20.05.2026
5
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ФАРОВОН ОИЛА МОДЕЛИ: МИЛЛИЙ ТАЖРИБА, ИЛМИЙ ТАҲЛИЛ ВА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР” ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 19 май куни Тошкент шаҳридаги “Ренессанс” кино уйида “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан ташкил этилди.
Халқаро конференция оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, демографик барқарорликни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда рақамли трансформация шароитида фаровон оила моделини шакллантиришнинг замонавий механизмларини муҳокама қилишга бағишланди. Анжуман давлат ташкилотлари, халқаро институтлар, илмий-тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ва эксперт доиралари ўртасидаги конструктив мулоқот ва тажриба алмашувининг муҳим платформасига айланди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сенатори Кадирханова Малика Акбаровна, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Нурматова Мукаррам Ахмедовна, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл, ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде, ЮНИСЕФ, ХМТнинг Ўзбекистондаги катта координатори Юрий Штерк, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман), юридик фанлари доктори Эшматова Феруза Фарходовна ҳамда қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманнинг очилиш қисмида оила институтини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, инсон капитали ва барқарор жамият ривожида оиланинг стратегик аҳамиятига доир муҳим фикрлар билдирилди. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя ва гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Конференция доирасида тўртта йирик тематик сессия ташкил этилди. Биринчи сессия “Оила институтининг барқарор ривожланиши ва фаровон оила моделини шакллантиришнинг ҳуқуқий-институционал асослари” мавзусига бағишланиб, унга “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Рахимова Нигина Хайруллаевна модераторлик қилди.
Сессия давомида оила институтининг жамият барқарорлигидаги ўрни, рақамли муҳитда оилавий муносабатларнинг трансформацияси, ижтимоий ҳимоя ва ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда оилавий қадриятларни сақлашнинг инновацион ёндашувлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ҳиндистоннинг Алигарҳ Муслим Университети профессори, г.ф.д.. Муҳаммад Суҳаил – Рақамли Маҳалла: Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги анъанавий қадриятларни сақлаш учун “Ақлли оила модели”ни интегратсиялаш мавзусида маърузаси билан иштирок этиб, “Ақлли оила модели” концепцияси орқали рақамли муҳитда ёшлар ўртасида анъанавий қадриятларни сақлаш масалаларига тўхталди. ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий идорасининг гендер ва ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси, PhD Anna Jenderedjian қишлоқ аёллари ва қизларининг барқарор ривожланишдаги ўрни ҳақида маъруза қилди. Болгариялик профессор “Святой Климент Охридский” номидаги София университети сиёсий фанлар доктори Татяна Дронзина эса оилавий медиацияда рақамли технологиялар ва интегратив ёндашувларнинг аҳамиятини илмий таҳлил қилди.
Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети профессори Бурханова Лейла Мариусовна Ўзбекистон Республикасида никоҳ шартномаси институтини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденсиялари ҳақида, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, ю.ф.д., профессор Одинаев Адҳам Саъдуллаевич - оиладаги зўравонлик ва жиноятларга қарши курашишда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари хусусида маъруза қилди.
Иккинчи сессияда глобаллашув шароитида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда фаровон оилани таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ёндашувлар мавзусида бўлиб ўтди. Унда Миср, Буюк Британия ва Ўзбекистон олимлари томонидан рақамли даврда оила институтининг янги ижтимоий-психологик ва маънавий чақириқлари ҳақида фикрлар билдирилди.
Учинчи сессия демографик барқарорликни таъминлаш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланиб, халқаро экспертлар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, гендер тенглиги, оилавий фаровонлик ва аҳоли таркибидаги ўзгаришларга доир таҳлилий маърузалар тақдим этилди. Хусусан, Гана, Беларус ва Хитой экспертлари рақамли иқтисодиёт, демографик жараёнлар ва оила институтининг трансформатсиясига оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Тўртинчи сессияда эса оилада гендер тенглигини таъминлаш ва оила-иш мувозанатини қўллаб-қувватлаш механизмлари масалалари кўриб чиқилди. Туркия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар олимлари томонидан оилавий муносабатларда мулоқот маданияти, гендер тенглиги ва оилага дўстона сиёсат юзасидан илмий таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро конференция оила институтини мустаҳкамлаш, инсон қадри ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий жамиятда фаровон оила моделини шакллантиришга қаратилган илмий ва амалий ёндашувларни интеграция қилишда муҳим аҳамият касб этди.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилаётган сотсиологик тадқиқотлар ҳам мамлакатда оила, гендер муносабатлари, ижтимоий ҳимоя, демографик жараёнлар ва жамоатчилик фикри динамикасини комплекс ўрганиш орқали давлат ва жамият ривожининг устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилмоқда.

