11.05.2020
370
Тадқиқотнинг мақсади: Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида юз берган сув тошқини оқибатларини бартараф этиш тўғрисида фуқароларнинг фикрини ўрганиш.
Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 4-7 май кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 330 нафар респондентлар сўралди.
Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.
Телефон сўровининг аниқлашича, мамлакатнинг кўпчилик фуқаролари (98,2%) юз берган фалокат ва унинг кўлами ҳақида билишади, ҳар иккинчи ўзбекистонлик (57,9%) Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатларидан, мамлакат Президенти раҳбарлигида сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардан яхши хабардор ва бу ҳақдаги маълумотларни мунтазам кузатиб бормоқда.
Ўзбекистонликлар «минглаб ватандошларимизни бошпанасиз қолдирган фожеадан астойдил изтиробда эканликларини» алоҳида қайд этдилар, фуқаролар «жабрланган кишиларга тезроқ одатий турмуш тарзига қайтишлари ва уй-жойларининг тикланишини» чин юракдан тиладилар ҳамда «халқимиз, мамлакатимиз барча қийинчилик ва синовларни ҳамжиҳатликда енгишига» ишонч билдирдилар.
Сўров иштирокчилари гидроиншоотлардаги хавфсизлик даражасини ошириш, уларни мунтазам профилактика қилиш, улардан фойдаланишни назорат қилишнинг янги тизимини яратиш, фалокат айбдорларини қаттиқ жазолаш, коррупцияга қарши курашиш, қатъий интизом ўрнатиш, мамлакатдаги мавжуд бошқа сув омборларининг ҳолатини текшириш Сардоба сув омборидаги каби фожеалар такрорланишининг олдини олишга имкон беришини қайд этдилар. Бундай иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатилиши, фуқароларнинг фикрича, келажакда шу сингари ҳодисаларнинг олдини олишда энг муҳим чора ҳисобланади.