498

 "Ижтимоий фикр" Маркази Таъсисчилари мажлиси бўлиб ўтди.

"Ижтимоий фикр" Маркази мамлакат тараққиётининг барча соҳаларида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, тизимли мониторинггини олиб борувчи илмий-тадқиқот муассасаси мақомидаги нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Марказ ўз фаолияти давомида социология фанида мавжуд турли хил усуллар асосида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиши соҳасида тадқиқотлар ўтказиб келмоқда.

Жорий йилнинг 27 январь куни Марказ томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва янги 2021 йилда режалаштирилган лойиҳалар, мақсадлар, вазифаларни акс эттирувчи йиллик иш режасини тасдиқлаш мақсадида "Ижтимоий фикр" маркази Таъсисчиларининг мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказ директори - иқтисод фанлари доктори Рахимова Нигина Хайруллаевна 2020 йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Рахимова Н.Х. ўз ҳисоботида меҳнат бозори, миграция, одам савдоси, коррупция, ёшлар, аёллар, репродуктив саломатлик масалалари, экология муаммолари, оиладаги муносабатлар ва оилавий қадриятлар мавзуларида ўтказилган социологик тадқиқотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Марказ социология, психология, сиёсатшунослик, тарих, демография, иқтисодиёт соҳасида юқори малакали мутахассислар штатига, комплекс мониторинг тадқиқотларини ўтказиш учун зарур ахборот ва техник ресурсларга эга. Марказ таркибида давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар бўлган шериклари билан яқин ҳамкорлик қилади ва уларга кенг кўламли тадқиқот хизматларини кўрсатади.

Шунингдек, Таъсисчилар мажлиси кун тартибида белгиланган Марказ назорат-тафтиш комиссияси янги таркибининг аъзолигига овоз бериш, "Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари" журналининг бош муҳаррири лавозимига янги номзодни киритиш ва уни тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган тадбирда кун тартибидан ўрин олган барча масалалар ижобий якун топиб, янги лавозимларга таклиф қилинган номзодлар бир овоздан тасдиқланди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича маълумотлар олишди.