178

ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ СЎРОВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ УСУЛ ВА МЕТОДИКАСИ

Ривожланишнинг ҳозирги босқичида жамоатчилик фикри сўровлари фуқаролик жамиятининг энг муҳим воситасига айланди, улар фуқароларнинг ижтимоий кайфияти ва хоҳиш-истакларини акс эттиради, ҳокимият ва бошқарув органларига мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, бизнес ва ижтимоий соҳасида тўғри қарорлар қабул қилинишида ёрдам беради. Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг кўп йиллик тажрибаси инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатни тасдиқлайди – фуқароларнинг фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни ривожлантириш мамлакатимиз ижтимоий тизимида инсоннинг роли ва ўрни ортиб бориши муносабати билан, ҳар бир кишининг фикри нафақат илмий қизиқиш уйғотиши, балки ижтимоий тараққиётнинг мақсад ва йўналишларини танлашда ҳам амалий аҳамиятга эгалиги туфайли долзарблашмоқда.

Мамлакат социологиясида объектив ва репрезентатив маълумотларни олиш учун жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиш методологияси ва методикаси фаол равишда такомиллаштирилмоқда, замонавий Ўзбекистон тараққиётининг долзарб масалалари: фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланиши, фуқаролар ижтимоий кайфиятининг асосий хусусиятлари, жамиятнинг жипслашуви ва фуқаролик фаоллиги, халқнинг ҳокимият органларига бўлган ишонч даражаси ва аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш бўйича ҳукумат кўраётган чора-тадбирларини баҳолаш жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда.

Илмий асосланган жамоатчилик фикри сўровлари жамият ва ҳукумат ўртасидаги қайтар алоқа механизмининг самарали воситаларидан бири ҳисобланади ва у мамлакат раҳбариятига мавжуд вазиятга мос ҳолда ўз вақтида ва мувофиқлаштирилган қарорлар қабул қилиш имконини беради. Юқорида баён этилганларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, айтиш керакки, амалий социологиянинг устувор вазифаси жамоатчилик фикрини тезкор ўрганиш ва социологик ахборотлардан фойдаланишдан манфаатдор давлат органлари ва сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари ва тижорат компанияларига мамлакатда содир бўлаётган долзарб воқеаларга Ўзбекистон жамиятининг муносабати тўғрисида батафсил ва ишончли маълумотларни тақдим этишдан иборатдир.

Ҳозирги кунда республиканинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишида чуқур таркибий ўзгартиришлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантириш стратегияси” ҳамда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган давлат ва жамият қурилиши стратегиясига, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига янгича назар, мамлакатимизни янгилаш бўйича аниқ ҳаракатлар дастури жамоатчилик фикрини ўрганишнинг асосий жиҳатларини ва социологик тадқиқотларнинг бош йўналишларини белгилаб берди, уларнинг холис ва ишончлилиги социологик тадқиқотлар услубий материалларининг илмий асосланганлиги, аниқлиги ва сифатига боғлиқдир.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан олиб борилаётган илмий-услубий ишлар доирасида ихтисослашган бўлимлар мутахассислари томонидан замонавий шароитларда жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиш бўйича туркум услубий қўлланмалар тайёрланди.

  1. Сизнинг эътиборингизга “Интервьюерларни танлаш, тайёрлаш ва уларнинг иш сифатини назорат қилиш” услубий қўлланмаси ҳақидаги қисқача маълумот тақдим этилмоқда. Муаллифлар - Хаджимухамедов M.K., Сеитов M.Ш.

Ушбу услубий қўлланмада социологик сўров ўтказиш учун интервьюерларни танлаш ва тайёрлаш масалалари, шунингдек, уларнинг иш сифати назоратини ташкил этиш жараёни кўриб чиқилади. Қўлланмада жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиш бўйича маҳаллий ва хорижий амалиётда қўлланиладиган барча қоидалар мажмуи, шунингдек, “Ижтимоий фикр” Марказининг хусусий тажрибаси тақдим этилган.

Услубий қўлланма амалиётчи интервьюерлар, социологлар, ўқитувчилар, талабалар, магистрантлар ва бошқалар учун мўлжалланган. 

  1. Сизнинг эътиборингизга “Жамоатчилик фикри сўровларини ўтказишда умуммиллий репрезентатив танловни шакллантириш методикаси” услубий қўлланмаси ҳақидаги қисқача маълумот тақдим этилмоқда. Муаллифлар - Бокун И.M., Решетников И.В., Кузнецова A.В.

Ушбу ўқув-услубий қўлланмада социологик сўровлар танловини лойиҳалаш, амалга ошириш ва назорат қилишнинг асосий замонавий хорижий ва маҳаллий концепциялари баён қилинган, танловга энг муҳим услубий ёндашувлар, ушбу концепциялар ва ёндашувларнинг амалиётга татбиқ этилиши намоён бўлган амалий мисоллар тақдим этилган.

Услубий қўлланма амалиётчи интервьюерлар, социологлар, ўқитувчилар, талабалар, магистрантлар ва бошқалар учун мўлжалланган. 

  1. Эътиборингизга “Express Modus” бўлими томонидан тадқиқотларни ўтказиш бўйича услубий қўлланма” ҳақидаги қисқача маълумот тақдим этилмоқда. Муаллифлар - Алексеева В.С., Сеитов M.Ш., Муратов Т.Р., Таджибаев А.Б.

Ушбу услубий қўлланмада телефон сўрови орқали амалга оширилган социологик тадқиқотни тайёрлаш, ўтказиш ва натижаларини тақдим этишнинг асосий масалалари кўриб чиқилади. Социологик тадқиқотларни ўтказиш босқичлари: тадқиқот дастури ва саволномасини ишлаб чиқиш, танлов, CATI муҳаррири билан ишлаш, рақамларни генерациялаш жараёни, олинган маълумотларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш батафсил ёритилган.

Услубий қўлланма социологик тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланадиган мутахассислар, социология йўналишида таҳсил олаётган бакалавриат ва магистратура талабалари, докторантлар ва изланувчилар, шунингдек, носоциологик йўналиш ва ихтисосликларнинг мутахассислари учун мўлжалланган. 

  1. Сизнинг эътиборингизга “Онлайн тадқиқотларни лойиҳалаш ва амалга ошириш” услубий қўлланмаси ҳақидаги қисқача маълумот тақдим этилмоқда. Муаллифлар - Бокун И.M., Решетников И.В., Кузнецова A.В.

Ушбу услубий қўлланмада социологик онлайн тадқиқотларни ўтказишда фойдаланиладиган асосий замонавий ахборот ёндашувлари, Интернет орқали ўтказиладиган онлайн тадқиқот усуллари кўриб чиқилади. Нашрда бугунги кунгача ушбу тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишнинг барча босқичлари бўйича ишлаб чиқилган пилот услубий ёндашувлари мавжуд.

Қўлланмада оммавий, гуруҳий ва экспертлик сўрови каби уч турдаги онлайн сўровларни ўтказиш бўйича амалий мисоллар келтирилган.

БАТАФСИЛ...