322

Тадқиқотнинг мақсади: фуқароларнинг коронавирус инфекциясига қарши курашиш, карантинни босқичма-босқич юмшатиш ва Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишига пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳақидаги фикрини ўрганиш.

Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 12-18 май кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 771 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 

Телефон сўрови давомида фуқароларнинг кўпчилиги (90,2%) берган жавобга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус тарқалишининг олдини олиш, мақбул санитар-эпидемиологик вазиятни ва аҳоли соғлиғини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғри, ўз вақтида қабул қилинган бўлиб, мамлакатда вужудга келган эпидемиологик вазиятга мувофиқдир, шунингдек, давлат, жамият ва ҳар бир кишининг манфаатларига мос келади.

Умуман олганда, мамлакат аҳолиси CОVID-19 инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тиббий, ижтимоий ва иқтисодий йўналишлардаги узоқ муддатли ечимлар тизимини қамраб олган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Аксарият фуқароларнинг фикрича, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш даврида ҳар бир муайян минтақа, туман, аҳоли пунктидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилиш, янгича шароитда яшаш ва ишлаш учун эса санитария хавфсизлигининг оддий, аммо самарали қоидаларига риоя этиш зарур.