644

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри - 2020” мавзусида комплекс социологик тадқиқот ўтказди. Унда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳақида фуқароларнинг фикри ўрганилди, ўзбекистонликларнинг ижтимоий кайфияти ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг асосий соҳаларида эришилган натижалардан аҳолининг қониқиш даражаси аниқланди.

Жамоатчилик фикрининг комплекс сўрови бевосита юзма-юз сўров, телефон сўрови ва Интернет тармоғида ўтказилган сўровлар орқали амалга оширилди.

Сўровда мамлакатнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта ёшдагилар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари иштирок этдилар, бу эса олинган натижаларнинг юксак даражадаги ишончлилигини таъминлади.

2020 йил якунлари бўйича ўтказилган жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, ўтаётган йил  мамлакат ва жамият учун, ҳар бир ўзбекистонликнинг оиласи учун синов бўлди, кўпчилик томонидан у мисли кўрилмаган мураккаб йил сифатида қабул қилинмоқда, фуқаролар «унинг тезроқ тугаши» истагини ҳис қилмоқдалар, лекин дуч келинган барча муаммолар ва қийинчиликларга қарамасдан, сўров иштирокчиларининг фикрича, бу йил «кутилган даражада ёмон йил бўлмади», асосий кўпчиликнинг ҳаёти бир маромдаги изга тушди. Коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларга қарамасдан, 61,3% фуқаролар мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий аҳволни ижобий баҳоладилар ҳамда мамлакат раҳбарияти қабул қилаётган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз фаолият кўрсатиши ва иқтисодиётнинг барқарорлиги таъминланаётганини таъкидладилар. Сўров иштирокчилари  ўтказилаётган кенг кўламли иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар мамлакатни янада ривожлантиришга, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга,  иқтисодиётни эркинлаштиришга, мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини ривожлантиришга, саноат ва аграр секторни модернизациялашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга ёрдам беришига ишонадилар. 

 Жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, мамлакат фуқароларининг кўпчилиги (74,6%) мамлакат Президентининг ижтимоий-иқтисодий ташаббусларида устуворлик касб этган ва фуқароларнинг фаровонлигини оширишга, ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришга, камбағалликка қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида аҳамият берадилар. Сўров иштирокчиларининг қайд этишларича, аҳолининг фаровонлигини ошириш бўйича  чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистонда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – бизнинг келажагимиз”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари самарали амалга оширилмоқда, улар ҳаётни ижобий томонга ўзгартириб, фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятларни тақдим этмоқда.

Сўров жараёнида 65,6% фуқаролар давлатнинг  тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида Ўзбекистон ҳамда яқин ва олис хориж мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни, дўстона ва яхши қўшничилик мунсабатларини сақлаб қолишни, ўзаро фойдали мулоқотни таъминлашни  ривожлантиришга ва янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларини юқори баҳоладилар.

Сўровда аниқланишича, 63,2% фуқаролар шаҳар ва қишлоқларнинг ободонлаштирилишини,  йирик автомагистраллар, ички йўллар ва пиёдалар йўлакчалари  қурилишини ва уларнинг таъмирланишини, йўлларга туташ ҳудудларнинг ободонлаштирилиши ва кўкаламзорлаштирилишини, ёритиш тизимининг ташкил этилишини,  болалар боғчалари, мактаблар, тиббиёт, спорт ва маданият муассасаларининг реконструкцияланиши ва  ва таъмирланишини муҳим ютуқ деб ҳисоблайдилар. Сўров иштирокчиларининг алоҳида қайд этишларича, ҳозирги вақтда мамлакатда, йирик миқёсли қурилишлар амалга оширилмоқда, жумладан,  якка тартибдаги ва кўп қаватли турар-жойлар ва мажмуалар,  ички йўллар,  ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси иншоотлари,  хизмат кўрсатиш жойлари қурилмоқда. Карантин чекловларига қарамасдан  Тошкент метросининг янги ерости ва ерусти йўллари, Адиблар хиёбони, замонавий тиббиёт марказлари, инфратузилма, таълим, фан, маданият иншоотлари ишга туширилганлигини сўров иштирокчилари алоҳида қайд этишди. Тарихий ўтмишга алоҳида ҳурмат-эҳтиром сифатида, сўров иштирокчилари Ғалаба боғи ва Шон-шуҳрат давлат музейининг очилиши муҳим ютуқ ҳисобланишини қайд этдилар, улар ватандошларимизнинг жанг майдонларидаги қаҳрамонликлари, ўзбекистонликларнинг фронт ортидаги заҳматли меҳнати ҳамда уларнинг мамлакатимиз ва дунё ҳамжамияти олдидаги тарихий хизматлари ҳақидаги хотира сифатида яратилган.

Сўров жараёнида 61,6% фуқаролар таълим, мамлакатдаги болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар ва лицейлар, институтлар ва университетлар моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши бўйича ижобий ўзгаришларни қайд этдилар. Респондентлар мактабгача таълим тизимида жиддий ўзгаришлар юз бераётганини, кейинги пайтда болалар боғчалари (жумладан, хусусий) сонининг кўпайганлигини алоҳида қайд этдилар. Сўров жараёнида фуқаролар «Замонавий мактаб» дастурининг жорий қилинганини,  янги олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли ОЎЮ филиалларининг очилганини қониқиш туйғуси билан таъкидладилар.  Сўров иштирокчиларининг қайд этишларича,  ушбу йилда  мамлакатнинг турли, айниқса, чекка минтақаларидаги иқтидорли йигит ва қизларнинг олий таълим олишини кенгайтиришнинг янги тизими жорий қилинди, улар учун ОЎЮда давлат грантлари асосида қўшимча ўринлар ажратилди. 

Мамлакатимиз, бутун дунё хавфли коронавирус инфекциясига қарши турган бир пайтда сўровда қатнашган 59,9% респондентлар мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг COVID-19 кенг тарқалишини бартараф этиш, мақбул санитар-эпидемиологик вазият ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, коронавирусга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш борасидаги муваффақиятларини қайд этишди. Сўров иштирокчилари  ўз касбий бурчларини қатъият ва садоқат билан бажараётган ва ҳар бир кишининг ҳаёти учун курашаётган врачлар ва тиббиёт ходимларининг қаҳрамонлигини алоҳида таъкидладилар.

Сўров  жараёнида 62,9% сўров иштирокчилари 2020 йилдаги мураккаб санитар-эпидемиологик шароитларга қарамасдан янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш муаммоларини ҳал қилиш ва фуқароларнинг реал даромадларини ошириш бўйича самарали чоралар кўрилганини қайд этдилар.

Қишлоқ хўжалигида,  56,9% респондентларнинг фикрича, ижобий ўзгаришлар юз берди, шу туфайли тармоқда ишлаб чиқаришнинг жадал ўсиши бошланди, фермерлар ва деҳқонларда ҳам ички, ҳам ташқи бозорларда талаб мавжуд бўлган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришдан манфаатдорлик, кичик ва ўрта бизнеснинг маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш ва қайта ишлаш тизимига жалб этилиши ўсди. Респондентларнинг фикрича, 2020 йилда қишлоқ хўжалигининг салоҳиятидан самарали фойдаланилиши  мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ва аҳоли фаровонлигини оширишга, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам берди. Коронавирус пандемияси қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатмади, экиш-тикиш ишлари ўз вақтида ўтказилди, йиғилган ҳосил ҳеч бир тўсиқларсиз истеъмолчиларгача етказиб берилди, экспортни кўпайтириш бўйича самарали чоралар кўрилди.

Тадқиқот натижаларини таҳлил қила туриб, таъкидлаш зарурки, жамоатчилик фикрида аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятига ижобий баҳолар устуворлик қилади. Масалан, мамлакатнинг 62,3% аҳолиси уларнинг ишини  «яхши» деб баҳолади, сўралганлардан учдан бир қисмининг ҳисоблашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини  «қониқарли» деб баҳолаш мумкин.

Ўтказилган сўровнинг кўрсатишича, 69,7% фуқароларнинг фикрига кўра,  коронавирус инфекцияси пандемияси мамлакатимизда касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда унинг фуқаролар ҳаёти ва соғлигига салбий таъсирини камайтириш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви  органларининг куч-ғайратларини жипслаштирди. Респондентларнинг ҳисоблашларича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз вақтида ва таъсирчан чора-тадбирлар кўришди, шу туфайли мамлакатдаги санитар-эпидемиологик вазият назоратга олинди, коронавирус хасталигига чалинган беморларга  ёрдам кўрсатиш учун ихтисослаштирилган ва карантин марказлари олдиндан тайёрлаб қўйилди,  дори-дармонлар,  тиббий ускуналар, сунъий нафас бериш аппаратлари заҳираси тайёрланди,  «тез ёрдам» хизматларининг  аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятлари кўпайтирилди, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш амалга оширилди. Айни пайтда 27,9% респондентлар коронавируснинг тарқалишига йўл қўймаслик ва пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини «қониқарли», деб баҳоладилар, сабаби ниқоблар етишмаган, беморларни даволаш учун зарур дори воситалари бўлмаган, «тез ёрдам» хизматлари тиббий хизмат кўрсатишга муҳтож фуқаролар оқимини бошқара олмаган ҳолатлар ҳам бўлди.

Тадқиқотнинг аниқлашича, COVID-19 пандемияси ва мамлакатда у билан боғлиқ карантин чекловларига қарамасдан корхоналар фаолиятини тиклаш бўйича амалга оширилган тизимли ишлар туфайли Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишига йўл қўйилмади. Давлат томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида асосий қисм аҳолининг даромад манбалари ва турмуш даражасини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Сўров жараёнида унинг  39,5% иштирокчилари 2020 йилда ўзларининнг моддий аҳволи ўзгармаганлигини, 5,7% респондентлар эса яхшиланганлигини қайд этишди.    38,5% сўралганларнинг жавобларига мувофиқ, уларга ушбу йилда кўпроқ куч-ғайрат сарфлашга тўғри келган бўлса-да, оилаларининг фаровонлиги аввалги даражада қолди.

Сўровнинг кўрсатишича, мамлакат фуқаролари давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, ҳар бир фуқаро ва умуман жамият ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга  қаратилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар Ўзбекистондаги ҳар бир оиланинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишига ишонадилар. Сўров иштирокчилари кириб келаётган йилда ўз оиласининг моддий аҳволидаги ўзгаришлар истиқболларини некбинлик билан баҳоладилар. Ҳар иккинчи респондент (50,5%) 2021 йилда ўз оиласининг фаровонлиги ўсишига ишонади, 29,1% респондентларнинг фикрича, турмуш даражаси аввалги ҳолатда қолади.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, кўпчилик респондентларга некбинлик кайфияти хосдир. 72,5% сўралганлар барча мамлакатлар ва халқларнинг равнақига, эзгулик ва тинчлик тантанасига умид, ишонч туйғуларини ҳис қилишларини билдиришди. 16,2% сўров иштирокчиларининг кўрсатишича, 2020 йилда юз берган глобал ўзгаришлар уларда ҳаёт оқими қай томонга ҳаракатланаётганини англамаслик, коронавирус пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларни келажакда бартараф этишга ишончсизлик каби мавҳум туйғуларни уйғотмоқда.

Сўровнинг аниқлашича, мамлакатдаги тинчлик, қонунчилик ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга,  иқтисодиётни эркинлаштиришга, тадбиркорликни  қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга, аҳоли манзилларини ободонлаштиришга, илм-фан ва  таълим соҳаларини такомиллаштиришга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга, уларни ахборот технологиялари билан жиҳозлашга ва ундан фойдаланишга қаратилган  ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар фуқароларда қувонч, ғурур ва некбинлик туйғуларини уйғотувчи энг муҳим манба ҳисобланади. Респондентлар ўз жавобларида юқорида санаб ўтилган омиллар яшашга ва мамлакат фаровонлиги учун меҳнат қилишга ўзларини илҳомлантиришини ҳамда уларга Ватаннинг келажаги учун ишонч туйғусини бағишлашини қайд этдилар.

Жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар  «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг самарадорлигини ижобий баҳолайдилар, сўров иштирокчилари кўрилаётган чора-тадбирлар  иқтисодиётнинг ривожланиши ва ўсишига,  аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини оширишга,  мамлакат ҳаётида фуқаролик жамиятининг иштирокини кенгайтиришга,  соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни яхшилашга, мамлакатнинг банк, молия, энергетика ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини модернизациялашга, шунингдек, инвестицияларни ўстиришга,  ҳам хорижий, ҳам мамлакат ичидаги инвестицияларни жалб қилишга, қўшимча иш ўринлари яратиш ва модернизациялашга ёрдам беришига ишонадилар. Сўровнинг кўпчилик иштирокчилари (69,4%) Ўзбекистоннинг бундан кейин ҳам  танланган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлидан боришига ва келаётган 2021 йилда нафақат эришилган ривожланиш суръатларини сақлаб қолишига, балки ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиқишига ишонишларини билдирдилар.