28

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ ЧОРРАҲАСИ: ИСЛОҲОТЛАР, КАПИТАЛ ВА ИМКОНИЯТЛАР

Бу йилги Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакат иқтисодий тараққиётининг навбатдаги босқичини белгилаб берган муҳим мулоқот майдони бўлди. Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ривожланишининг устувор йўналишлари, инвестиция сиёсати ва янги иқтисодий имкониятларга оид қатор ташаббуслар илгари сурилди. Уларда иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бир қаторда инсон капитали, ҳудудий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида урғу берилди.

Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар орасида яшил энергетикани ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат кооперациясини кучайтириш, туризм салоҳиятини ошириш ва замонавий агробизнесни ривожлантириш масалалари марказий ўрин эгаллади. Бу йўналишларнинг ҳар бири мамлакатнинг рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Бироқ ҳар қандай ислоҳотнинг амалий натижаси фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки аҳолининг унга муносабати, ишончи ва иштирок даражаси билан ҳам белгиланади. Шу нуқтаи назардан жамоатчилик фикрини ўрганиш тизими стратегик аҳамият касб этади.

Бугунги кунда социологик тадқиқотлар давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг самарали воситасига айланиб бормоқда. Фуқароларнинг инвестиция сиёсати, тадбиркорлик муҳити, рақамли хизматлар сифати, экологик ташаббуслар ёки туризм инфратузилмаси ҳақидаги фикрлари ислоҳотларнинг реал таъсирини баҳолаш имконини беради.

Хусусан, яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида аҳолининг экологик маданияти ва энергия тежамкор технологияларга муносабатини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Рақамли трансформация шароитида эса фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан қониқиш даражаси, рақамли кўникмалари ва ахборот хавфсизлиги бўйича қарашлари долзарб аҳамият касб этади.

Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган қарорларнинг самарадорлиги тадбиркорлар ва аҳолининг иқтисодий кутилмалари орқали намоён бўлади. Туризм соҳасида эса маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг баҳолари хизматлар сифатини ошириш бўйича муҳим ахборот манбаи ҳисобланади.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчилик фикри мунтазам ўрганиб бориладиган давлатларда қабул қилинаётган қарорларнинг манзиллилиги ва самарадорлиги юқори бўлади. Чунки социологик тадқиқотлар орқали аҳолининг реал эҳтиёжлари, кутилмалари ва муаммолари аниқланади.

Президент томонидан белгиланган олти устувор йўналишнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам айнан шу омил билан чамбарчас боғлиқ. Жамоатчилик фикрини ўрганиш эса ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш ва давлат қарорларининг ижтимоий таъсирини аниқлашда муҳим инструмент бўлиб хизмат қилади. Шу маънода социологик тадқиқотлар мамлакат тараққиётининг муҳим интеллектуал ресурси сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.