модель шаклланмоқда.

Институционал ва маданий омилларнинг таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон шароитида оила, маҳалла ва ижтимоий ташкилотнинг анъанавий шакллари муҳим роль ўйнайди, бунда рақамли муҳит офлайн-амалиётларни бутунлай сиқиб чиқармасдан, жалб этилганликнинг қўшимча каналига айланмоқда.

Муҳокама давомида, шунингдек, ёшлар иштирокини ривожлантиришнинг эҳтимолий сценарийлари ҳам аниқланди. Фаолликнинг онлайн ва офлайн шакллари мужассамлигини, шунингдек, амалий аҳамият ва сезиларли натижаларга эга бўлган лойиҳаларда ёшларнинг танлов асосидаги иштирокини назарда тутувчи гибрид сценарий реалликка энг яқин, деб тан олинди.

Тадбирнинг энг асосий хулосаси ёшлар хулқ-атворининг трансформацияси ижтимоий фаолликнинг йўқолиши билан эмас, балки унинг шакллари ўзгариши билан боғлиқлигини англаш бўлди. Бундай шароитда давлат ва жамоат институтларини иштирокнинг янги моделларига мослаштириш, жалб этишнинг мослашувчан механизмларини ривожлантириш ва рақамли воситаларни интеграциялаш энг муҳим вазифа бўлиб қолади.