291

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳақида ўзбекистонликларнинг фикрини ўрганиш, фуқароларнинг коррупция ҳолатларига, коррупцияга оид жиноятларга қарши курашиш бўйича давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига нисбатан муносабатини аниқлаш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида жамоатчилик фикри” мавзусида комплекс социологик сўров ўтказди.
Жамоатчилик фикрининг комплекс сўрови миқдорий, юзма-юз сўровлар, телефон интервьюлари ва Интернет тармоғидаги сўровлар орқали амалга оширилди.
Сўровда мамлакатнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар иштирок этдилар.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида жамоатчилик фикри» мавзусида ўтказилган тадқиқот натижалари мамлакатда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд вазиятни ва ривожланишнинг яқин истиқболларини ўз вақтида ва тўғри баҳолаш имконини беради, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чора-тадбирларининг самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи сабаблар ва омиллар ҳақида хулосалар чиқаришга асос бўлиб хизмат қилади.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида коррупция давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига зарар етказувчи ва умуман жамият, давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган хавфли ижтимоий ҳодиса эканлиги ҳақида тасаввур шаклланган. Кўпчилик (83,2%) респондентлар мамлакатда коррупция мавжудлигини тан олади ва коррупция давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, фуқароларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатига зарар етказади, аҳолининг давлат органлари ва адолатга бўлган ишончини пасайтиради, деб ҳисоблайди.
Комплекс тадқиқотнинг олинган натижалари таҳлилининг кўрсатишича, хизматлардан фойдаланувчиларнинг манфаатдорлик даражаси ёки мурожаат қилиш даврийлиги жамият ёки давлат ҳаётининг у ёки бу соҳасида коррупциянинг тарқалиш даражасига таъсир қилади. 32,4% сўров иштирокчиларининг фикрича, коррупциявий ўзаро муносабатлар фуқароларнинг ишга жойлашиши соҳасида энг кўп тарқалган. Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар ва идоралар, фирмалар ва корхоналар раҳбарларига амалда кадрларни танлаш, бўшатиш, ишга қабул қилиш масалаларида чекланмаган ваколатлар берилган, демак, субъектив ёндашув ва коррупция ҳоатлари бўлиши мумкин, булар ишга кирувчи шахслардан моддий фойда олишда ифодаланади.
Соғлиқни сақлаш тизими, 32,4% фуқароларнинг фикрича, коррупцияга дучор бўлган, бу айниқса пуллик хизматларга ва шифокорлар бепул кўрсатиши керак бўлган хизматлар учун уларга ноқонуний мукофот беришга, шунингдек, шифокорларнинг фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчилардан олинадиган мукофоти эвазига беморларга нархи қиммат дорилар ёзиб беришига тегишлидир.
Сўров жараёнида аҳолининг учдан бир қисми таълим тизимида коррупция тарқалганлигини қайд этди, коррупциявий муносабатлар соҳасига ёш авлоднинг, ёшларнинг қўшилиб қолаётгани, улар учун коррупциявий амалиёт ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида такрорланиш тенденциясига эга бўлган ҳаётий меъёрга айланиб бораётгани фуқароларда алоҳида ташвиш уйғотади, таълим муассасаларида коррупциянинг тарқалиши ёш авлоднинг қадриятлари ва идеалларини сохталаштиради.
Комплекс тадқиқотлар натижаларини ҳисобга олиб, коррупцияга қарши ҳуқуқий маърифат соҳасида фуқароларда қонунга итоаткорлик хатти-ҳаракатини ва коррупцияга қарши бутунлай муросасизликни шакллантиришга, давлат органларига ишонч даражасини оширишга, коррупциявий ҳаракатлар ҳақида хабардор қилиш тартибини тушунтиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишни давом эттириш мақсадга мувофиқ кўринади.
Тадқиқот фуқароларнинг коррупцияга қарши энг самарали чоралар ҳақидаги фикрини аниқлади. Жамоатчилик фикри мониторингининг аниқлашича, коррупциявий жиноятлар учун, бундай турдаги ҳуқуқбузарликларни энг самарали тийиб туриш омили сифатида жиноий жавобгарлик чораларини янада кучайтириш зарурлиги ҳақидаги фикрда бўлаётган фуқаролар сони янада кўпаймоқда. Респондентларнинг фикрича, коррупциявий ҳаракатлар учун муқаррар ва қаттиқ жазо қўллаш шароитидагина коррупцияга қарши курашиш жараёни самарали бўлиши мумкин. Коррупциянинг олдини олишнинг бошқа чора-тадбирлари қаторида: профилактик чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан, мансабдор шахсларнинг ваколатларини чеклаш, турли тоифадаги фуқароларнинг даромадлари ва харажатларини назорат қилиш, хизматдаги турли суиистеъмолликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш каби чоралар кўрсатилди. Коррупцияга қарши самарали курашиш учун, фуқароларнинг фикрича, аксилкоррупциявий дунёқарашни ва жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, ўсиб келаётган ёш авлодда маънавий-ахлоқий сифатлар даражасини ошириш зарур.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, жамоатчилик фикрида коррупцияга қарши курашиш муаммоси – бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси, балки бутун жамиятнинг биринчи навбатдаги вазифаси деган фикр устуворлик қилади. Ўзбекистонликлар давлат, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ҳамда бошқарув ва назорат органлари жамият ва унинг фуқаролик тузилмалари билан ҳамкорликда ҳамда уларнинг бевосита ва фаол қўллаб-қувватлаши орқали коррупцияга қарши самарали курашиши мумкинлигини англайдилар. Респондентларнинг фикрича, жамиятнинг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки ҳам фуқароларнинг коррупция ҳолатларини фош қилиш бўйича фаол нуқтаи назарида, ҳам фуқаролик жамияти тузилмалари томонидан жамоатчилик назорати фаолиятида ифодаланиши мумкин.
Сўровда тадқиқ қилинган даврда коррупцияга қарши курашиш динамикасидаги ўзгаришларнинг бироз пасайганлиги аниқланди. Айни вақтда респондентларнинг ярмидан кўпи айрим соҳалардаги коррупцияга қарши курашишнинг ижобий динамикасини қайд этишди. Ҳар учинчи сўров иштирокчисининг фикрича, коррупционерларнинг кўпчилиги эртами ёки кеч қонунга юзма-юз келади ва ўз жиноятлари учун жазо олади.
Сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил июнь ойидаги Фармони билан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолияти коррупция, таъмагирлик ва порахўрликка қарши курашиш жараёнини янги даражага олиб чиқишидан, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги коррупциявий ҳолатларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга ёрдам беришидан, халқаро рейтингларда Ўзбекистон мавқеини мустаҳкамлаши ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашишидан умид қилмоқдалар.
Тадқиқот натижаларига мувофиқ, умуман олганда, сўралганларнинг салкам учдан бири ОАВлари ишидан қониқади. Фуқароларнинг фикрича, бугунги кунда ОАВлари фаолияти туфайли коррупцияга қарши курашиш жараёни жамоатчилик учун янада очиқ бўлди, ушланган коррупционерлар ва иш ҳолатининг тавсифи ҳақидаги хабарлар кўпроқ пайдо бўла бошлади, улар коррупцияга қарши ҳаракатларнинг мазмуни ва миқёсини намойиш қилади.
Айни вақтда сўровнинг қатор иштирокчилари оммавий ахборот воситалари фаолиятини танқидий баҳолашди, улар коррупция ҳақида берилаётган ахборотнинг ёритилишини ҳали тўла ошкора ва шаффоф эмас деб ҳисоблашади. Ушбу тоифага мансуб респондентларнинг ҳисоблашича, мамлакат ОАВлари ҳали коррупционерларни фош қилишнинг аниқ ҳолатларини етарлича тезкор, шаффоф ва очиқ ёритмаяпти, шунингдек, амалда коррупция каби жиноий қилмиш пайдо бўлишининг чуқур илдизлари, унинг манбалари, унга қарши кураш миқёслари ва истиқболлари ҳақида таҳлилий материаллар бермаяпти.
Умуман олганда, сўров иштирокчилари шахсан дуч келган коррупция ва порахўрлик кўринишлари кўп ҳолатларда мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, амалга оширган ҳаракати учун моддий мукофот таъма қилганлиги билан боғлиқдир; тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар, давлат муассасаларининг хизматчилари, шунингдек, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг талабалари энг кўп таъмагирликка учрайдилар.
Сўровнинг кўрсатишича, сўралганларнинг кўпчилиги бундай вазиятларда мансабдор шахсга пора беришга рози бўлган; айни вақтда сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишни афзал билишини айтди. Кўпчилик ҳолларда фуқаролар қандайдир «ўткир» муаммони ечиш учун пора беришга рози бўлишган. Айрим респондентлар ўз хатти-ҳаракатларини ажралиб туришни истамаслик билан оқладилар, мансабдор шахсга пора бериш йўли билан муаммони ҳал қилиш усулини муайян хатти-ҳаракат «меъёри» деб ҳисоблашларини билдиришди.
Сўровнинг аниқлашича, жамиятда мансабдор шахсларни пора орқали сотиб олиш йўли билан муаммони ҳал қилишга муросасозлик муносабати каби омил коррупция ва порахўрликни бартараф этиш йўлидаги янада каттароқ тўсиқ бўлиб бормоқда. Бу жамиятда ижтимоий ғўрликни камайтириш, коррупцияга қарши муросасизликни шакллантириш, коррупцияга қарши барқарор хатти-ҳаракат андазасини ишлаб чиқиш, фуқароларни, айниқса, ёшларни тарбиялаш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш бўйича ишларни истиқболда давом эттириш зарурлиги ҳақида далолат беради.
Ўтказилган комплекс тадқиқот натижалари коррупцияга қарши курашиш ва жамият ҳаётидан ушбу ҳолатни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар юзасидан давлат стратегиясининг аҳоли томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради. Кўпчилик сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган стратегияда профилактик комплекс чора-тадбирлар етакчи роль ўйнайди ва ушбу стратегия коррупция кўринишлари учун асосларни бартараф этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятида коррупциявий хатарларни аниқлаш ва камайтириш, коррупцияга қарши кенг маърифий ишларни олиб бориш ҳамда аҳолининг аксилкоррупциявий маданиятини шакллантириш йўли билан мамлакатда коррупция даражасини тубдан камайтиришга қодирдир.