9

«ФУҚАРОЛАР МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР ТЎҒРИСИДА»

(жамоатчилик фикри сўрови натижалари бўйича)

Миллатлараро муносабатлар доимо мамлакатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг муҳим қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон кўп миллатли давлат бўлиши баробарида, турли миллат вакиллари кўп асрлар давомида ўзаро ҳурмат ва тинчлик муҳитида яшаб келаётганининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Замонавий шароитларда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мамлакат барқарорлиги, тараққиёти ва хавфсизлигининг ажралмас таркибий қисмига айланмоқда. Сўнгги йилларда кўп миллатли мамлакатимизнинг ҳар бир этник гуруҳи, ҳар бир вакили ўзини Янги Ўзбекистон ягона халқининг бир қисми сифатида ҳис қилиши учун катта куч-ғайрат сарфланмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.[1]

Мамлакат Президенти Ш.M.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат жамиятда турли халқлар ва маданиятлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлашга қаратилган бўлиб, кўрилаётган чора-тадбирлар фуқаролар ўртасида бирдамлик, ўзаро тушуниш ва ишонч ҳиссини мустаҳкамлашга, миллий ёки диний эътиқодга асосланган ҳар қандай камситиш ва тенгсизликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Ёшларни Ватанга меҳр-муҳаббат, маданият ва тиллар хилма-хиллигига ҳурмат, Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатлик қадрини англаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг миллий ёки диний мансублигидан қатъи назар, нафақат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки уларнинг мамлакатнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида тўлиқ иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат стратегиясининг муҳим қисмига айланмоқда.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг қабул қилинган концепцияси жамиятнинг янада барқарор ва баркамол ривожланиши, фуқароларнинг ҳуқуқ- эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлаш, унинг ҳудудида яшаётган миллатлар ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, миллатлараро бағрикенглик, жамиятда тотувлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам замин яратади.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлашга имкон беради. Тадқиқотлар натижаларининг миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати чора-тадбирларини аҳолининг қандай идрок этишини тушунишга ёрдам бериши амалдаги дастурларни аниқлаштириш ва такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқлари, маданий хилма-хиллик ва ижтимоий уйғунлашув соҳасида самарали стратегияларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Сўров натижалари мониторинги миллатлараро муносабатларни идрок этишдаги ўзгаришларни ўрганиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат самарадорлигини баҳолаш имконини беради. Ўтказилаётган сўровларнинг алоҳида аҳамияти шундан иборатки, уларнинг натижаларидан этник ва маданий тафовутлар билан боғлиқ эҳтимолий зиддиятли вазиятларни прогнозлаштириш учун фойдаланилиши мумкин. Жамоатчилик фикри сўровлари ижтимоий кескинликнинг олдини олиш ҳамда жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ёрдам беради, улар мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга қаратилган самарали давлат сиёсатини шакллантириш учун илмий асосланган маълумотларни тақдим этади.

Миллатлараро муносабатлар жамоатчилик фикри сўрови натижалари асосида умуман минтақалар, Ўзбекистоннинг турли хил аҳоли пунктларида яшовчи аҳоли нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Таҳлил ишлари турли ёш тоифалари ва ижтимоий гуруҳлардаги эркаклар ва аёлларнинг бошқа миллат вакилларига бўлган муносабати, миллатлараро муносабатларни белгиловчи омиллар, фуқароларнинг бошқа миллат вакиллари билан ўзаро муносабатда бўлишга тайёрлиги, шунингдек, этник келиб чиқиши бўйича камситишларнинг мавжудлиги ёки йўқлигини ҳам қамраб олади.

Ўзбекистонликларнинг миллатлараро муносабатлари бўйича 2024-2025 йилларда ўтказилган мониторинг этнослараро муносабатларни идрок этишнинг ижобий позициясини, бағрикенглик, маданиятлараро ўзаро ҳурмат ва этник ҳамжиҳатлик нормаларининг жамоатчилик онгида барқарор акс этишини аниқлади.

Миллатлараро муносабатлар ҳолатига берилган юқори баҳоларнинг устунлиги жамиятда ахлоқий хилма-хилликка асосланган қадриятларнинг чуқур илдиз отганлигидан далолат беради ҳамда ижтимоий интеграция, кўпмаданиятлилик ва миллий озчиликларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тамойиллари асосида танланган миллатлараро сиёсат моделининг самарадорлигини тасдиқлайди.  

Респондентларнинг миллатлараро ва диний-маданий контекстда ўз аҳволидан барқарор юқори субъектив қониқиши (тадқиқот давомида респондентлар ўзларини миллий, диний, маданий-тил муҳити бўйича тамомила қулай ва эркин ҳис қилишини таъкидладилар) чуқур ўйланган ва  ижтимоий-маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали давлат сиёсатининг натижаси ҳисобланади.

Сўровнинг аниқлашича, мамлакат фуқаролари миллатлараро муносабатлар яхшиланаётганини, шунингдек, сўнгги йилларда муносабатлар барқарорлигининг юқори кўрсаткичлари сақланиб қолаётганини қайд этишмоқда. Олинган натижалар миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий интеграция, мамлакатимиздаги бошқа миллатлар ва диний эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик ва очиқлик соҳасидаги барқарор ижобий динамиканинг индикаторлари ҳисобланади.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари Ўзбекистонда фуқаролар ўртасида бирдамлик, ўзаро англашув ва ишонч туйғусини мустаҳкамлаш, миллий ёки диний мансублик бўйича ҳар қандай камситиш ва тенгсизликнинг олдини олиш юзасидан самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётганини тасдиқлайди. Глобал даъватлар ва минтақавий беқарорликлар шароитида Ўзбекистонда сақланиб қолаётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро тушуниш миллий тараққиётнинг фуқаролик идентиклик, ижтимоий капитал ва сиёсий-ҳуқуқий тизим барқарорлигини таъминловчи қудратли стратегик ресурсига айланмоқда.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 15 ноябрдаги ПФ-5876-сон Фармони, https://lex.uz