28.09.2021
381
1 октябрь мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу байрам ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан бизга билим ва қобилият берган ҳамда доимо маслаҳатгўйимиз бўлган азиз устоз ва мураббийларга бағишланади.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилаётган мониторинг тадқиқотлари натижаларининг далолат беришича, билим ўрганиш ва маълумот олиш ёшларнинг ҳаётий қадриятлари тизимида муҳим ўрин эгаллайди.
Меҳнат бозорида рақобатбардош ва талабгир бўлиш учун яхши маълумот олиш кераклигини ёшларимиз чуқур англайдилар. Ёшларнинг қатъий ишонишларича, айнан билим ва олинган маълумот ҳамда устоз ва мураббийларнинг ўгитлари уларга ҳаётда ўз ўрнини топишга, профессионал фаолиятда ютуқларга эришишга, жамиятда ўзини ишонч билан дадил тутишга ва эзгу мақсадлар сари интилишда янги стратегиялар ишлаб чиқишга имкон беради.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мамлакатимизнинг барча ўқитувчилари ва мураббийларини қутлуғ байрам билан қизғин муборакбод этади. Сиз, азиз устозларнинг мураккаб ва айни пайтда шарафли фидокорона меҳнатингиз, ўсиб келаётган ёш авлод тўғрисидаги беқиёс ғамхўрлигингиз ва юқори касб маҳоратингиз энг эзгу орзу-умидларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ўқитувчилар ва мураббийлар!