04.08.2021
680
Умумий эмлаш давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган коронавирус пандемиясига барҳам беришнинг муҳим механизм ҳисобланади, оммабоп ва самарали эмлаш дастурларининг таъминланиши эса аҳоли саломатлигини асраш, коронавирус инфекциясининг фуқаролар ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш учун биринчи даражали аҳамиятга эга.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фирини ўрганиш Маркази COVID-19 га қарши эмланиш борасидаги жамоатчилик фикрининг асосий позицияларини ва фуқароларнинг коронавирусга қарши эмланишга тайёр эмаслиги сабабларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқот ўтказди. Сўровда республикамизнинг барча ҳудудларида, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар ва ундан катта ёшдаги фуқаролар, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи фуқаролар иштирок этишди.
Телефон орқали ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, мамлакат фуқароларининг 53,2%и коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрлигини тасдиқлашди, улар COVID-19 вакцинаси аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олувчи профилактик тадбирлар мажмуасининг муҳим таркибий қисмларидан бири эканлигини англаб етмоқда.
Сўралганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (36,5%) эмланишдан бош тортмоқда.
Сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси жавоб беришга қийналди, бу уларнинг ҳали COVID-19 га қарши эмланиш тўғрисида якуний қарор қабул қилмаганлигидан далолат бериб турибди.
Телефон орқали ўтказилган сўров натижаларига кўра, эмланишга тайёрлик мамлакатнинг эркак аҳолиси орасида 17,4%га юқори бўлиб, 60,7%ни ташкил этади. Аёллар орасида эмлашга тайёрлар ва COVID-19 га қарши эмланишни истамайдиганлар фоизи тахминан бир хил: 43,3% эмлашни истайди, 45,2% истамайди.
Ёш кесими коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрликнинг энг юқори кўрсаткичи 45-54 ёшдаги фуқаролар орасида аниқланганлигини кўрсатди. Эмланиш борасида бир қарорга келмаган фуқароларнинг энг юқори даражаси 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар орасида аниқланди ва 28,4%ни ташкил қилди.
"Сиз қанча вақт ичида COVID-19 га қарши эмланмоқчисиз?", деган саволга жавоб беришда 37,1% фуқаролар келаётган ҳафтада эмланишга тайёрлигини билдиришди. 25,7% телефон сўрови иштирокчиларининг фикрига кўра, улар бир ой ичида эмланишни бошлашлари мумкин. Ҳар ўнинчи респондент (11,3%), поликлиникага чақирилган тақдирда эмланишга тайёр эканлигини таъкидлади. Фуқароларнинг кичик фоизи (1,6%) эмланишни узоқроқ муддатга кечиктиради. Ҳар бешинчи респондент эмланишга тайёр бўладиган вақт ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди.
Тадқиқотнинг асосий мақсадларидан бири фуқароларнинг эмланишдан бош тортиши сабабларини аниқлашдан иборат.
Олинган маълумотларга кўра, 35,9% фуқаролар вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари борасидаги хавотирлик ва кучли ножўя реакцияларга дуч келмаслик учун улар эмланишни рад этишга мажбур бўлган тиббий қарши кўрсатмаларни COVID-19 га қарши эмланишни рад этишнинг асосий сабаблари сифатида айтишди.
Телефон сўровининг кўрсатишича, 34,2% фуқаролар коронавирус инфекциясига қарши эмланишга зарурат кўришмаяпти ва COVID-19 га чалиниши мумкинлигига ишонишмайди. Ушбу тоифадаги фуқароларнинг фикрига кўра, жаҳонда коронавирус инфекцияси атрофида юзага келган вазият кўп жиҳатдан ўйлаб топилган, унинг хавфи жудаям ошириб юборилган, бундан ташқари, ушбу фуқароларнинг касаллик уларни четлаб ўтишига ишончи комил.
Телефон интервьюлари давомида COVID-19 га қарши эмланишга нисбатан салбий муносабатда бўлган фуқароларнинг 16%и вакцинанинг коронавирусдан самарали ҳимоя қилишига шубҳаланишини таъкидлади, чунки бугунги кундаги мавжуд вакциналар уларнинг хавфсизлигини ва самарадорлигини тасдиқлаши мумкин бўлган етарлича тадқиқотлар ва клиник синовлардан ўтмаган.
8,6% респондентлар эмланишни самарасиз, деб ҳисоблайдилар, улар коронавирусга қарши мавжуд вакциналар аҳолининг касални юқтириш хавфини камайтириши ва уларнинг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонишмайди.
Умуман олганда, телефон орқали ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, ҳар иккинчи тадқиқот иштирокчиси одам эмланишга ишонади, уни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали восита деб ҳисоблайди ва ўзини ва ўз яқинларини хавфли вирус билан касалланиш хавфидан сақлаш учун COVID-19 га қарши эмланишга тайёр. Шу билан бирга, аҳолининг бир қисми орасида, баъзан мутлақо асоссиз бўлиб, уларнинг эмланиш истагига ва эмланишга тайёрлигига салбий таъсир кўрсатувчи турли хил қўрқув ва хавфсирашлар кенг тарқалган. Тадқиқотда телефон орқали сўров ўтказиш вақтида эмланиш керакми ёки йўқлиги борасида аниқ позицияга эга бўлмаган гуруҳ аниқланди.
Олинган тадқиқот натижалари жамиятда шаклланган эмланишга қарши стереотипларни бартараф этишга, аҳолининг кенг қатламларига маъқулланган ва мамлакатимизда қўлланилаётган COVID-19 га қарши вакциналар ҳақида, улар таъминлайдиган ҳимоя даражаси ҳақида текшириган илмий маълумотларга асосланган ишончли ахборотни тақдим этишга қаратилган ахборот ишларини фаоллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда .
Ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатадики, бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири аҳоли ўртасида оммавий эмлаш зурурлиги ҳақида маърифий ишларни олиб бориш, айрим фуқароларнинг эмлашдан олдинги қўрқув ва мутаассибликни енгиш.