497

Тадқиқотнинг мақсади: коронавирус инфекциясига қарши курашиш даврида меҳнат бандлигини таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш ва карантин чекловлари ҳамда ўзини яккалаш тартибининг меҳнат фаолиятига таъсири ҳақида фуқароларнинг фикрини аниқлаш.

Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 22-29 май кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 771 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 

Олинган натижаларга мувофиқ, 71,9% фуқаролар ўз иш жойлари ва меҳнат фаолиятидан олинадиган даромад манбаларини сақлаб қолишган, 28,1% респондентлар эса карантин чекловлари туфайли ишларини йўқотишгани ва даромад манбасига эга бўлмаганликларини қайд этишди.

Сўров иштирокчиларининг деярли ярми одатдаги тартибда ишлашган, ишга чиқиб, ўз хизмат ва лавозим вазифаларини бажаришган, қолган қисми масофавий тарзда ишлаган, меҳнат таътилида ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлишган.

Телефон сўровининг кўрсатишича, коронавирус пандемияси меҳнат бозоридаги мавжуд муаммоларни  кескинлаштирди, жумладан, ишсизлик даражаси ўсди (сўров иштирокчиларининг учдан бири чекловчи чоралар даврида ишсиз ва даромад манбасисиз қолди). Олинган маълумотларга мувофиқ, меҳнат бозорини мавжуд бўш ўринлар ҳақидаги маълумот билан таъминлашни яхшилаш керак, чунки ишдан маҳрум бўлган фуқаролар ҳамиша ҳам бундай маълумотларга эга бўлишмайди, натижада иш тополмайдилар; меҳнат бозори талабларига мувофиқ кадрларни қайта тайёрлаш тизимини кучайтириш, ишсизларни қайта тайёрлаш ва уларга касб ўргатиш учун қўшимча имкониятларни яратиш, шунингдек, бизнесни ривожлантириш учун кредитлар бериш орқали тадбиркорликни рағбатлантириш, ишга муҳтож фуқароларга меҳнат бандлигини, айниқса, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишини ривожлантириш доирасида турли мослашувчан шаклларни танлаш имкониятини кўпайтириш зарур.