3

ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ЭНГ МУҲИМ МЕЗОНИ

2026 йил 25 июн куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида «Жамият ҳаётининг асосий соҳаларида коррупциянинг тарқалганлик даражаси ва унга қарши курашиш самарадорлигининг фуқаролар томонидан баҳоланиши» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат ва жамият тараққиётининг муҳим шартларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Коррупциянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга, давлат бошқаруви самарадорлигига ва фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига таъсирини чуқур ўрганиш, аҳолининг мазкур муаммога муносабатини мунтазам таҳлил қилиб бориш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, жамоатчилик фикрини ўрганиш коррупцияга қарши сиёсат самарадорлигини баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишнинг муҳим механизми сифатида аҳамият касб этмоқда.

Давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раҳимова Нигина Хайруллаевна ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик, ёшлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Баҳром Бурханитдинов семинар ишига муваффақият тиладилар. Улар ўз чиқишларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни ривожлантиришнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш ва ҳисобга олиш давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Тадбирнинг асосий қисмида «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари томонидан коррупциянинг тарқалганлик даражаси, унга қарши курашиш самарадорлиги ва аҳолининг мазкур масалага муносабатини акс эттирувчи социологик тадқиқот натижалари тақдим этилди.

Хусусан, Марказнинг Стратегик тадқиқотлар департаменти раҳбари Таджибаев Азизбек Баходир ўғли «Жамоатчилик фикри коррупциянинг тарқалганлик даражаси, унинг сабаблари ва намоён бўлиш шакллари ҳақида» мавзусида маъруза қилди. Маърузада аҳолининг коррупциянинг турли соҳалардаги тарқалганлиги ҳақидаги тасаввурлари, унинг келиб чиқиш омиллари, коррупциявий ҳолатларнинг намоён бўлиш шакллари ҳамда фуқаролар томонидан мазкур муаммонинг ижтимоий хавфи қандай баҳоланаётганлиги хусусидаги тадқиқот натижалари таҳлил қилинди.

Марказнинг Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Халикова Умида Муҳамаджоновна «Жамоатчилик фикри - коррупцияга қарши сиёсат самарадорлигининг индикатори сифатида» мавзусида маъруза қилиб, аҳолининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатига берган баҳолари, қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва жамоатчилик ишончининг шаклланиш тенденцияларига тўхталиб ўтди.

Марказнинг CATI тадқиқотлар бўлими бошлиғи Бобоев Шерзод Норқузиевич «Фуқароларнинг коррупцион вазиятлар билан боғлиқ шахсий тажрибаси таҳлили» мавзусида маъруза қилди. Унда фуқароларнинг коррупциявий ҳолатлар билан бевосита тўқнаш келиш тажрибаси, бундай вазиятларга муносабати, мурожаат қилиш амалиёти ҳамда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш билан боғлиқ омиллар юзасидан олинган маълумотлар тақдим этилди.

Марказнинг Математик моделлаштириш ва таҳлил бўлими бош таҳлилчиси Исламбаев Равшанбек Исламбай ўғли «Давлат бошқаруви ва коррупция хавф-хатарлари Ўзбекистон фуқароларининг идрокида» мавзусида маъруза қилди. Маърузада давлат бошқаруви тизимида коррупция хавфларининг аҳоли томонидан қандай қабул қилиниши, турли соҳаларга нисбатан ишонч даражаси, коррупция хавфларини камайтиришга хизмат қилувчи омиллар ҳамда жамоатчилик фикри асосида шаклланган баҳолар таҳлил қилинди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.