349

 “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳар йили мониторинг режимида одам савдосига қарши курашиш масалалари юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш, ушбу жиноий фаолиятнинг сабаб ва оқибатларини аниқлаш ҳамда ушбу соҳадаги чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида социологик тадқиқотлар олиб боради.

Сўровда мамлакатимиз барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар ва кексалар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.

Сўров натижалари мамлакат фуқаролари томонидан одам савдоси муаммоси кескинлигининг англаб етилиши, унинг юзага келиши асосий сабабларининг тушунилиши ҳақидаги ахборотни ўзида намоён этади, шунингдек, фуқароларнинг одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бўйича фикр ва таклифлари аниқланди.

Жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, фуқароларнинг одам савдоси каби жиноятлардан умумий хабардорлиги 14%га ошган: 78,9% сўров иштирокчилари одам савдоси каби ижтимоий муаммо ҳақида тўлиқ хабардор бўлиб, баъзи фуқаролар кўпинча катта миқдорда пул топишни истаган ҳолда чет элда ишга жойлашиш учун нолегал йўл билан ёлланиб, жиноятчилар учун осон ўлжага айланиб қолишади, деб ҳисоблайдилар. Сўров иштирокчилари одам савдосини меҳнатга ноқонуний мажбурлаш, алдаш, фирибгарлик ва эксплуатация қилиш мақсадида инсонга ва унинг ҳаётига қарши жиноят, деб ҳисоблашади.

Жамоатчилик онгида одам савдоси жиноятчилик турлари аёллар ва эркакларнинг меҳнат эксплуатацияси, инсоннинг тобе ҳолати, қуллик ва қарамлик, жинсий эксплуатация, болаларнинг меҳнат эксплуатацияси ва одамларни органларидан фойдаланиш учун уларни сотиш каби жиноятлар билан боғлиқ.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (88,2%) одам савдоси муаммоси ва у билан боғлиқ жиноятлар ҳамда фуқаролар учун оқибатларни жамият ва умуман давлат учун жиддий хавф туғдирувчи миллий миқёсдаги муаммо, деб ҳисоблайдилар. Таъкидлаш жоизки, ушбу кўрсаткич жорий давр мобайнида: 2020 йилдаги 83,8%дан 2021 йилда 88,2%гача ошди.

Тадқиқотда фуқароларнинг меҳнат қуллигига тушиб қолишига хизмат қилувчи сабаблар аниқланди. 27,9% сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, одамларнинг меҳнат қуллигига тушиб қолишининг асосий сабаби – ишсизликдир. Аҳолининг бир қисми ўз яшаш жойида ишга жойлаша олмайди ва бошқа минтақага/мамлакатга ишлашга бориб, у ерда бир қатор объектив ва субъектив сабабларга кўра қул савдогарларининг "ўлжасига" айланади.

Сўралганлардан бир қисмининг таъкидлашича, тез пул топишга интилиш ва паст ҳуқуқий саводхонлик туфайли баъзи фуқаролар меҳнат қуллигига тушиб қолишади ва бунда ёрдам сўраб қаерга мурожаат қилишни, ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш мумкинлигини, чет элга ишлаш учун кетишда меҳнат қарамлигига тушиб қолмаслик учун нима қилиш кераклигини билишмайди.

Респондентларнинг яна бир қисми баъзи одамлар касб-ҳунар ва/ёки олий маълумотга эга эмаслиги туфайли эҳтимолий қийинчиликлар ва оқибатлар ҳақида ўйлаб ўтирмасдан, паст меҳнат ҳақи тўланадиган турли шароитда ҳар қандай иш ва фаолият турларини бажаришга рози бўлишини таъкидлади.

Сўров натижалари сўров иштирокчиларининг қарийб учдан бир қисми мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилаётгани, одам савдоси, эксплуатация ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишга қаратилган қонунчилик базаси такомиллаштирилаётгани ҳақида хабардор эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, сўров иштирокчилари маҳаллий давлат бошқаруви органлари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда одам савдоси қурбонларига тиббий, ижтимоий ва руҳий ёрдам кўрсатган ҳолда, уларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўраётгани ҳақида хабардор эканини таъкидлашди. Шунингдек, респондентлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида фуқароларни легал меҳнат миграциясининг имкониятлари ва устунликлари ҳақида хабардор қилишга қаратилган маърифий ишлар олиб борилаётганини, пул топиш мақсадида бошқа мамлакатларга кетаётган фуқаролар билан ахборот-тушунтириш суҳбатлари ўтказилаётганини ҳам таъкидладилар.

Сўров шуни кўрсатдики, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг одам савдосига қарши курашиш борасидаги фаолияти ҳақида хабардор бўлган респондентларнинг ярмидан кўпи маҳаллий давлат органлари ишининг натижадорлиги ва самарадорлигига ижобий, 38,0%и - қониқарли, 7,5%и эса ушбу ҳаракатлар юқори самарадорлик учун етарли эмаслигини таъкидлаган ҳолда салбий баҳо беришмоқда.

“Марҳамат қилиб, айтинг-чи, минтақангиз (туман, вилоят) аҳолисининг, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг меҳнат ва жинсий қулликка тушиб қолиш хавфининг даражаси пасайдими” деган саволга сўровда қатнашган фуқароларнинг қарийб ярми "Ҳа, пасайди", деб жавоб берди. Ушбу кўрсаткич ижобий тенденцияга эга: жорий даврда 2020 йилдаги 42,2%дан 2021 йилда 48,0%га ошди. Респондентлар таъкидлаганидек, бу, биринчи навбатда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига қарши курашиш соҳасида яхши ташкил этилган фаолияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдосининг олдини олиш борасидаги иши, аҳолини ушбу муаммо ҳақида хабардор қилиш бўйича турли тадбирларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (93,0%) ёш аёллар ўз болаларини (боласини) сотишга қарор қилган ҳолларга нисбатан инкор этиш нуқтаи назаридан ўта салбий муносабатда. Сўралган эркак ва аёлларнинг аксарияти бола савдоси ахлоқсиз ва фосиқ хусусиятга эга эканига ва жамиятимизда мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол эканига ишончи комил. Сўров иштирокчилари бола савдоси каби ҳолатларга қарши курашишга тайёр эканликларини ва агар уларга бундай ҳолатлар ҳақида маълум бўлса, албатта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилишларини айтишди.

Фуқароларнинг фикрига кўра, болани сотишга қарор қилган аёлларга руҳий ёрдам ва кўмак зарур. Респондентларнинг таъкидлашларича, аёл бундай радикал ҳаракатни оғир руҳий ва эмоционал шок ҳолатида ва/ёки руҳий ёрдамга муҳтож бўлган руҳий носоғлом аёл ҳолатида содир этиши мумкин.

Шунингдек, респондентлар ўз фарзандларини сотаётган аёлларга нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби жазо чорасини қўллаш зарурлигини ва "ҳақиқий она ҳаётда ҳар қандай шароитда ва қийинчиликларда бундай ҳаракатни қилмайди”, "бундай оналарни қатъий тартибда оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак," "бошқа йўл йўқ" деб таъкидладилар.

Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, фуқароларнинг меҳнат қуллигига тушиб қолишининг олдини олишга ёрдам берувчи асосий чоралар – мамлакат ҳудудларида иш ўринларини яратиш ва фуқароларни яшаш жойида ишга жойлаштириш, бошқа мамлакатга легал меҳнат миграциясини ташкил этиш (булар фуқароларнинг бошқа мамлакатга нолегал кетишининг олдини олади), доимий мониторингни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти савиясини ошириш, жамиятнинг хавфли вазиятлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш, аҳоли билан кенг кўламли тарбиявий ва тушунтириш ишларини олиб бориш, давлат ва хусусий ўқув юртларида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир. Ўзбекситонликлар миллий хавфсизликни, жамият манфаатлари, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайдиган давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти йўналишини қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар.

Умуман олганда, сўров шуни кўрсатдики, фуқаролар одам савдосига қарши курашиш, легал миграция ва хорижда ишга жойлашиш учун шароитлар яратиш, одам савдоси қурбонига айланган шахсларга ёрдам беришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашади. Ўзбекситонликлар ушбу жиноят турининг ҳар қандай кўринишларига ўта салбий муносабат билдиришади, уни жамиятимиз учун номақбул деб ҳисоблайди ва ҳукуматнинг ушбу масалани ҳал қилиш борасидаги фаолияти йўналишини қўллаб-қувватлашади.