29.04.2025
42
Жорий йилнинг 29–30 апрель кунлари Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирлар ўтказилди. Ушбу сана муносабати билан тузилган расмий дастур Ўзбекистон ва Россиянинг давлат, фан ва таълим соҳасидаги етакчи арбоблари иштирокида юқори савияда ташкил этилди. Шунингдек, мазкур тадбир давлат ва жамоатчилик доиралари, илмий жамоа ва халқаро ҳамкорлар иштирокида катта шукӯҳ билан нишонланди.
Тадбирни Тошкент филиали директори, академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов расман очиб берди. У ўз нутқида таълим ва фан соҳасидаги ютуқлар, кадрлар тайёрлашдаги халқаро ҳамкорлик ва рақамли трансформация йўлида эришилган натижалар ҳақида алоҳида тўхталди.
Шунингдек, тадбир доирасида қатор расмий ва илмий-амалий учрашувлар ташкил этилди. Хусусан:
- Г.В.Плеханова номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори ҳамда И.В.Лобанов ва проректори В.Г. Минашкинлар тантанали табрик нутқлари;
- Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси О.С. Мальгинов;
- Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокидаги расмий табрик нутқлари юқори даражада ўтди.
Тадбирда "Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Нигина Рахимова ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Мансур Сеитовлар иштирок этди. Улар Тошкент филиали жамоасига самимий табриклар йўллаб, таълимда жамоатчилик фикрининг ўрни, институтлараро мулоқот ва ислоҳотлар жараёнидаги ролини алоҳида қайд этдилар.
Тадбир дастури доирасида сунъий интеллект соҳасидаги Илғор муҳандислик мактабининг очилишига бағишланган рамзий “ПУСК” тугмасини тантанали босиш маросими амалга оширилди.
Илмий блок доирасида халқаро мутахассислар ва экспертлар қатнашган қатор муҳим тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, тадбирда “Иқтисодиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш: банк-молия соҳаси таҳлили” номли давра суҳбати бўлиб ўтди ва шу соҳадаги долзарб муаммолар ҳамда истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмонлар учун университет экспозициялари ва кутубхона нашрлари намойиш этилди, илмий-амалий анжуманлар, мастер-класслар ва маданий дастурлар ўтказилди.
Бугун Плеханов университетининг Тошкент филиали нафақат иқтисодий билимлар маркази, балки халқаро даражада тан олинган илмий-инновацион майдон сифатида фаолият кўрсатмоқда. Юбилей тадбири эса ушбу йўлдаги илмий, таълимий ва стратегик тараққиётнинг муҳим босқичи сифатида тарихга муҳрланди.