18.05.2021
396
2021 йил 18 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида мазкур олий таълим муассасасининг Ижтимоий фанлар факультети “Социология” кафедраси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида “Социологияни ўқитиш ва социал тадқиқотларни ташкил этишнинг долзарб масалалари” мавзусида анъанавий илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур конференция мамлакат олий ўқув юртларида социология фанини ўқитиш, шунингдек, давлат бошқаруви, ташкилот, идора, муассасалар ҳамда ижтимоий, маданий, маърифий жараёнларда замонавий социологик тадқиқотларни ташкиллаштиришнинг илмий асосланган йўналишларини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланди.
Конференция Ўзбекистон миллий социология мактабининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган олимлар – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Убайдуллаева Раъно Аҳатовна, география фанлари доктори, профессор Ата-Мирзаев Озод Баба-Мирзаевич, социология фанлари доктори, профессор Ганиева Маърифат Ҳабибовна, доцент, иқтисодиёт фанлари номзоди Қаюмов Ўткур Каттажонович, доцент, математика фанлари номзоди Агзамходжаев Ижод Ҳамидуллаевичларнинг ёрқин хотирасига бағишланди.
Конференцияда Ўзбекистоннинг таниқли олимлари қаторида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Раҳимова Нигина Хайруллаевна “Жамоатчилик фикри социологиясининг замонавий тенденциялари ва тадқиқий стратегиялари” мавзусида маъруза қилди.