2

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 35 ЙИЛИ: ЖАМИЯТ ҚАДРИЯТЛАРИ, ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИК ВА КЕЛАЖАККА ИШОНЧ

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Ўзбекистон мустақиллиги - 35 йил. Бугун ва келажакка жамиятнинг назари: қадриятлар ва ижтимоий барқарорлик» номли жамоавий монография тайёрланди.

Тадқиқотнинг эмпирик асосини Марказ томонидан ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари натижалари ташкил этади. Ушбу маълумотлар мустақиллик йилларида мамлакатда рўй берган ўзгаришларни аҳоли қандай идрок этаётгани, қайси ютуқларни устувор деб баҳолаётгани, қандай ижтимоий муаммоларга эътибор қаратаётгани ҳамда Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётини қай тарзда тасаввур қилаётганини аниқлаш имконини берган.

Монографияда жамоатчилик фикри социологиясининг назарий ва амалий аҳамияти, аҳолининг қадриятлар тизими, фуқаролик ва миллий ўзликни англаш жараёнлари, иқтисодий ҳамда сиёсий қарашлар, анъаналар ва инсон ҳуқуқларига муносабат илмий жиҳатдан ёритилган. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳаётий стратегиялари, бандлик ва тадбиркорликка интилиши, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, инновацион технологиялар, нейрон тармоқлар ва сунъий интеллектдан фойдаланишга оид қарашлари алоҳида тадқиқ этилган.

Социологик маълумотлар таҳлили Ўзбекистон жамиятида оила, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, миллий анъаналар, маданий мерос ва жамоавий масъулият каби маънавий-ахлоқий қадриятлар барқарорлигини кўрсатади. Шу билан бирга, таълим олиш, касбий ривожланиш, шахсий ташаббус, иқтисодий мустақиллик ва ўзини ўзи рўёбга чиқаришга интилиш замонавий қадриятлар тизимида тобора муҳим ўрин эгаллаётгани асослаб берилган.

Асарда ёшлар ижтимоий ўзгаришларга таъсирчан ва мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётини белгилайдиган стратегик ижтимоий гуруҳ сифатида талқин этилади. Уларнинг таълим, муносиб меҳнат, касбий ўсиш, уй-жой, тадбиркорлик ва рақамли имкониятларга доир кутилмалари жамият тараққиётининг муҳим индикаторлари сифатида баҳоланган.

Монографиянинг муҳим илмий хулосаларидан бири - Ўзбекистонда анъанавий қадриятларга содиқлик, янгиланишга очиқлик, ижтимоий барқарорликка интилиш ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ўзаро уйғунлашаётганидир. Фуқаролар амалга оширилаётган ўзгаришларни, биринчи навбатда, уларнинг кундалик турмуш сифати, фаровонлик, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимояга кўрсатаётган амалий таъсири орқали баҳолайдилар.

Тадқиқотда мустақиллик фуқаролар онгида тарихий ютуқ билан бир қаторда, тинчлик, хавфсизлик, сиёсий барқарорлик, миллий ўзлик, ижтимоий тараққиёт ва келажакка ишончни таъминловчи фундаментал ижтимоий қадрият сифатида намоён бўлиши илмий далиллар асосида очиб берилган. Жамоатчилик фикри эса давлат ва жамият ўртасидаги қайтар алоқани таъминлайдиган, ижтимоий талаб ва кутилмаларни аниқлайдиган ҳамда ислоҳотлар самарадорлигини баҳолайдиган муҳим механизм сифатида асосланган.

Нашрнинг амалий аҳамияти ундаги таҳлилий хулосалардан давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш, ёшлар билан ишлаш, фуқаролик иштирокини кенгайтириш ҳамда аҳолининг эҳтиёжларига мос қарорлар ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкинлиги билан белгиланади.

Монография социологлар, сиёсатшунослар, давлат бошқаруви соҳаси мутахассислари, илмий ходимлар, экспертлар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, талабалар ҳамда замонавий Ўзбекистондаги ижтимоий жараёнлар ва жамоатчилик фикри динамикасига қизиқувчи китобхонлар учун мўлжалланган.

Мазкур монография билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази кутубхонасида танишиш мумкин.