464

Тадқиқотнинг мақсади: ёшларнинг давлат хизмати тўғрисидаги қарашларини ўрганиш, уларнинг истиқболдаги иш жойини танлашдаги асосий муаммоларини аниқлаш, ёшларни давлат хизматига танлаш шаклларини такомиллаштириш тўғрисида ёшларнинг таклифларини ўрганиш.

Умумий маълумотлар. Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 21-27 ноябрь кунлари ўтказилди. Мамлакатнинг барча минтақаларидаги 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аҳолиси сўралди,  улардан  56,7%  – эркаклар ва 43,3% – хотин-қизлар.

Сўралганларнинг ёш таркиби:  18 ёшдан 20 ёшгача – 20,2%,  21 ёшдан 25 ёшгача – 19,7%, 26 ёшдан 30 ёшгача – 34,0%,  31 ёшдан 35 ёшгача – 26,1%.

Сўралганларнинг маълумот даражаси бўйича таркиби:  ўрта – 29,9%, ўрта махсус – 49,0%, олий – 21,1%.

Сўралганларнинг машғулот тури  бўйича таркиби:  ўқийди – 11,7%, доимий ишга эга – 39,1%, мустақил ишловчилар (фрилансерлар) – 2,6%,  декрет таътилида – 1,2%, уй бекалари – 20,9%,  вақтинча ишга жойлашмаганлар  – 24,5%.

Сўровнинг 4% хатолик ва 96% ишончлилик даражасидаги умуммиллий репрезентативлиги мамлакатнинг барча доимий ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан тасодифий стратификацияланган танлов орқали танлаб олинган 494 нафар респондентдан фойдаланиш йўли билан таъминланди.

Маълумотлар Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ягона андазавий миқдорий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

АСОСИЙ МАСАЛАЛАР

 

Ёшларни давлат хизматига жалб қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, у давлат ташкилотларининг кўплаб муаммоларини ҳал қилишга имкон беради. Ёш мутахассисларни  давлат ташкилотларига мунтазам асосда  жалб қилиш тизимини ташкил этиш давлат хизматининг кўпгина муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг профессионал даражасини оширишга ва фаолият натижаларини яхшилашга ёрдам беради. Ёшларни ишга ёллаш туфайли давлат бошқаруви тизимига янги ёндашувларни жорий қилиш, касбий фаолиятга янгича қараш, ўзгаришларга юқори талабгирлик каби имкониятларни кенгайтириш мумкин. Шу сабабли  юқори малакали ёш кадрларни давлат секторига жалб қилиш зарурати ҳам тадқиқотчилар, ҳам амалиётчилар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази давлат хизмати тўғрисида ёшларнинг тасаввурларини аниқлаш ва ёшларнинг истиқболда иш жойини танлашдаги муаммоларини аниқлаш мақсадида  социологик тадқиқот ўтказди.

Қуйидагилар тадқиқотнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди:

- ёшларнинг давлат хизмати тўғрисидаги хабардорлик даражасини ўрганиш;

- ёш мутахассисларнинг давлат хизматига кириши ҳамда уларнинг давлат ҳокимияти органларида ишлашга қизиқиши сабабларини ўрганиш ва таҳлил қилиш ;

- ёшларнинг давлат хизматига ишга жойлашишга интилишини баҳолаш.

 

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, сўров иштирокчиларининг кўпчилиги (62,8)  «давлат хизмати» тушунчаси ҳақида хабардор эканликларини билдиришди. Таъкидлаш жоизки, сўров жараёнида респондентлар давлат хизмати тушунчасини турлича ифодалаган бўлишларига қарамасдан, барибир унинг мазмун-моҳияти ягоналигича қолди.
Ўзбекистон ёшлари ўз жавобларида давлат хизмати деганда, давлатни ривожлантириш  учун жами аҳоли ва жамият манфаатлари йўлида амалга ошириладиган, (шубҳасиз, ҳақ тўланадиган) давлат даражасидаги турли касбий фаолиятни тушунишларини билдирдилар.

 

1-расм.  Марҳамат қилиб, айтинг-чи,  Сиз давлат хизмати нима эканлигини биласизми?  (сўралганлар сонидан %ларда)

Маълумотлар таҳлилининг кўрсатишича,  эркаклар ва хотин-қизлар давлат хизмати нималигини тенг даражада бир хил тушунадилар: тегишли равишда 63,2% ва 62,1%.
Айни пайтда респондентларнинг ёши билан уларнинг «давлат хизмати» тушунчаси ҳақидаги тасаввурларнинг ўзаро боғлиқлиги аниқланди. Агар 18-20 ёшдаги 55% сўров иштирокчилари ушбу тушунчанинг маъносини тушунса, респондентларнинг ёши катталашган сари ушбу кўрсаткич ҳам ўса борди, 31-35 ёшдаги 67,9% респондентлар ушбу нуқтаи назарни қайд этишди.

Тадқиқотни ўтказиш пайтида «Сиз давлат хизматида ишлашни хоҳлармидингиз?» деган саволга сўров иштирокчиларининг кўпчилиги ижобий жавоб беришди. Чунончи, 78,3% респондентлар давлат хизматида мамлакатга хизмат қилиш истагини билдирди.  Айни вақтда сўралган ёшларнинг бешдан бир қисми (20,2%) шахсий сабаблар ва қарашлар туфайли давлат хизматида ишлашни хоҳламаслигини ва касбий фаолиятда ўзини намоён қилишнинг бошқа муқобил кўринишлари мақбуллигини  қайд этишди.

 

Сўров натижалари бўйича ёш ва истиқболли ходимларни давлат хизматида ишлашга  жалб қилиш учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш зарурлиги аниқланди.                            27,2% сўралган фуқароларнинг фикрича, давлат хизмати тизимига ёш ва истиқболли ходимларни жалб қилиш учун стажировка ўташ ва касби бўйича ўқиш имкониятини бериш зарур, бу хизмат пиллапоясидан ижтимоий ҳаракатланишга бевосита ёрдам беради.

22,8% сўров иштирокчиларининг ҳисоблашларича, олий ўқув юртлари билан давлат хизматида ишлашни хоҳлайдиган ёшларни аниқлаш бўйича яқин ҳамкорликда ишлашни таъминлаш йўли билан  давлат хизматида ишлаш  учун янги истиқболли ходимларни жалб қилиш мумкин.

Респондентлар бир қисмининг ҳисоблашича, бюрократия ва коррупцияга барҳам бериш (19,6%), шунингдек, зарур кадрларни ёллаш бўйича очиқ танловларни ташкил этиш  (18,6%) давлат хизматига алоҳида ижодий ва ишчанлик салоҳиятига эга ёш ходимларни жалб қилишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, бошқа бир қисм респондентларнинг ҳисоблашича, давлат  хизмати тизимидаги ишга ёш ва истиқболли ходимларни жалб қилиш учун ёшлар ташкилотлари билан ушбу тузилмада ишлашни хоҳлайдиган ёшларни аниқлаш бўйича яқин мулоқот ва фаолиятни йўлга қўйиш (15,7%) ва минтақавий даражада давлат тузилмаларида  янги иш ўринларини яратиш зарур (15,4%).

 

1-жадвал.  Марҳамат қилиб, айтинг-чи,  Сизнинг фикрингизча, ёш ва истиқболли ходимларни давлат хизмати тизимига ишга жалб қилиш учун нима қилиш зарур? (%ларда, респондентлар бир неча жавоб вариантларини айтишди)

 

Жавоб вариантлари

%

Стажировка ўташ ва касби бўйича ўқиш имкониятларини бериш

27,2

Олий ўқув юртлари билан давлат хизматида ишлашни хоҳлайдиган  ёшларни аниқлаш бўйича яқин ҳамкорликни таъминлаш

22,8

Давлат хизматидаги бошловчи ёш кадрларга уларнинг эҳтиёжлари ва кўникмалари доирасида иш ҳақи бериш

20,2

Бюрократия ва коррупцияга барҳам бериш

19,6

Зарур кадрларни ёллаш бўйича очиқ танловларни ташкил этиш

18,6

Давлат хизматида ишлашни хоҳлайдиган ёшларни аниқлаш бўйича ёшлар ташкилотлари билан бевосита ҳамкорликни таъминлаш

15,7

Минтақавий даражадаги давлат тузилмаларида янги иш ўринларини яратиш зарур

15,4

Хизматда ўсиш имкониятларини бериш

13,8

 

 

Сўров жараёнида респондентлар томонидан олий ўқув юртлари битирувчилари билан ишлаш ва иқтидорли ёшларни аниқлаш тизимини ишга тушириш бўйича таклифлар берилди.

Ҳар учинчи сўралган фуқароларнинг ҳисоблашларича, олий ўқув юртлари битирувчилари билан ишлаш ва иқтидорли ёшларни аниқлаш тизимини ишга тушириш  ва мулоқотни йўлга қўйиш учун биринчи босқичда танишув экскурсияларини ташкил этиш,  иккинчи босқичда давлат хизмати томонидан олий таълим тизимига мураббийликни жорий қилиш, учинчи босқичда талабаларнинг давлат органларида стажировка ва амалиёт ўташини ташкил этиш зарур.

27,9% сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, айнан иқтидорли ёшларни аниқлаш бўйича мунтазам интеллектуал танловларнинг ўтказиб турилиши ОЎЮларининг давлат тузилмалари билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.

14,6% сўралганларнинг фикрича, ОЎЮлари битирувчилари учун янги иш ўринларини яратиш янги, ёш ва истиқболли кадрларни жалб қилиш учун таълим ва давлат тузилмаларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги тизимини ишга туширишга ёрдам беради.

 

 2-жадвал.  Сизда олий ўқув юртлари битирувчилари билан ишлаш ва иқтидорли ёшларни аниқлаш тизимини ишга тушириш бўйича қандай таклифлар бор?

(сўралганлар сонидан %ларда)

 

Жавоб вариантлари

%

Талабаларнинг давлат ҳокимияти органларига танишув экскурсияларини ва уларда малака ўташни ташкил қилиш, давлат хизмати томонидан олий таълим тизимига мураббийликни жорий қилиш

35,1

Иқтидорли ёшларни аниқлаш бўйича интеллектуал танловларни мунтазам равишда ўтказиш

27,9

ОЎЮлари битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш

14,6

Айтишим қийин

22,4

 

 

Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи ўзларининг ўқув юртида давлат тузилмалари раҳбарлари иштирокида йиғилишлар ўтказилганини кўрсатганлигини қайд этиш керак. Сўров иштирокчиларининг учдан бири бундай йиғилишлар ўтказилмаганини билдирди.

 

 2-расм.  Сизнинг ўқув юртингизда давлат тузилмалари раҳбарлари иштирокида йиғилишлар ўтказилганми(сўралганлар сонидан %ларда)

Сўров натижалари бўйича, респондентларнинг фикрига кўра, давлат хизмати тизимида ишлайдиган  кишилар эга бўлиши керак  бўлган шахсий ва касбий сифатларнинг аҳамиятлилик даражасига кўра рўйхати тузилди. Ҳар иккинчи респондент давлат хизматида ишлайдиган мутахассислар юқори маълумот, касбий маҳорат даражасига ва ўз фаолият соҳасидаги ишнинг ўзига хослиги бўйича яхши билимга эга бўлиши кераклигини кўрсатди.

Сўров иштирокчиларининг 40%дан ортиғи давлат хизматида банд бўлган мутахассисларнинг касбий этикага риоя қилиши ва ҳамма билан тил топа билиши кераклигини  қайд этишди.

Сўралган ҳар учинчи фуқаро давлат хизмати тизимидаги ходимларда ҳалоллик ва масъулиятлилик каби сифатларнинг мавжуд бўлиши кераклигини кўрсатди.

Жавобларнинг бошқа  вариантлари  ичида ҳиссий заковатнинг юқори даражаси, қўйилган вазифаларни ҳал қилишдаги қатъият ва журъатлилик, вазифани тушуниш ва ташкилотнинг мақсадларига аниқ риоя қилиш, ташкилотчилик қобилияти сингари сифатлар ҳам айтиб ўтилди.

 

 3-жадвал. Марҳамат қилиб, айтинг-чи, давлат хизмати тизимида ишлаётган кишилар  қандай шахсий ва касбий сифатларга эга бўлишлари керак?

 (%ларда, респондентлар бир неча жавоб вариантларини айтишди)

 

Жавоб вариантлари

%

 Юқори маълумот, касбий маҳорат даражаси ва аниқ соҳадаги  ишнинг  ўзига хослиги бўйича яхши билимга эга бўлиш

51,3

Касбий этикага риоя қилиш ва ҳамма билан тил топа билиш

41,3

Ҳалоллик ва масъулиятлилик

30,1

Ҳиссий заковатнинг юқори даражаси

19,9

Қўйилган вазифаларни ҳал қилишдаги қатъият ва журъатлилик

18,6

Вазифани тушуниш ва ташкилотнинг мақсадларига аниқ риоя қилиш

15,4

Ташкилотчилик қобилияти

15,1

 

Агар сўров ўтказиш пайтида унинг кўпчилик иштирокчилари (78,3%) давлат хизматида ишлаш истагини билдирган бўлишса, айни вақтда тадқиқот иштирокчиларига  уларнинг қаерда ишлашни хоҳлашлари ҳақида берилган саволга респондентларнинг қарийб ярми ўзининг давлат органларида ишлаш истагини билдиришди. Респондентларнинг учдан бири  ўз ишини очишни, тадбиркорлик ва тижорат билан шуғулланишни мақбул билади. Салкам 10% ёш фуқаролар  келажакда ўз касбий фаолиятларини хусусий ва/ёки хорижий компанияга бағишлашни хоҳлашини қайд этишди.

 

 3-расм. Марҳамат қилиб, айтинг-чи, Сиз келажакда қаерда ишлашни хоҳлайсиз?

     (сўралганлар сонидан %ларда)

Олинган маълумотларнинг таҳлили респондентларнинг мойилликларида гендер белгиларга боғлиқ жиддий тафовутлар борлигини кўрсатди.

Қайд этилдики, 55,6% ёш хотин-қизлар ва 44,6% ёш йигитлар келажакда давлат органлари тузилмасида ишлашни мақбул кўради.

Эркаклар хотин-қизларга қараганда ўз тижоратини очишга ва тадбиркорлик билан шуғулланишга кўпроқ даражада мойилдир:  39,6% эркаклар  ва 31,3% хотин-қизлар ана шундай жавоб берди.

Хусусий компанияда ишлашни режалаштираётган респондентлар улуши ёш йигитлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан уч марта кўп ва тегишлича 13,6% ҳамда 4,2%ни ташкил қилади.

 

 4-жадвал. Марҳамат қилиб, айтинг-чи, Сиз келажакда қаерда ишлашни хоҳлайсиз?

     (сўралганлар сонидан %ларда)

 

 

Хусусий компанияда

Давлат  органларида

Ўз тижоратимни очмоқчиман

Айтишим қийин

Эркаклар

13,6

44,6

39,6

2,2

Хотин-қизлар

4,2

55,6

31,3

8,9

 

Тадқиқот жараёнида давлат органларида  ва давлат тузилмаларида ишлаш истагини билдирган респондентлардан ўзларининг келажакдаги фаолиятини танлаш сабабини кўрсатиш сўралди. Мутлақ кўпчилик сўров иштирокчилари иккиланмасдан кенг ва истиқболли имкониятларни, юксак ижтимоий мақомни ҳамда ўзи ва оиласининг  келажакдаги таъминоти  барқарорлиги кафолатларини кўрсатишди.

Ҳар иккинчи респондент муҳим бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, мамлакат ва жамиятни ривожлантиришга ўз улушини қўшиш имкониятини  фуқароларнинг давлат органларида ишлашни хоҳлашининг энг муҳим сабаби, деб ҳисоблайди.

Сўралган ҳар учинчи фуқаронинг фикрича, ижтимоий тўплам, тиббий хизмат кўрсатиш, суғурталаш каби ижтимоий кафолатларни олиш имконияти давлат хизматида ишлашнинг ижобий тавсифларидан бири ҳисобланади.

Ҳар тўртинчи (25,9%) сўров иштирокчисининг ҳисоблашича, касбий фаолиятнинг бундай тури  уларга  давлат хизматчилари тоифасига мансуб бўлишга имкон беради.

Давлат хизматида ишлашни хоҳлайдиган 22,3% ёш фуқароларнинг фикрича,  улардаги танловнинг асосий сабаби хизмат пиллапоясидан кўтарилишдаги ижтимоий сафарбарлик ҳамда ижтимоий ва моддий жиҳатдан барқарорлик кафолатлари таъминланишининг кенг имкониятларидадир.

Давлат органларида ишлаш истагини билдирган 17,9% респондентлар иш ҳақи ва рағбатлантиришларнинг юқори даражасини ўз хоҳишининг асосий сабаби сифатида кўрсатишди,  бу уларга  тўла даражада  моддий эркинлик ва барқарорликка  эга бўлишга имкон беради.

 

 5-жадвал. Марҳамат қилиб,  ўзингизнинг давлат хизматида ишлашни хоҳлашингиз сабабини айтинг (%ларда, респондентлар бир неча жавоб вариантларини айтишди)

 

Жавоб вариантлари

%

Муҳим бошқарув қарорларини қабул қилишда иштирок этиш, мамлакат ва жамиятни ривожлантиришга ўз улушини қўшиш  имконияти

50,5

Ижтимоий кафолатлар олиш имконияти
(тиббий хизмат кўрсатиш,  ижтимоий тўплам, суғурталаш ва ҳ.к.)

31,5

Давлат хизматчилари тоифасига мансуб бўлиш имконияти

25,9

Хизматда ўсиш ва барқарорлик кафолатлари

22,3

Давлат хизматида иш ҳақи ва рағбатлантиришларнинг юқори даражаси

17,9

 

Ўз навбатида, келажакда давлат органларида ишлаш ниятида бўлмаган  респондентлар ўз нуқтаи назарларини фаолиятнинг ушбу тури иш ҳақи даражасининг етарли эмаслиги туфайли уларга моддий эркинлик имконини бермаслиги билан изоҳладилар. Бундан ташқари, 27,4% сўралган фуқароларнинг фикрича, давлат ташкилотларида ишлаш улар учун толиқтирувчи, бир хил ва диққинафас иш ҳисобланади.

Сўралган фуқаролар бир қисмининг ҳисоблашича, коррупция ва маҳаллийчилик мавжудлиги туфайли «керакли» одамлар билан ижтимоий алоқаларсиз давлат органлари ва ташкилотларига ишга жойлашиш ёки касбий ва хизмат пиллапоясидан кўтарилиш имконияти мавжуд эмас.

Сўралганларнинг ҳар ўнинчиси (11,8%) қайд этишича, давлат тузилмалари ва ташкилотлари раҳбарлари ёш, малакали ва истиқболли ходимларни жалб қилишга, мураббийликка ва уларни ўқитишга, ёш мутахассисларга ўз тажрибасини ўргатишга қизиқиш  намоён қилмаяптилар

 

 6-жадвал. Марҳамат қилиб,  ўзингизнинг давлат органларида ва ташкилотларида  ишлашни хоҳламаслигингиз сабабини айтинг

(%ларда, респондентлар бир неча жавоб вариантларини айтишди)

 

Жавоб вариантлари

%

Иш ҳақи даражасининг етарли эмаслиги

31,9

Бир хил ва диққинафас иш

27,4

Коррупциянинг мавжудлиги

17,8

Танишларсиз ишга жойлашиш ёки лавозимда ўсиш имкониятининг мавжуд эмаслиги

17,7

Давлат ташкилотлари раҳбарларида  ёш ходимларни жалб қилишга, мураббийлик ва уларга ўз тажрибасини ўргатишга қизиқишнинг йўқлиги

11,8

Тадбиркорлик билан шуғулланаман

5,9

 

Сўровнинг якунида унинг иштирокчиларидан «Сизнинг фикрингизча, бугунги кунда иш жойини танлашда замонавий  ёшлар учун нима муҳим ҳисобланади?» деб сўралди.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, иш ҳақининг юқори даражаси ҳозирги Ўзбекистон ёшлари учун иш жойини танлашда энг муҳим кўрсаткич ҳисобланади: ушбу кўрсаткич 46,2%ни ташкил қилди.

Сўралганларнинг бир қисми мамлакат ёшлари учун иш жойини танлашда шахсий салоҳиятни рўёбга чиқариш ва касбий ривожланиш имконияти (23,3%), шунингдек, хизмат мавқеининг ўсиши имконияти ва барқарорликнинг мавжудлиги муҳимлигини кўрсатишди.

Респондентлар ўз жавобларида бюрократия ва коррупциянинг йўқлиги ҳам иш жойини танлашда муҳим роль ўйнашини айтишди.

Бундан ташқари, сўралганларнинг фикрича, қизиқарли ва истиқболли иш ҳам  ёшлар учун  иш жойини танлашда  муҳим омиллардан бири саналади.

Фуқароларнинг 10-15 йилдан кейинги  фаолият ва бандлик соҳаси истиқболлари ҳақидаги фикри ўрганилганда, турлича жавоб вариантлари олинди. Сўровда қатнашган ёш фуқаролар ўз келажагини тиббиёт (врач, ҳамшира), таълим (мактабда муаллим, ўқув юрти директори, олий ўқув юрти ўқитувчиси), қурилиш (малакали ишчи, чилангар, муҳандис, меъмор), хизмат кўрсатиш (кийим-кечак тикиш ательеси, умумий овқатланишда хизмат кўрсатиш), молия ва солиқ (банк ходими, солиқчи, ҳисобчи), ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳалари ва ҳарбий органларда (ички ишлар ходими, ҳарбий, ҳуқуқшунос, адвокат), тижорат соҳасида, деҳқон ва фермер хўжаликларида ва бошқаларда кўришларини қайд этдилар.

 

Тадқиқот натижаларининг далолат беришича, мамлакатнинг ёш авлоди ўртасида ўзининг 10-15 йилдан кейинги келажаги ҳақида аниқ қараш ва тасаввурлар мавжуд эмас. Интервью  жараёнида сўров иштирокчилари энг кўп ҳолатда ҳозирги кунда ўзларининг  зарур муаммолари ва кундалик фаолият билан бандликларини, «шу ерда ва  шу кун яшаш кераклигини», «10-15 йил кейин нима бўлишини эса ҳозирча ўйламаганликларини» ва «тасаввур қила олмасликларини», «ҳаммасини вақт кўрсатишини» билдиришди.

 

 4-расм. Сизнинг фикрингизча, бугунги кунда иш жойини танлашда

замонавий  ёшлар учун нима муҳим ҳисобланади?

(%ларда, респондентлар бир неча жавоб вариантларини айтишди)

Умуман олганда, жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, «давлат хизмати» тушунчаси кўпчилик сўров иштирокчиларига тушунарлидир, улар ушбу тушунчани турли даражалардаги давлат лавозимида бутун жамият ва давлатни ривожлантириш  манфаатлари йўлида амалга ошириладиган ва ҳақ тўланадиган касбий фаолият сифатида талқин қиладилар.

Кўпчилик респондентлар (78,3%) яқин вақт ичида давлат хизматида туриб, мамлакатга хизмат қилиш истагини билдиришди. Сўралган ёшларнинг бешдан бири  шахсий сабаблар ва қарашлар туфайли  давлат хизматида ишлашни  хоҳламасликларини ва ўзини касбий фаолиятда намоён қилишнинг муқобил вариантларини мақбул кўришларини қайд этишди.

Сўровнинг кўрсатишича, Ўзбекистоннинг замонавий ёшлари учун иш жойини танлашда иш ҳақининг юқори даражаси, шахсий ва касбий ривожланиш имкониятининг мавжудлиги, шунингдек, хизматда ўсиш имконияти ва барқарорлик энг муҳим кўрсаткич ҳисобланади.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, мамлакатда давлат хизмати қанчалик самарали бўлса, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, рақобатбардошлиги ва халқаро нуфузи шунчалик баланд бўлади. Айни пайтда касбий малака даражаси, астойдил  ишлашга мойиллик, интеллектуал ва ижодий салоҳият, заковат ва ўқимишлиликнинг умумий даражаси, маънавий-ахлоқий сифатлар каби кўрсаткичлар билан тавсифланадиган  давлат ташкилотлари ходимлари таркиби давлат бошқарувининг сифатини белгилаб берувчи бош омил ҳисобланади. Малакали, ҳалол, ишлашни хоҳлайдиган ва қобилиятли давлат хизматчилари – бу нафақат оқилона қонунлар, саводхонлик билан тайёрланган давлат қарорлари, балки ўз хизмат мажбуриятларини диққат билан астойдил бажариш, бефарқ бўлмаслик ва адолатга риоя қилиш, бунинг натижаси сифатида эса, ижтимоий-иқтисодий фаровонлик демакдир.