26.03.2020
419
Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида камбағалликни камайтириш бўйича белгиланган масалалар юзасидан мамлакат фуқароларининг фикрини ва Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга ўзбекистонликларнинг муносабатини аниқлаш.
Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 12-18 март кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 458 нафар респондентлар сўралди.
Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.
Фуқароларнинг кўпчилиги давлат Раҳбари томонидан аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, мамлакатда камбағалликни камайтириш бўйича таклиф этилган чора-тадбирлар ҳақида хабардор.
Телефон сўрови шуни кўрсатдики, давлат Раҳбарининг маърузаси ва унда мавжуд муаммоларнинг очиқ-ойдин тан олиниши жамоатчилик фикрида катта акс-садо берди, фуқаролар Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларга, мамлакат сиёсий ҳаётига дахлдорлик ҳиссининг юқори даражасини намоён қилмоқдалар.
Сўров натижалари Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатнинг мамлакат фуқаролари, умумхалқ томонидан шак-шубҳасиз қўллаб-қувватланаётганлигини тасдиқлади. Олинган маълумотлар мамлакат Президентининг ташаббуси билан юртимизда камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни республикамиз фуқаролари ижобий баҳолаётганликларидан гувоҳлик беради.