24.12.2020
358
Гўзаллик ва маънавият байрамига айланаётган “Нафосат – 2020” фестивали Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамда республика “Ёш дизайнерлар” маркази ҳамкорлигида ўтказилиб келинаётган бу - “Нафосат-2020” фестивалида ҳам, бошқа вилоятлар каби Фарғона аёлларининг кийиниш маданияти, миллий ва замонавий руҳи уйғунлашган бетакрор диди акс эттирилди ва жорий йилнинг 17-19 декабрь кунлари Фарғона вилоятида фестиваль кенг нишонланди.
Миллийлик ва замонавийлик ўртасидаги олтин оралиқни топиш ва унинг асосида халқимизга мос янги либос андозаларини яратиш мақсадида, туман-шаҳарлардан саралаб олинган дизайнерларнинг “Ишбилармон ва етакчи аёл”, “Талаба қиз”, “Ижодкор аёл” тимсоллари ва “Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати” йўналишлари бўйича яратган дизайнерлик ишлари намойиш қилинди ва шу номинациялар бўйича баҳоланди. Бундан ташқари иштирокчилар “Йилнинг энг яхши ёш модельер-дизайнери”, “Миллий йўналишдаги энг яхши модельер-дизайнер” каби қўшимча номинациялар бўйича тақдирланишди.
Шунингдек, “Нафосат-2020” фестивали доирасида ёшларнинг кийиниш маданияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида “Ижтимоий фикр” Маркази томонидан олиб борилган “Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри” мавзусидаги социологик тадқиқот ҳам ўз якунини топди. Айнан шу боисдан мазкур мавзулар “оммавий маданият” ва халқимизга ёт ғоялар таъсири кучайган бугунги кунда алоҳида долзарблик касб этаётганлиги муҳимдир.
Мазкур сўровда билдирилган барча фикр-мулоҳазалар ва таклифлар бўйича Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқиладиган илмий хулоса ва тавсиялар жамиятимиз ҳаётида ёшларимиз тарбияси ва уларнинг кийиниш маданиятини миллий қадриятларимиз асосида тарғиб этишга хизмат қилади