554

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЯНГИ ЙИЛОЛДИ КАЙФИЯТИ

Янги йил арафасида, доимий анъанага кўра, «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ мамлакатимиз фуқаролари яқинлашиб келаётган янги йил байрамини қандай кайфият ва умидлар билан кутиб олишни режалаштираётганликларини аниқлаш мақсадида социологик сўров ўтказди.
Байрамлар, ўзига хос маданий рамз ҳисобланиб, жамиятнинг жипслашувига ёрдам беради, шунингдек, ижтимоий меъёрлар ҳақидаги маълумотларни эркин ва ҳис-ҳаяжонли вазиятда етказиш орқали ёшларни анъанавий қадриятларга амал қилишга ундаган ҳолда, авлодлар ўртасидаги муносабатлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Келажакка умид ва ишонч билан тўлиб-тошган энг севимли ва қувончли байрамлардан бири - Янги йил ўзбекистонликлар учун ана шундай байрамлардан ҳисобланади.
Ўзбекистонликларнинг янги йилолди кайфиятини таҳлил қилиш уларнинг янги йилни нишонлашга бўлган муносабатини (жумладан, ҳиссий ҳолатни), байрам анъаналарини (жумладан, нишонлаш жойи, байрам дастурхони, совғалар тайёрлаш), 2021 йил сарҳисоби ва 2022 йилдан кутилаётган эзгу умидларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди.
Телефон сўрови шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Янги йилни нишонлайди.
Байрам олдидан респондентларнинг аксарияти (81,8%) яхши онларни кутиш билан боғлиқ хурсандчилик, кўтаринки кайфиятга эга, сўров иштирокчиларининг янги йил уларга янги ютуқлар ва оддий инсоний қувончлар олиб келишига, яқин кишилари ва қариндошларининг илиқ табассуми билан тўлиб-тошишига ишончи комил.
Ҳар қандай байрам доимо муайян сўзлар, кечинмалар, ҳаракатлар билан боғланади. Сўров Янги йилни кутиш ўзбекистонликларда байрамона муҳит билан боғланишини кўрсатди. Ушбу боғланишлар дастурхон тузаш, арча безатиш, совғалар улашиш, болалар кулгуси ва қувончи билан боғлиқ.
Телефон сўрови шуни кўрсатдики, Янги йил ўзбекистонликлар учун оилавий байрам бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги янги 2022 йилни ўз уйида кутиш ва нишонлашни режалаштирмоқда (92,4%).
Янги йилни оилавий нишонлаш хусусияти респондентларнинг янги йил кечасини ким билан ўтказишни режалаштираётгани ҳақидаги жавобларида ўз ифодасини топади. Сўралганларнинг аксарият кўпчилиги Янги йилни ўз оиласи билан кутишади (97,3%).
Сўров иштирокчилари Янги йилни ўз оиласи билан кутиш анъанасини ёқтиришларини айтишди, чунки кўпчилик учун бу қариндошлар ва яқин кишилар билан дастурхон атрофида тўпланиш, бир-бирига қувонч улашиш, муаммолар ҳақида унутиш ва хурсандчилик қилиш учун ажойиб баҳона. Ўзбекистонликлар учун Янги йилда оилавий анъаналар, бир жойга тўпланиш, бир-бирига совға-саломлар улашиш ва илиқ тилаклар билдириш имконияти энг қадрли бўлиб қолмоқда.
Янги йил учун байрам дастурхонини тайёрлаш – ушбу байрамнинг анъаналаридан бири. Респондентлар янги йил дастурхони учун миллий таомлар (масалан, ош, қозон-кабоб), хамир овқатлар ёки товуқ гўштли таомлар, турли машҳур ва анъанавий – «Оливье», сельдли салатларни тайёрлашни режалаштиришмоқда ва, албатта, тадқиқот иштирокчилари турли байрам десертлари ва ширинликлар номини айтишди.
Янги йилолди муҳити ҳар доим яқинлар учун совғалар излаш ва улардан совғалар кутиш билан боғлиқ. Респондентлар асосан болаларга, ота-оналар ва барча яқин қариндошларига совғалар улашадилар. Совғалар ҳақидаги саволларга берилган жавоблар Янги йил ўзбекистонликлар учун оилавий байрам, улар айнан ўз қариндошлари ва яқинларига қувонч улашишни хоҳлайдиган байрам эканлигини яна бир бор намойиш этмоқда.
Янги йилни нишонлаш оилалар ва дўстларни бирлаштиради, яқинлар билан бирлашиш ҳиссини уйғотади, жамиятнинг жипслашуви учун шароит яратади.
Телефон сўрови шуни кўрсатдики, 2021 йилда ўзбекистонликлар COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини бошдан кечирганига қарамай, респондентларнинг ярмидан кўпи ўтаётган йилни шахсан ўзи учун хотиржам йил бўлди, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг бир қисми 2021 йилнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонларини таъкидлашди. Айрим респондентларнинг ҳисоблашларича, 2021 йилда оғир даврлар ҳам бўлган, лекин кейин ҳаммаси изига тушиб кетган.
Ўтаётган 2021 йилнинг ижобий баҳоси респондентларнинг янги 2022 йилдан умидлари билан боғланади – сўралганларнинг кўпчилиги кириб келаётган йилдан фақат рўшнолик ва яхшиликни (76,9%) ёки 2021 йилдагига қараганда янада яхшироқ бўлишини (21,4%) кутмоқда.
Бошқача қилиб айтганда, сўралган ўзбекистонликлар кириб келаётган 2022 йилни эзгуликка ишонч ва умид билан кутишмоқда.
Шундай қилиб, ўтаётган йилни шахсан ўзи учун ҳам, умуман мамлакат учун ҳам ижобий йил, деб баҳолаш ўзбекистонликларга хосдир. Бу респондентлар томонидан мамлакатнинг янада жадал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишининг тушунилишида ўз ифодасини топмоқда.
Умуман олганда, ўтказилган телефон сўрови ўзбекистонликларнинг янги йилолди кайфияти ижобий эканлигини аниқлади. Барча учун севимли бўлган янги йил байрамлари ўзбекистонликлар қалбини ўз оиласи тафти билан иситади, қариндош-уруғлар ва яқин инсонлар билан мулоқот қилиш қувончини ва ижобий ўзгаришларга умид бахш этади. Фуқароларнинг янги 2022 йил муваффақиятли бўлишига, хотиржамлик ва фаровонлик олиб келишига, кўзланган режаларнинг амалга оширилишини таъминлашига ишончи комил.