15.05.2021
493
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Халқаро оила куни арафасида оилавий масалалар ва оилавий қадриятларга бағишланган, никоҳ ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб масалалари тўғрисида ҳамда мавжуд оилавий муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказди. «Фуқароларнинг оила тўғрисидаги фикри: қарашлар, ўзаро муносабатлар, йўналишлар», «Оилавий ажримлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри», «Эрта никоҳлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри» мавзуларидаги тадқиқотлар телефон сўрови усули ёрдамида ўтказилди. Сўровларда республикамизнинг барча ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари иштирок этишди.
Ҳар йили 15 май куни бутун дунёда 1993 йилда оилаларнинг кўплаб муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, уларни ҳал қилиш учун ресурсларни сафарбар қилиш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан эълон қилинган Халқаро оила куни нишонланади. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан оила масалаларига қаратилган жиддий эьтибор оиланинг жамият ва шахснинг барқарор ривожланиши учун тутган ўрни билан боғлиқ. Глобал нуқтаи назардан оилани қўллаб-қувватлашга барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш, жумладан, қашшоқликка барҳам бериш, соғлиқ ва фаровонликни таъминлаш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тенгсизликни камайтириш механизми сифатида қаралади. Замонавий оила дуч келадиган кўплаб муаммолар кўлами гендер омили, меҳнат фаолияти билан оилавий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни ҳисобга олган ҳолда оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш зарурати билан боғлиқ.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида оила институтини, маънавий-ахлоқий асослар ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни никоҳ ва оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилалардаги низоли вазиятлар ва ажримларнинг олдини олиш борасида ягона давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида оилани мустаҳкамлаш, соғлом ва бахтли оналик ва болалик учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳақида ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Оила-никоҳ муносабатлари ва оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, миллий қадриятларга асосланган, халқаро ҳуқуқ нормалари ва талабларига жавоб берадиган қонунчилик базаси узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилаётган давлат дастурлари оилани мустаҳкамлашга қаратилган. Амалга оширилаётган халқаро ва давлат стратегиялари ҳамда оилани мустаҳкамлаш чора-тадбирлари замирида фуқароларнинг оила ва оилавий ўзаро муносабатларга бўлган муносабатининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш юзасидан ўтказилган социологик тадқиқотларнинг натижалари фуқароларнинг оила институти, оиланинг замонавий жамиятдаги роли ва ўрни, оилага замонавий инсон, айниқса, ёшлар нигоҳи билан қараш, уларнинг оила институти ва оила-никоҳ муносабатларини ўзгартиришга бўлган муносабатини аниқлаш имконини беради.
«Фуқароларнинг оила ҳақидаги фикри: қарашлар, ўзаро муносабатлар, йўналишлар» мавзусидаги тадқиқот доирасида ўзбекистонликлар оиласи ҳаётининг турли жиҳатлари оила ҳаётий циклининг ўзига хос хусусиятларини (унинг қадрияти, турмуш ўртоғини танлаш даври ва оилавий ҳаётнинг бошланиши) ва оиланинг мавжуд бўлишини тавсифловчи эҳтимолий қийинчиликлар (оилавий низолар) ва муаммолар (оиладаги зўравонлик) ҳисобга олинган ҳолда ўрганилди. Телефон сўрови ўзбекистонликлар томонидан оиланинг инсон ҳаётидаги ролига берилган табақалаштирилган баҳони аниқлаб берди, унда оиланинг наслни давом эттириш учун зарурлиги ва инсон руҳий-ижтимоий фаровонлигининг ресурси сифатида оила ҳақидаги тасаввурлар асосий ҳисобланади.
Ўтказилган тадқиқот фуқароларнинг бўлажак турмуш ўртоғини танлаш ва оила қуриш мезонларига бўлган муносабатини аниқлаб берди.
Респондентларнинг йигит ва қизларнинг оила қуришга тайёрлигини белгилаб берувчи хусусиятлар ҳақидаги тасаввурлари ролларнинг жамиятда қабул қилинган анъанавий тақсимланишига қараб бир-биридан фарқ қилади. Умуман олганда, респондентларнинг шунга ишончи комилки, молиявий мустақиллик, барқарор, доимий иш ёки даромад манбаининг мавжудлиги ёшлар турмуш қуришининг асосий шарти ҳисобланади, маиший муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олиш ва рўзғорни юрита билиш эса қизлар учун муҳимроқ бўлган сифатдир. Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликлар молиявий мустақиллик, оила учун алоҳида доимий уй-жойнинг мавжудлиги ва бўлажак эр-хотиннинг жисмоний саломатлигини оила қуришнинг асосий шартлари, деб ҳисоблайдилар.
Тадқиқотда ёшларни никоҳга ва оила қуришга тайёрлаш зарурлиги ҳақидаги ғоянинг ўзбекистонликлар томонидан қўллаб-қувватланишининг яққол тенденцияси аниқланди. Аксарият респондентлар (76,5%) ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш керак, деб ҳисоблайдилар, бунда ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, тайёргарлик жараёнида асосий ролни ёшларнинг ота-оналари ўйнаши лозим (73,4%)
Тадқиқот натижалари фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги никоҳни тузишда ФҲДЁда рўйхатга олиш тартиб-таомилини мажбурий деб ҳисоблашини кўрсатди (97,1%). Мазкур кўрсаткич барқарор бўлиб, бир неча йилдан бери шу даражада турибди. Респондентларнинг кўпчилиги никоҳга киришда «никоҳ» диний тўй маросимини ёки черковда никоҳлаш маросимини ўтказиш зарур, деб ҳисоблайдилар (98,5%). Ўзбекистонликлар тиббий кўрикдан ўтиш (95,6%) ва никоҳ шартномасининг имзоланишини (55,9%) ҳам никоҳ тузиш тартиб-таомилининг муҳим шартлари, деб ҳисоблайдилар.
Сўров натижаларининг кўрсатишича, сўров (41,2%) иштирокчиларининг оилаларида низо ва жанжаллар бўлиб туради. Фуқароларнинг фикрига кўра, қуйидагилар сўнгги йилларда оилавий можаролар юзага келишининг асосий сабаблари ҳисобланади: оила аъзолари ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик; моддий қийинчиликлар; ўзининг оилавий мажбуриятларига масъулиятсиз муносабатда бўлиш; эр-хотиндан бирининг ўз ҳукмини ўтказишга, сўзсиз бўйсундиришга эришишга интилиши; бошқа оила аъзоларининг манфаатлари ва фикрини инобатга олмаслик; оила аъзоларининг бир-бирига бефарқлиги; эр-хотиндан бирининг спиртли ичимликларга ружу қўйиши; оиланинг бирон-бир аъзоси касаллиги ва шулар билан боғлиқ муаммолар.
Сўров натижалари кўрсатганидек, унинг иштирокчиларининг аксарияти эр томонидан хотинга нисбатан жисмоний куч ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблашади. Бироқ ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида хавотирли тенденция ҳам кузатилади: 10,3% респондентлар айрим ҳолларда куч ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Респондентлар ушбу қисмининг фикрига кўра, аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга мажбур қилган ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳолатига йўл қўйиш мумкин. Респондентларнинг фикрича, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш (23,5%), ўзаро тушунмовчилик (22,1%) ва моддий қийинчиликлар (20,6%) аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик намоён бўлишининг сабаблари ҳисобланади.
«Эрта никоҳлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри» мавзусидаги тадқиқот ўзбекистонликларнинг мазкур воқеликка муносабати билан боғлиқ масалаларни ўрганиш имконини берди. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 18 ёш – эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам қонун билан белгиланган никоҳ ёши эканлигидан хабардорлиги ўртача даражада ифодаланди.
Ўзбекистонликлар 21-25 ёшни ҳам қизлар, ҳам йигитлар учун оила қуришга энг яхши ёш деб ҳисоблашади. Бошқача қилиб айтганда, респондентларнинг фикрига кўра, ёшларнинг никоҳга кириш вақтини кечиктиришлари уларга маълумот олиш ёки касб-ҳунар эгаллашга, моддий мустақил бўлишга имкон беради.
Телефон сўрови, умуман олганда, эрта никоҳ одатда эрта ёш орқали аниқланиши ҳақидаги тўғри тасаввурни аниқлаб берди. Айни пайтда респондентларнинг 18 ёш ҳам қизлар, ҳам йигитлар томонидан никоҳ тузилиши учун эрта ёш ҳисобланишига ишончлари комил.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда эрта никоҳларнинг тарқалганлигига бериладиган баҳо уларнинг юқори даражада тарқалганлигидан (37,3%) камроқ даражада учраб туришигача (37,1%), фақат айрим вилоятларда (16,8%) ёки алоҳида ҳолатларда (1,5%) учраб туришигача бўлган доирада ўзгариб туради ва салбий ҳисобланади. Респондентларнинг фикрига кўра, аёл учун эрта никоҳга кириш ва бунинг натижасида барвақт ҳомиладорлик ва туғиш унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, жумладан, қизларга ҳаётнинг турли соҳаларида ўзини намоён қилиши учун имкониятлар ва таълим олишни чеклайди.
Ўтказилган сўров эрта никоҳлар сабабларини аниқлаш имконини берди. Улар орасида: ота-оналарнинг ўз фарзандлари оилавий ҳаётини тезроқ йўлга қўйишга интилиши (48,1%), лозим даражадаги тарбиянинг мавжуд эмаслиги ва ёшларнинг репродуктив саломатлик масалаларида саводсизлиги (25,9%), фойдали никоҳ ҳисобидан ўзининг моддий аҳволини ўнглаш истаги (22,5%), режалаштирилмаган ҳомиладорлик (15,2%) ва ҳ.к.лар бор.
Ўзбекистонликлар эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари сифатида қуйидагиларни кўрсатишди: эҳтимолий ажримлар (49,6%), хотин-қизларнинг репродуктив саломатлиги ва болалар саломатлигига салбий таъсир (44,8%), эҳтимолий маиший зўравонлик (19,5%) ва ҳаётнинг турли соҳаларида ўзини намоён қилиш имкониятига салбий таъсир (17,5%).
Тадқиқот давомида унинг иштирокчилари эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида хабардорликни ошириш, ўсмир ва ёшларни эркак ва аёлнинг ўзаро муносабатлари, оилавий ҳаёт, репродуктив саломатлик ва уни сақлаш усуллари ҳақида хабардор қилиш бўйича маърифий тадбирларни ўтказиш орқали эрта никоҳлар амалиётининг олдини олиш зарурлиги ҳақида фикр билдиришди.
«Оилавий ажримлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида ўзбекистонликларнинг фикри» мавзусидаги тадқиқот фуқароларнинг ушбу муаммо ҳақида, респондентларнинг ёши, маълумоти даражаси ва жинсига қараб ажримга бўлган муносабатининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги фикрларини аниқлаш имконини берди. Сўров кўрсатганидек, жинси, ёши, маълумоти даражаси ва бандлик соҳасидан қатъи назар, сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (81,3%) ажрим – бу оила, жамият ҳаётидаги салбий ҳолат, деб ҳисоблайди.
Тадқиқот давомида унинг иштирокчиларининг таъкидлашларича, қадриятлар, шахсий ва руҳий-физиологик хусусиятларнинг энг мақбул тарзда уйғунлашувига асосланиб, эр-хотин феъл-атворларининг бир-бирига мослиги, уларнинг ўзаро муносабатларни ўрнатиш, сақлаш ва узоқ вақт давомида сақлаб туриш қобилияти никоҳ мустаҳкамлигининг асосий гарови ҳисобланади.
Тадқиқот эр-хотиннинг никоҳгача бир-бирини танишлиги даври муддати оиланинг мустаҳкамлигига таъсир кўрсатишини аниқлаб берди. Эр-хотиннинг никоҳгача танишлигининг қисқа муддати бўлажак эр-хотинда бир-бирлари ҳақида ҳар бирининг ҳақиқий фазилатларига мос келмайдиган янглиш тасаввурларни ҳосил қилиши мумкин, уларга ҳаётнинг турли жиҳатлари ва бир-бирининг шахсий хусусиятлари ҳақида етарли даражада тўлиқ маълумот олиш, улар руҳий жиҳатдан бир-бирига қанчалик мос келишини аниқлаш имконини бермайди. Ҳозирги вақтда, сўров натижалари кўрсатганидек, бўлажак эр-хотиннинг никоҳгача бир-бирига таниш бўлишининг бир йилдан кам - қисқа муддати етарли, деган қараш мавжуд, бу оиланинг мустаҳкамлигига путур етказувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Тадқиқотда аниқланишича, респондентлар орасида турмуш ўртоғини ота-оналарнинг бевосита иштирокида танлаш усули кенг тарқалган бўлиб, бунда ота-онанинг фикри ўғли ёки қизининг турмуш ўртоғини танлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Кўплаб ёшлар учун бу нормa ҳисобланади, чунки оила қуришнинг мазкур усули ота-онага ҳурмат, уларнинг ҳаётий тажрибасига ишониш, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларини тушуниш, ўз фарзандларига бўлган муҳаббат ва уларга бахтли мустаҳкам оила қуришга ёрдам бериш истагига асосланган. Иккинчи томондан, оила қуришнинг ушбу усули оиланинг мустаҳкамлигига путур етказиши мумкин ва баъзан ажримга олиб келади. Бу эр-хотин ўртасида муҳаббат ва ўзаро боғлиқлик ҳисси пайдо бўлмаган ҳолларда юз беради. Ҳозирги шароитда ёшларда никоҳнинг сифатига бўлган талаблар ошган, энди улар севмаган одам билан оилавий бахтсиз яшашни хоҳлашмайди ва яшай олишмайди ва бундай никоҳни бузишни афзал кўришади.
49,7% сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, оила институти барқарорлиги пасайишининг асосий сабабларидан бири шундан иборатки, замонавий ёшлар оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда: маънавий етукликка эришмасдан, тугалланган маълумотга, касб-ҳунарга, алоҳида уй-жой ва оилани таъминлаш учун етарли миқдордаги иш ҳақига эга бўлмай туриб никоҳга кирадилар.
Сўров глобаллашув ва оммавий маданият оила институти барқарорлиги пасайишининг омили эканлигини аниқлаб берди (24,0%). Улар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг дунёқарашига, қадриятлари ва қарашларига таъсир кўрсатади, барқарор оила қуриш қобилиятини пасайтиради.
Сўров натижаларига кўра, 45 ёшдан катта респондентларнинг аксарияти ота-оналарнинг ёш оиланинг ҳаётига аралашуви унинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради, деган фикрга қўшилади. Бўй етган фарзандларнинг ота-оналари бўлган фуқаролар оиланинг ички ҳаётига аралашиши жоиз, бу ёш эр-хотинга хатоларга йўл қўймасликка ва бу билан фарзандлар никоҳининг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар. Ёшларнинг каттагина қисми қарама-қарши фикрда: 18-24 ёшдаги ҳар иккинчи респондентнинг фикрича (50%), ота-оналарнинг аралашуви салбий омил ҳисобланади, оиланинг мустаҳкамлигига путур етказади ва эр-хотин ўртасидаги можароларга олиб келади. 20,9% сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, бундай аралашув – оилавий ажримларнинг кенг тарқалган сабаби ҳисобланади.
Сўров оиладаги ажримларнинг энг кенг тарқалган сабабларини аниқлаб берди: эр-хотин феъл-атворларининг мос келмаслиги (41,2%) ва оиладаги моддий муаммолар (40,4%). Эр-хотинда пул маблағларининг етишмаслиги билан, респондентларнинг фикрига кўра, кўпинча ажримга олиб келадиган яна бир муаммо боғлиқ – бу алоҳида уй-жой йўқлиги, яъни бунда ёш оила ота-она ва бошқа қариндошлар билан бирга яшашга мажбур бўлади.
Бепуштлик – 12,6% респондентларнинг фикрига кўра, никоҳ бузилишининг энг кенг тарқалган сабабларидан бири ҳисобланади. Фарзанд кўролмаслик – бу оила учун жиддий муаммо ва фарзанд кўришга интилаётган турмуш ўртоғи, эркак ва аёл, агар оилада узоқ вақт мобайнида фарзанд бўлмаса, ажрашиш учун ариза бериши мумкин.
Тадқиқот натижаларига кўра, аёл эри томонидан зўравонликка дучор этилгач, никоҳни сақлаб қолиш учун юзага келган вазиятга тоқат қилиши, дадил ва кескин ҳаракатлар қилмаслиги керак қабилидаги қараш туфайли оиладаги зўравонлик кўп ҳолларда эр-хотин ўртасидаги ажримга олиб келмайди. Шундай бўлса-да, 12,2% респондентлар оиладаги зўравонликни оила бузилишининг кенг тарқалган сабаби, деб ҳисоблайди.
Тадқиқот эр билан хотин ўртасидаги можароларнинг охирги вақтда пайдо бўлиб, баъзи ҳолларда ажримга олиб келадиган анча замонавий манбасини аниқлаб берди – бу ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиш бўлиб, у кўп вақт ва эътиборни олади ҳамда рашкни қўзғатади (12,2%).
Тадқиқот натижаларига кўра, оила таназзулга юз тутган вазиятда никоҳни сақлаб қолишнинг энг муҳим омили – бу фарзандларнинг мавжудлиги (37,8%). Шу билан бирга, сўров шуни кўрсатдики, фарзандларнинг мавжудлиги эр-хотинни никоҳни бекор қилишдан тўхтатиши мумкин, лекин уларни ажрашиш тўғрисидаги қарорга олиб келган муаммоларни бартараф этмайди. Агар оилада чуқур, ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар бўлса, у ҳолда никоҳни болалар учун сақлаб қолиб, эр-хотин яна эски муаммоларга дуч келишади ва оила ўша беқарорлигича қолади.
Тадқиқотда аниқланишича, жамоатчилик фикрида оилада қандай муаммолар мавжуд бўлмасин, эр-хотин никоҳни бекор қилмаслиги керак, деган фикр устуворлик қилади. Оилани сақлаб қолиш ва фарзандларни тарбиялаш учун улар бир-бирига тоқат қилиб, юзага келган вазиятга кўникишлари лозим: ушбу фикрга 64,3% респондентлар, эркаклар ва аёллар тенг даражада қўшилишади. Респондентларнинг тахминан чорак қисми (25,2%) баъзи ҳолларда ажрашиш ягона йўлдир, бошқа ҳолатларда эр-хотин оилани сақлаб қолиш учун курашишлари керак, деб ҳисоблайди. Бундай нуқтаи назар кўпроқ ёшларга хосдир.
Тадқиқот иштирокчилари (51,3%) никоҳни бекор қилиш тартиб-қоидаларининг мураккаблиги ажримларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ўзини оқлайди, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг таъкидлашларича, ўртасидаги зиддиятлар унчалик чуқур ва муросасиз бўлмаган эр-хотинни бундай жараён ажримдан тўхтатиши мумкин, эр-хотин ярашиб, оилани сақлаб қолишлари мумкин. 13% респондентларнинг фикрига кўра, ажримнинг мураккаб тартиб-қоидалари соддалаштирилиши керак, чунки юқори миқдордаги бож ва бюрократик чўзишлар оилани сақлаб қола олмайди, балки фақат шусиз ҳам руҳий жиҳатдан оғир бўлган ажрим жараёнини янада машаққатли қилади.
Сўровда аёл ажримдан кейин дуч келадиган энг кескин муаммолар аниқланди: моддий муаммолар (47%), уй-жой муаммоси (21,3%), тўлиқсиз оилада болаларни тарбиялашнинг мураккаблиги (28,7%), бошқа фуқаролар томонидан билдириладиган салбий муносабат (44,8%).
Сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг оилавий ажримларга нисбатан салбий муносабати, аввало, унинг фарзандлар учун оғир оқибатлари билан боғлиқ. Агар ажрашган эр-хотиннинг фарзанди бўлмаса, фуқаролар никоҳнинг бекор қилинишига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишади.
Умуман олганда, тадқиқот натижалари кўрсатганидек, оила ўзбекистонликлар учун асосий ҳаётий қадрият бўлиб қолмоқда. Фуқароларнинг тасаввурида мамлакатимизда оиланинг ўзига хос фазилатлари – меҳмондўстлик, меҳнатсеварлик, болаларга муҳаббат, катта авлоднинг юқори нуфузи, оила аъзолари ўртасидаги муҳаббат ва маънавий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро тушуниш туйғусига қурилган муносабатлардир
Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва оила институтини мустаҳкамлаш ва оиладаги ўзаро муносабатларни тартибга солишга қаратилган амалий чора-тадбирларнинг муҳимлиги ва долзарблигига ишончи комил. Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар оиланинг жамиятдаги роли ва аҳамиятини оширади, оилаларда қулай ва монанд муносабатлар ўрнатилишига ҳисса қўшади, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлашга ва ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади, деган фикрга қўшиладилар.