347

   Тошкентдa "Барқарор ривожлaнишни таъминлашда лидер aёллaрнинг ролини ошириш" мавзусида ШҲТга аъзо давлатлар лидер аёлларининг форуми бўлиб ўтди

  2021йил 7-апрел куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлар лидер аёлларининг Тошкент Форуми ўтказилди.

       ШҲТга аъзо барча мамлакатлар - Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Ҳиндистон, Тожикистон, Покистон, Ўзбекистондан халқаро экспертлар, аёл раҳбарлар, давлат органлари, парламент, жамоат ташкилотлари вакиллари халқаро форумда онлайн ва офлайн режимда иштирок этишди.

     Тадбир Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси Маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Ҳамкор ташкилотчилар - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, УМЭД Aёллар кенгаши, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва "Олима" олима аёллар ассоциацияси.

         Форум мақсади – минтақада, умуман дунё миқёсида мавжуд гендер тенгсизлиги ва аёлларнинг ишсизлик муаммоларини бартараф этиш, ШҲТ аъзо мамлакатларининг ижтимоий тараққиётида аёллар иштирокини таъминлашга эътибор қаратишдан иборат.

     Форум доирасида жамиятнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлашда аёлларнинг ролини оширишдаги замонавий механизмлар муҳокама қилинди.

     Шунингдек, Тошкент форумининг ушбу долзарб масалада аҳамияти ва ўрни, бугунги кунда демократик трансформациялар жараёнларида юқори даражадаги интеллектуал аёлларнинг миссияси алоҳида таъкидланди.

   Тошкент лидер аёллар форумида "Aёллар етакчилари ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари сифатида" бўлимида, иқтисод фанлари доктори,  “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна модератор сифатида қатнашди.

Форум жараёнида қуйидаги  йўналишларда муаммолар кўриб чиқилди:

  • Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда аёлларнинг кўпвекторли фаолияти;
  • Шахсий ҳуқуқ сифатида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш барқарор ривожланишнинг муҳим шартидир;
  • Жамоат ва маданий дипломатияни ривожлантиришда аёлларнинг ўрни.

Форум якунида ШҲТ давлатлари лидер аёллари билан ҳамкорликда бугунги куннинг долзарб ва муҳим муаммолари муҳокамасини мунтазам йўлга қўйиш таклиф қилинди, шунингдек, ёзма равишда юборилган таклифлар ва тавсиялар асосида кейинги ҳаракатларга Йўлланма сифатида Якуний ҳужжат тайёрланди. Иштирокчилар якдиллик билан ушбу тадбирнинг ўтказилиши аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини рағбатлантиришга, ШҲТ давлатларининг ушбу йўналишдаги ўзаро алоқаларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.