401

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази янги йил арафасида мамлакатимиз аҳолиси ўртасида 2020 йил сарҳисоби ва фуқароларнинг янги 2021 йилдан орзу-умидларини аниқлашга бағишланган социологик сўров ўтказди.

Сўров 2020 йил 26-29 декабрь кунлари ўтказилди. Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта ёшдаги фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари иштирок этганлиги сўров натижаларининг юқори даражадаги ишончлилигини таъминлайди.

 АСОСИЙ НАТИЖАЛАР

Аксарият ўзбекистонликларнинг фикрича, якунланаётган йил мамлакатимиз учун анчагина мураккаб, лекин самарали, қувончли дақиқалар, муваффақиятли ишлар ва ижобий ўзгаришларга бой йил бўлди. Сўров иштирокчилари “умуман олганда, Ўзбекистон жорий йилни муносиб ва муваффақиятли якунлаётганлиги ва келаётган йилдан янги умид ва режалари катта эканлигини” таъкидладилар.

Сўров натижаларига кўра, 2020 йилда ҳар бир оила муайян қийинчиликларни бошидан кечиргани ва коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини ҳис қилганига қарамасдан, у ижобий якунланмоқда: 49,8% ўзбекистонликлар, умуман олганда, бу йил ўзлари ва оилалари учун яхши йил бўлганлигини, 36,9% иштирокчилар эса якунланаётган йилни қандай ўтказганликларидан қатъи назар йил давомида эришган натижаларидан мамнун эканликларини таъкидладилар.

Янги йил энг севимли ва қувноқ байрамлардан бири бўлиб, у доимо келажакка умид ва ишонч ҳислари билан тўлиқдир. Сўров шуни тасдиқладики, ўзбекистонликларнинг аксарияти - 77,5% - 2021 йилни ажойиб, қувноқ ва кўтаринки руҳ, некбинлик ҳисси билан, келаётган йил янада муваффақиятли ва самарали бўлишига, барча ўзгаришлар фақат ижобий бўлишига ишонч туйғуси билан кутиб олмоқдалар.

Сўров иштирокчилари Янги йил уларга фаолиятларида янгидан-янги ютуқлар ва оддий инсоний қувончлар олиб келишига, яқинлари ва қариндошларининг меҳри ва табассуми билан тўлиқ бўлишига аминдирлар.

Сўров давомида ўзбекистонликлар 2021 йил тинчлик, бунёдкорлик, эзгулик ва фаровонлик йили бўлишига умид билдиришди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг аксарияти -91,9% - Янги йилни ўз оилалари даврасида катта, байрамона дастурхон атрофида кутиб олишни режалаштирмоқда. Сўров иштирокчилари Янги йилни оилалари даврасида кутиб олиш анъанасини ёқтиришларини изҳор қилиб, кўпчилик учун бу оила ва дўстлар билан байрам дастурхони атрофида жамул-жам бўлиш, ўзаро қувонч улашиш ва муаммоларни унутиб,  завқланиш учун ажойиб сабаб, деб жавоб бердилар. Ўзбекистонликлар учун оилавий жамул-жамлик, совғалар ва илиқ тилаклар улашиш энг қадрли анъаналардан бўлиб қолмоқда.

Умуман олганда, ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, 2020 йил ўзбекистонликлар учун мураккаб синовлар, дилсиёҳликлар, машаққатли меҳнат ва, ниҳоят, ғалабалар йили бўлди. Ўзбекистон халқи 2020 йилда эришилган ютуқлар ва натижалар билан ҳақли равишда фахрланади.

Барчага севимли Янги йил байрами ўзбекистонликлар дилини оилаларининг илиқ тафти билан тўлдирмоқда, қадрдонлари ва яқинлари  билан мулоқот қувончи-ю келажакка катта умид бахш этмоқда.

 Фуқароларнинг Янги 2021 йил муваффақиятли келишига, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда барча режалар амалга ошишига, унинг ижобий ўзгаришлар йили, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва фуқаролар учун фаровонлик йилига айланишига ишончлари комил бўлмоқда.