10.09.2024
98
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчиликфикрини ўрганиш Маркази томонидан “ Замонавий мактаб: баҳолар, фикрлар ва умидлар” мавзусидажамоатчилик фикри сўровини ўтказишни бошлади.
Мамлакатимиз аҳолисининг бугунги замонавий мактаблар ҳақидаги фикрларини, яъни, давлат мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва хусусий мактабларга нисбатан жамоатчилик фикрини ўрганиш доимо “Ижтимоий фикр” Маркази фаолиятининг диққат марказида бўлиб келяпти.
Мазкур тадқиқот давомида фуқароларимизнинг мамлакатимиздаги мактабларда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, дарсликлар билан таъминланганлиги, ўқув хоналарининг жиҳозланиши даражаси, дарсликларнинг сифати, фарзандларининг таълим олиш жараёни, олаётган баҳоларидан ота-оналарнинг хабардорлиги ва қониқиш даражаси ўрганилади.
Шунингдек, ушбу тадқиқотда ўқитувчиларнинг ва ўқувчиларнинг хулқ-атвори, ўзаро муносабати, дарсларни ўзлаштира олиши ва уй вазифаларини бажариши, мактабдаги ўқув юкламасининг ҳолатини аниқлашдан иборат бўлади.
Социологик тадқиқот ўтказиш давомида, бугунги кундаги умумтаълим мактабларидаги ўқув жараёнида қандай муаммолар мавжудлиги, мактаблардаги таълим сифатини ошириш учун қандай чора-тадбирлар қўллаш кераклиги каби саволларга аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қаратилган.
Ушбу сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолиси, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, 18 ёш ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, турли миллатлар, ижтимоий гуруҳлар вакиллари, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлганлар иштирок этадилар.