29.09.2026
11
БУТУНЖАҲОН ТУРИЗМ КУНИ: СОҲА РИВОЖИ ФУҚАРОЛАР БАҲОСИДА
27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм куни. Бу сана туризм соҳасини ривожлантириш, маданий ва тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда Ўзбекистоннинг ноёб туристик салоҳиятини тарғиб этишга ўз меҳнати билан ҳисса қўшаётган барча соҳа вакилларининг байрамидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларига йўллаган табригида мазкур соҳанинг мамлакат иқтисодиётидаги, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда соҳа олдига туризм ва транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар қўйилган.
Туризм соҳасини янада ривожлантиришда аҳолининг эҳтиёжлари, қизиқишлари ва кутилмаларини инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистонда ички туризмнинг бугунги ҳолати ва фуқароларнинг ушбу йўналишдаги қарашларини ўрганишга қаратилган социологик тадқиқот ўтказди.
Сўров натижаларига кўра, сўнгги уч йил давомида респондентларнинг 42,6 фоизи дам олиш, туризм ёки саёҳат мақсадида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига сафар қилган. Бундай сафарларга чиқмаганлар орасида эса 28,4 фоиз респондент мамлакат ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш истагини билдирган. Бу ички туризмга қўшимча қизиқиш мавжудлигини кўрсатади.
Дам олиш учун энг кўп танланадиган йўналиш — Самарқанд вилояти (42,4%). Шунингдек, Бухоро вилояти (23,8%) ва Тошкент шаҳри (23,7%) ҳам саёҳат учун энг кўп танланадиган йўналишлар сирасига киради. Фуқаролар сафарнинг асосий мақсади сифатида, аввало, дам олиш ва муҳитни ўзгартиришни (48,3%), шунингдек, тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлар билан танишишни (28,7%) қайд этган.
Тадқиқот фуқаролар туризмнинг қайси йўналишларини келгусида ривожлантиришни устувор деб билишини ҳам кўрсатди. Респондентлар энг кўп оилавий туризмни — 36,1%, маданий-тарихий туризмни — 31,3%, табиий ва экологик туризмни — 29,3%, санаторий-соғломлаштириш туризмини — 28,5% ҳамда зиёрат туризмини — 24,2% устувор йўналишлар сифатида қайд этдилар.
Олинган маълумотлар ички туризмни янада ривожлантириш нафақат туристик инфратузилмани кенгайтириш ва янги йўналишларни яратиш, балки саёҳатларнинг аҳоли учун қулайлигини ошириш, ҳудудларнинг туристик имкониятлари ҳақида фуқароларнинг хабардорлигини кучайтириш ҳамда турли ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиш билан ҳам бевосита боғлиқ эканини кўрсатмоқда.
Ушбу байрам куни «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази туризм соҳаси ходимлари, туроператорлар, гидлар, меҳмонхона бизнеси, маданият, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини Бутунжаҳон туризм куни билан самимий муборакбод этади!
Барчангизга янги профессионал ютуқлар, муваффақиятли лойиҳалар ва Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳиятини янада кенг намоён этишда улкан зафарлар тилаймиз!


