494

Ўзбек миллий кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган “Нафосат-2020” фестивали Республикамизнинг турли вилоятларида олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур фестиваль жорий йилнинг 10-12 декабр  кунлари гуллар шаҳри Наманганда бўлиб ўтди.

Наманган аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этиш мақсадида ташкил этилган “Нафосат-2020” фестивалининг асосий тадбирлари 12 декабрга қадар Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси ташаббуси билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалнинг илк кунида маҳаллий ёш дизайнерлар ўртасида миллий ва замонавий андозаларни чизиш бўйича “Ёш дизайнерлар” танлови, Наманган ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчилари иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда қатнашган барча ёш иштирокчиларнинг кийиниш маданияти мавзусида фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида “Ижтимоий фикр” Маркази томонидан ижтимоий сўров ўтказилди.

Ҳозирда “Ижтимоий фикр” Маркази “Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри” мавзусида сўровни масофавий тарзда ҳам ўтказмоқда. Мазкур социологик сўровда 18 дан 35 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этишлари мўлжалланган.

Ишончимиз комилки, “Нафосат-2020” фестивали доирасида ўтказилаётган тадқиқот  натижаси асосида Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқиладиган илмий хулосалар тавсия хусусиятига эга бўлиб, виждон ва эътиқод эркинлиги асосида халқимизга мос кийиниш маданиятини тарғиб қилишга, ҳамда миллий кийимларнинг замонавий услубдаги андозаларини яратиш, турли соҳаларда фаолият юритаётган аёлларнинг кийиниш услуби борасида тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилади. 

"Ижтимоий фикр" Маркази Сизни "Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри" мавзусидаги сўровимизда иштирок этишга таклиф этади.

СЎРОВДА ИШТИРОК ЭТИШ