477

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан жамиятимиз ҳаётининг долзарб мавзуларида ўтказилиб келинаётган социологик тадқиқотлар натижалари кўрсатиб турганидек, бугунги халқимиз кечаги халқ эмас. Унинг ўз фикри, дунёқараши ва нуқтаи назари бор. 

Шу боисдан ҳам мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини интиқлик билан кутганлари аниқ. Чунки заҳматкаш халқимиз 2020 йилнинг мураккаб шароитидан, бу йилги барча синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқмоқда. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларига кўра, Ўзбекистон халқи ўзининг ҳаёти ва тақдири, келажаги Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур ҳис қилади ва ўз Президентига ишонади. Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Буни нафақат жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, балки бутун дунё аҳли эътироф этмоқда.

Мурожаатномада халқимизнинг ёруғ истиқболи ҳамда мамлакатнинг кенг равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди, 2021 йил учун ҳар қачонгидан ҳам улкан марралар олинди. Президентимиз ўзига хос қатъият ва дадиллик билан “...ўз олдимизга қўйган марраларга эришиш учун бизда табиий ресурслар ҳам, куч ва имкониятлар ҳам, салоҳият ҳам етарлидир” дея эълон қилганида, Президентнинг азму шижоати, ғайрати ва эртанги кунга мустаҳкам ишончи бутун залга кўчди, барча иштирокчилар қатори мен ҳам ғоят тўлқинланиб кетдим.

Дарҳақиқат, бугун биз Президентимиз таъкидлаганларидек, эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур. Мурожаатномада белгиланган ғоят муҳим вазифаларни амалга оширишда асосий талаб давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу жараёнда натижадорлик ва сифатни оширишдан иборат.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази раҳбарияти ҳам Президент Мурожаатномасида белгиланган улкан вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва такомиллаштириш ишида янгича босқич ва тараққиёт даражасига эришиш, социология соҳасидаги фаолият даражасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради.

Бугунги мураккаб шароитда, юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлашда фаол иштирок этиш барча-барчанинг, жумладан, Марказимиз жамоасининг ҳам энг асосий вазифаси бўлиб қолади.

2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва халқ саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганлиги эса улкан вазифалар ижросини таъминлаш бўйича устуворликлар тўғри ва аниқ белгиланганининг ёрқин намойиши бўлди.