323

2021 йил 29-30 сентябрь кунлари Тошкентда Иқтисодий форум бўлиб ўтди, унда 1300 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий иқтисодчилар, ҳамкор мамлакатлар ва халқаро молиявий институтлар, йирик банклар ва инвесторлар, консалтинг ва аудитор компаниялари вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, компаниялар ва бошқа хорижий ҳамкорлар томонидан глобал ташаббус ва ғояларни муҳокама қилиш ҳамда амалга ошириш марказига айланди.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларининг далолат беришича, 74,4% фуқароларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун янги имкониятларни яратиш, бизнес юритиш учун шарт-шароитларни соддалаштириш бўйича катта ишлар қилинди. Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг тармоқларига маъмурий таъсирни камайтириш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш, валюта бозорини эркинлаштириш ва хусусий мулкнинг устувор ролини кучайтириш бўйича дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
  Жамоатчилик фикри сўрови давомида 64,9% фуқаролар ҳозирги вақтда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятига уйғунлашаркан, иқтисодиётда бурилиш ясаганлигини қайд этдилар. Сўров иштирокчиларининг фикрича, Ўзбекистон ҳамда яқин ва узоқ хориж мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш ишида жиддий натижаларга эришилди. Фуқароларнинг ҳисоблашича, мамлакатда ўтказилаётган сиёсат минтақа ва дунё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиё давлатлари билан минтақанинг транспорт-логистика соҳасидаги ривожланишига ёрдам бермоқда. Иштирокчиларнинг алоҳида қайд қилишларича, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалари Марказий Осиё билан чекланиб қолмаяпти, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари, ХХР, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, БАА ва Евроиттифоқ давлатлари билан фаол ҳамжиҳатлик қилмоқда. Сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, Ўзбекистон БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси, Ислом ривожланиш банки билан алоқаларини фаоллаштирди.
  “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар натижалари шуни тасдиқлайдики, мамлакатнинг кўпчилик фуқаролари иқтисодий соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар билан йирик халқаро лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва инвестицияларнинг жалб этилишига мақбул шароитлар яратилаётганлигига ишонадилар, зеро, бу мамлакатимиз – Янги Ўзбекистон тараққиётида янги давр бошланганлигининг ёрқин ифодасидир.