443

2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мунтазам равишда аҳолининг сайлов кампанияларидаги хатти-ҳаракатларини, жумладан, фуқароларнинг электорал маданияти, сайловларда ва овоз беришда иштирок этишни, уларда қатнашиш ёки қатнашмаслик мотивларига таъсир қилувчи омилларни таҳлил қилиш билан боғлиқ масалаларни ўрганишни, электоратнинг тузилмасини, улар томонидан сайловолди тадбирларини қабул қилишнинг ўзига хосликларини, номзодларнинг шахсини ўрганишни амалга оширмоқда.

Ҳавола қилинаётган натижалар икки босқичда ўтказилган телефон сўровлари орқали олинган (1 босқич – 2021 йил 3-14 майда ва 2 босқич 15 июндан 1 июлгача).
Телефон сўровларида мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, турли ёшлар ва миллатларнинг вакиллари, турли ижтимоий табақаларга мансуб шаҳарлар ва қишлоқларда яшовчилар, давлат муассасаларида ва нодавлат ташкилотларида ишловчилар, фермерлар ва тадбиркорлар, талабалар ва ўқувчилар, нафақадагилар ва уй бекалари иштирок этдилар.

Ўтказилган жамоатчилик фикри телефон сўровлари  бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида аҳоли хабардорлигининг юқори даражасини аниқлади, аксарият  ўзбекистонликлар  (1 босқич – 87,7%, 2 босқич –89,3%)  2021 йилда бўлиб ўтадиган давлат Раҳбари сайловидан хабардорликка эгадир. Телефон сўровлари  мониторингининг кўрсатишича, давлатимиз ҳаётидаги ушбу ижтимоий-сиёсий  воқеа ҳақидаги юқори хабардорлик мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар,  аҳолининг барча ёш гуруҳлари ва ижтимоий табақалари вакиллари учун хосдир.

Телефон сўрови жараёнида тадқиқот иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар кўрсатиш жараёни ҳақида қанчалик хабардорлиги аниқланди. «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ ким мамлакат Президенти лавозимига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга?» деган саволга 51,1% фуқаролар «биламан», деб жавоб берди, 48,9% респондентлар Президент лавозимига номзодлар кўрсатиш тартиби ҳақида маълумотга эга эмас.

Сўров жараёнида фуқароларнинг Ўзбекистонда президентлик ваколатлари муддатлари ҳақидаги хабардорлиги аниқланди. Олинган натижаларга мувофиқ,  86,4% фуқаролар Сайлов кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти қайси муддатга сайланиши уларга маълумлигини айтишди.

Сўров натижалари фуқароларнинг сайловолди кампаниясига тайёргарликнинг боришини кузатиб бораётганлигини аниқлади, улардан 20,3% сўров иштирокчилари  бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарликка бағишланган тадбирларини мунтазам кузатиб боришларини қайд қилдилар. 39,5% респондентлар объектив сабаблар туфайли  мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги воқеаларни номунтазам, имкониятга қараб кузатиб боришини кўрсатди.

  Телефон сўровининг кўрсатишича,  68,9% фуқаролар учун Ўзбекистон давлат телевидениеси сайловга тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотнинг асосий манбаи ҳисобланади,  уларнинг фикрича, у  сайловолди кампаниясига тайёргарликни ташкил этишнинг ўзига хосликларига тегишли  ахборотни тақдим этишда тезкорлик, ишончлилик ва мақбуллик билан ажралиб туради. 33,5% сўров иштирокчиларининг фикрича, улар бўлиб ўтадиган мамлакат Президенти сайлови билан боғлиқ асосий маълумотни Интернет тармоғи, янгиликлар сайти, ижтимоий тармоқлар ёрдамида олишмоқда. 25% респондентлар учун мамлакат нодавлат телевидениеси каналлари сайловолди кампаниясига  тайёргарлик ҳақидаги ахборотнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Ўтказилган тадқиқот натижалари таҳлилининг кўрсатишича, бўлиб ўтадиган Президент сайлови  мамлакат фуқароларининг ҳаётида устувор аҳамиятга эгадир ва тақдирларга таъсир қилувчи воқеа ҳисобланади.
82,3% фуқароларнинг фикрича, овоз беришда иштирок этишнинг зарурлигини англайдилар ва «давлат Раҳбарини эркин сайлаш воситасида  ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этишни ҳар бир фуқаронинг бурчи» деб ҳисоблайдилар.

Тадқиқот натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни, фуқароларнинг башорат қилинаётган электорал фаоллигини етарлича юқори деб баҳолаш мумкин. Сўралган ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (86,6%), ўз  тасдиқларига кўра, бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида албатта иштирок этадилар. Билдирилган юқори фаоллик  эркаклар ва хотин-қизлар, турли ёш тоифаларига, ижтимоий гуруҳларга мансуб фуқаролар, турли миллатларнинг вакиллари ўртасида тенг даражада кузатилмоқда.

ХИСОБОТНИ ИНФОГРАФИКА ШАКЛИДА КЎРИШ