436

Наврўз байрами арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «НАВРЎЗ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАРНИНГ ФИКРИ: ТАСАВВУРЛАР, УМИДЛАР, КАЙФИЯТЛАР» мавзусида телефон сўрови ўтказди.

Тадқиқотда республиканинг барча минтақалари аҳолиси, 18 ёш ва ундан катта ёшдаги эркак ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллатлар ва аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари, ҳар хил соҳа ва тармоқларда ишловчилар иштирок этдилар.

Телефон сўрови ўзбекистонликлар учун Наврўз севимли ва узоқ кутилган байрам эканлигини кўрсатди. «Сиз учун Наврўз қандай байрам ҳисобланади деган саволга жавобларида сўров иштирокчилари Наврўз – бу баҳорнинг бошланиши ва табиатнинг янгиланиши рамзи эканини, ушбу байрам кунларида ҳар бир киши баҳор руҳига масрур бўлишини, ўзини табиатнинг ажралмас қисми сифатида англашини, куч-ғайрат ва шижоатга тўлаётганини ҳис қилишини таъкидладилар. Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, Наврўз кунлари табиат янгича тус олади, атрофдаги ҳамма нарса гўзаллашади, нафис баҳор гуллари очилади, янгиланиш даври бошланади.

Олинган натижаларга мувофиқ, сўров ишттирокчилари Наврўзни яратувчилик ва эзгулик байрами, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, Наврўз Ўзбекистон халқининг маънавий ва маданий ҳаётида катта роль ўйнайди, жамиятда, ҳар бир оилада тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, ўзида эзгулик ва инсонпарварлик, дўстлик ва ўзаро ёрдам ғояларини ифодалайди.

Мамлакат фуқаролари Наврўз – бу баҳорий тенгкунлик байрами, сабрсизлик билан кутиладиган ва истисносиз барча хуш кўрадиган, «болаликдан энг севимли байрам» эканлигини таъкидлашди.

Телефон сўрови ўзбекистонликлар бу йил Наврўзни қандай нишонлашни режалаштираётганликларини ва улар байрамда айнан нималар қилмоқчи эканликларини аниқлади. 59,8% сўралган ўзбекистонликларнинг фикрича, улар байрам кунларини уйда, оила, қариндошлар ва дўстлар даврасида, дастурхон атрофида ўтказишади. Телефон сўровининг кўрсатишича, 17,3% фуқаролар бу кунни шаҳарда сайр қилиш, халқ сайилларида иштирок этиш, маданият ва истироҳат боғларига ташриф буюриш учун жуда мос, деб ҳисоблашади.
12,1% респондентларнинг ҳисоблашича, Наврўз – бу қўшимча дам олиш кунидир, ўша кунни ишдан дам олиш ҳамда қизиқарли телекўрсатувлар ва намойиш қилинадиган байрам концертларини кўриш билан ўтказиш мумкин.

Наврўз анъанавий равишда Ўзбекистоннинг барча минтақаларида халқ сайилларига, қўшиқ ва рақсларга, меҳмондорчиликларга уланиб кетувчи ҳамда ўзининг бетакрор урф-одатлари ва анъаналарига эга умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Телефон сўровининг кўрсатишича, 81,2% сўралган ўзбекистонликлар Наврўзнинг байрам қилиниши билан боғлиқ урф-одатлар ва анъаналарга риоя этишади, чунки муайян таомилларга риоя қилиш оиланинг барча аъзолари учун омад ва фаровонлик, сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат келтиради.

Наврўзнинг байрам қилиниши билан боғлиқ анъаналар ва урф-одатлар чуқур қадимий илдизларга эга ҳамда ўзбек халқининг турмуши, маданияти, тарихи билан чамбарчас боғлиқдир.

Кўпчилик сўров иштирокчиларининг фикрича, Наврўзнинг асосий моҳияти маънавий покланиш ва янгиланишдан иборатдир, айнан шу сабабли, фуқароларнинг ҳисоблашларича, ушбу баҳор кунларида, анъанага кўра, салбий ўй-хаёллардан халос бўлиш, араз ва гина-кудратларни унутиш, муҳтож, ёлғиз ва кам таъминланган кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам бериш, уларга нисбатан самимият ва ғамхўрлик кўрсатиш зарур.

Наврўз кунлари маҳаллалар ва кўчаларни, хиёбонлар ва боғларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уйларни саранжом-саришта қилиш анъанага айланган.

Сўров натижалари кўрсатганидек, Наврўзда фуқаролар қариндошлар ва яқин кишилар ҳолидан албатта хабар олишади, анъанавий байрам таомларини тайёрлайди, ўз яқин кишилари учун совға ва ширинликлар сотиб олишади.

Анъанавий равишда Наврўзда байрам дастурхонига турфа хил миллий таомларни қўйиш қабул қилинган, аммо сумалак байрамнинг бош таоми ҳисобланади, у оила, яқин кишилар, маҳалладаги қўшнилар даврасида тайёрланади. Мазали ва фойдали сумалакни тайёрлаш жараёни қўшиқлар ва шоду-хуррамликларга бой бўлиб, фаровонлик, сиҳат-саломатлик, баҳорнинг кириб келиш рамзини ифодалайди.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, 65,4% сўров иштирокчилари маҳаллада сумалак тайёрлаш бўйича ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этишларини айтишди, бу пайтда нафақат байрамнинг бош таоми тайёрланади, балки дўстлар, қўшнилар, қариндошлар билан мулоқот қилинади, бу яна қувонч ва бахтли онларни яқин кишилар билан баҳам кўриш, баҳор ва Наврўз муносабати билан биргаликда дилларни яшнатиш имкониятидир.

Телефон сўровининг кўрсатишича, кўпчилик ўзбекистонликлар Наврўзни кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқдалар, байрам арафасида шодлик туйғусини ҳис қилмоқдалар. байрамолди кайфияти билан куч-ғайрат ва шижоатлари жўшмоқда, улар табиат билан ҳамоҳангликни ҳис қиладилар ҳамда уйғониш, илҳомланиш ва янгиланиш туйғусини бошдан кечирмоқдалар.

Телефон сўровида аниқланишича, 89,1% сўралган фуқаролар Наврўзни Ўзбекистон халқи ҳаётидаги муҳим ва аҳамиятга молик байрам, деб ҳисоблашади, чунки у келажакка янги умидлар ва ишонч ҳадя этади. «Марҳамат қилиб, айтинг-чи, нега Сиз учун Наврўз муҳим ва аҳамиятга молик байрам ҳисобланади?», деган саволга жавобан ўзбекистонликлар Наврўзни ўзида баҳорнинг бошланишини, табиатнинг уйғониши ва янгиланишини ифодаловчи энг асосий ва севимли байрам сифатида белгиладилар.

Сўров иштирокчилари учун Наврўзнинг нишонланиши миллий анъана ҳисобланади: «21 мартда кун тунга тенглашади, янги астрономик йил бошланади ва янгиланиш қонунлари кучга киради», «Наврўз – бу янги кун», кўп асрлар илгари бўлгани каби Наврўзни мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, катта авлод вакиллари ва ёшлар, турли халқлар ва ижтимоий табақаларнинг вакиллари кенг байрам қиладилар ва нишонлайдилар.

Телефон сўрови жараёнида фуқаролар Наврўз ўзларининг ҳаётларида муҳим байрам ҳисобланишини, чунки у оилавий, сокин, ёрқин, самимий байрам эканлигини айтишди, сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, инсоннинг табиат билан уйғунлашиши, янгиланиш ва янги орзу-умидлар палласи эканлиги Наврўз байрамининг муҳим таркибий қисмидир.

Наврўз байрами арафасида яхшиликка умид қилиш, янги режалар тузиш, орзу-истакларга берилиш ва энг муқаддас орзуларнинг рўёбига ишониш хос хусусиятдир. Телефон сўрови фуқароларнинг Наврўз кириб келиши билан боғлиқ орзу-умидларини аниқлади. Олинган натижаларга мувофиқ, ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпроғи Наврўз кириб келиши билан ўз ҳаётлари яхши томонга ўзгаришига умид қилмоқдалар.

Умуман олганда, телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, аксарият кўпчилик ўзбекистонликлар учун Наврўз севимли ва энг орзиқиб кутиладиган байрам ҳисобланади, унга олдиндан тайёргарлик кўрилади ҳамда оила, яқинлар ва қариндошлар даврасида нишонланади. Баҳор ва Наврўзнинг келиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият некбинлик, хушнудлик ва яхши умидларга тўлиқдир. Байрам ва яхши кайфият муҳити, сўров натижаларининг кўрсатишича, Наврўз урф-одатлари ва анъаналари орқали яратилади ва қўллаб-қувватланади, жумладан, байрамга бевосита тайёргарлик кўриш, маҳаллалар ва кўчалар, хиёбонлар ва боғларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қариндошлар ва яқинлар ҳолидан албатта хабар олиш, байрам таомлари ва анъанавий сумалакни тайёрлаш байрам кайфиятини яратишга ёрдам беради.

Наврўзнинг кириб келишидан ўзбекистонликлар қувончли орзу-умидларга тўлмоқдалар, улар буни мамлакат, жамият ва ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан боғламоқдалар.