4

Ўзбекистонда рақамли давлат хизматларини ривожлантириш сўнгги йилларда давлат бошқарувини модернизация қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатда амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари нафақат давлат хизматлари тизимини янгилаш, балки аҳоли учун қулай, тезкор ва очиқ хизмат кўрсатиш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам рақамли давлат хизматларини кенгайтириш масаласи стратегик вазифалардан бири сифатида белгиланди. Давлат раҳбари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва замонавий электрон платформаларни жорий этиш аҳоли турмуш сифатини оширишнинг муҳим шарти эканини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатда “my.gov.uz” ягона интерактив давлат хизматлари портали, мобил иловалар ва электрон платформалар орқали кўрсатилаётган хизматлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу эса давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2026 йил апрел ойида ўтказилган “Фуқароларнинг кундалик амалиётида рақамли давлат хизматлари: қулайлик ва ишонч” мавзусидаги жамоатчилик фикри сўрови натижалари мамлакат аҳолиси ҳаётида рақамли давлат хизматларининг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди. Тадқиқот рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси, аҳолининг уларга бўлган ишончи, мавжуд муаммолар ва истиқболли йўналишларни аниқлаш имконини берди.

Таҳлилларга кўра, респондентларнинг қарийб ярми - 47,8 фоизи интернет, мобил иловалар ва бошқа электрон платформалар орқали рақамли давлат хизматларидан фойдаланишини билдирган. Айниқса, шаҳар аҳолиси орасида рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси юқори бўлиб, бу кўрсаткич 54,7 фоизни ташкил этган. Қишлоқ жойларда эса мазкур кўрсаткич 40,1 фоиз даражасида қайд этилган.

Тадқиқот натижалари рақамли хизматлардан фойдаланишда ёш омили муҳим аҳамият касб этишини ҳам кўрсатди. Ёшлар рақамли платформалардан анча фаол фойдаланмоқда. Жумладан, 25-34 ёшли респондентларнинг 66,4 фоизи, 35-44 ёшлиларнинг 59,4 фоизи рақамли давлат хизматларидан фойдаланишини билдирган. 55 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида эса бу кўрсаткич 17,2 фоизни ташкил этган.

Сўров иштирокчилари рақамли давлат хизматларидан фойдаланмасликнинг асосий сабаби сифатида рақамли кўникмалар етарли эмаслигини қайд этган. Хусусан, респондентларнинг 62,2 фоизи “фойдаланишни билмаслик”ни асосий омил сифатида кўрсатган. Шунингдек, 40,4 фоиз иштирокчида рақамли хизматларга амалий эҳтиёж йўқлиги аниқланган.

Хотин-қизлар орасида рақамли хизматлардан фойдаланиш бўйича қўшимча қўллаб-қувватлаш эҳтиёжи мавжудлиги ҳам кузатилди. Тадқиқот натижаларига кўра, хотин-қизларнинг 68,3 фоизи рақамли давлат хизматларидан фойдаланишни билмаслигини билдирган. Бу эса аҳолининг айрим қатламлари учун рақамли саводхонлик дастурларини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатади.

Фуқаролар давлат хизматларининг қайси форматига устувор аҳамият беришлари ҳақидаги жавоблар ҳам муҳим тенденцияларни намоён қилди. Респондентларнинг 51,9 фоизи онлайн хизматларни афзал кўришини билдирган бўлса, 28,3 фоизи анъанавий - шахсан мурожаат қилиш усулини маъқул кўрган. Бу рақамли давлат хизматлари аҳоли учун вақт тежовчи ва қулай механизм сифатида қабул қилинаётганини англатади.

Онлайн давлат хизматларидан фойдаланишда энг оммалашган платформалар сифатида “Soliq” мобил иловаси, “my.gov.uz” мобил иловаси ҳамда давлат тўловлари билан боғлиқ электрон тизимлар қайд этилди. Хусусан, респондентларнинг 58,9 фоизи “Soliq” иловасидан, 54,2 фоизи “my.gov.uz” мобил иловасидан фойдаланишини билдирган.

Фуқаролар томонидан энг кўп фойдаланилаётган рақамли давлат хизматлари қаторига жарималар, солиқлар ва божларни онлайн тўлаш, маълумотнома ва кўчирмалар олиш, меҳнат стажи ва иш ҳақи ҳақидаги маълумотларни олиш, таълим хизматлари, кадастр ва уй-жойга оид хизматлар кирган.

Тадқиқотда рақамли давлат хизматларига нисбатан ишонч даражаси ҳам ўрганилди. Натижаларга кўра, респондентларнинг 40,4 фоизи рақамли давлат хизматларига тўлиқ ишонишини, 51,2 фоизи эса нисбатан ишонишини билдирган. Бу мамлакатда рақамли давлат бошқарувига нисбатан ижобий ижтимоий муносабат шаклланаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, шахсий маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар аҳоли учун долзарб бўлиб қолмоқда. Респондентларнинг 34,4 фоизи ўз шахсий маълумотлари хавфсизлигига тўлиқ ишонишини билдирган бўлса, 38,5 фоизи қисман ишонишини айтган. Бу рақамли хавфсизлик соҳасида аҳоли хабардорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатади.

Сўров иштирокчилари рақамли давлат хизматларининг асосий афзаллиги сифатида вақт тежалишини қайд этган. Респондентларнинг 54,8 фоизи рақамли хизматлар фуқаролар вақтини “сезиларли даражада тежайди” деб ҳисоблаган. Шунингдек, иштирокчиларнинг аксарияти керакли давлат хизматини онлайн топиш “осон” ёки “жуда осон” эканини билдирган.

Мутахассислар фикрича, рақамли давлат хизматларининг кенгайиши фақат техник модернизация эмас, балки аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим ижтимоий омил ҳисобланади. Чунки рақамли платформалар орқали давлат хизматларини кўрсатиш вақт тежалиши, ортиқча қоғозбозликнинг қисқариши, давлат органлари фаолияти очиқлигининг ошиши ва коррупциявий омилларнинг камайишига хизмат қилмоқда.

“Ижтимоий фикр” маркази таҳлилларига кўра, рақамли давлат хизматлари бугунги кунда фуқароларнинг кундалик ижтимоий амалиётининг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Шу билан бирга, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларида интернет имкониятларини кенгайтириш, катта ёшдагилар ва хотин-қизлар учун рақамли саводхонликни ошириш, ахборот хавфсизлигига оид ишончни мустаҳкамлаш каби вазифалар долзарб аҳамият касб этмоқда.

Тадқиқот натижалари мамлакатда рақамли давлат бошқаруви тизими янги босқичга чиқиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу жараён аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган замонавий, тезкор ва инсонпарвар давлат хизматлари тизимини шакллантириш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистонда рақамли тараққиётнинг институционал асосларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.