01.12.2020
474
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон жамияти ҳаётининг энг долзарб масалалари бўйича мунтазам равишда социологик тадқиқотлар, сўровлар ўтказиш орқали республика аҳолисининг фикрини ўрганиб келади. Ушбу социологик сўровлар натижалари Марказ мутахассислари томонидан илмий жиҳатдан таҳлил қилинади ва ахборот-таҳлилий маълумотномалар тайёрланади, керакли тавсия ҳамда хулосалар ишлаб чиқилади.
Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари комиссиясининг иш режаси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Нафосат” фестивали бўлиб ўтмоқда. Фестивалда хотин-қизларнинг ташқи кўриниши, кийиниш маданиятини миллий қадриятларимиз асосида тарғиб этиш режалаштирилган.
Комиссиянинг буюртмасига асосан “Нафосат” фестивали доирасида кийиниш маданияти мавзусида республика ёшларининг фикрини ўрганиш ҳам режалаштирилган. Хозирда “Ижтимоий фикр” Маркази ушбу сўровни ўтказишни бошлади. Мазкур социологик сўровда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этишлари мўлжалланган.
Ўйлаймизки, ушбу сўровда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар бўйича Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқиладиган илмий хулоса ва тавсиялар жамиятимиз ҳаётида ёшларимиз тарбияси ва уларнинг кийиниш маданиятини миллий қадриятларимиз асосида тарғиб этишга хизмат қилади.