10

“ФУҚАРОЛАР ОДАМ САВДОСИ ТЎҒРИСИДА:ХАБАРДОРЛИК, САБАБЛАР, ОҚИБАТЛАР ВА ҚАРШИ КУРАШИШ”

(жамоатчилик фикри сўрови натижалари асосида)

 

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан замонамизнинг энг кескин ва ташвишли муаммоларидан бири — одам савдоси масалаларига бағишланган тизимли, ҳар томонлама ва илмий жиҳатдан асосланган мониторинг тадқиқотлари ўтказилмоқда. Ушбу муаммо нафақат фуқароларимиз ва жамиятимиз хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, балки адолатли равишда халқаро ҳамжамиятни ҳам ташвишлантирмоқда.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан ўтказилаётган сўровлар ижтимоий кайфият динамикасини ва фуқароларимизнинг ҳам мамлакат ичида, ҳам унинг ташқарисида дуч келаётган ҳақиқий хавфларни идрок этишини акс эттириб, алоҳида долзарблиги ва ўз вақтидалиги билан ажралиб туради. Глобаллашув, миграция оқимининг ўсиши ва ижтимоий ўзгаришлар шароитида бундай тадқиқотлар ташхислаш  ва таҳлилнинг қудратли воситасига айланмоқда.

Сўровлар давомида олинган маълумотлар юқори даражада амалий аҳамиятга эга бўлиб, ваколатли органлар ва манфаатдор тузилмалар томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш бўйича янада самарали, мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда; унинг барча кўринишларини аниқлаш ва олдини олишда, ижтимоий-иқтисодий соҳалардан тортиб то маданий ва институционал соҳаларгача эксплуатацияни  келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этишда фойдаланилиши мумкин.

Жамоатчилик фикри сўровлари мониторинги замонамизнинг энг кескин ижтимоий муаммоларидан бири бўлган одам савдосига нисбатан  ижтимоий онгнинг қандай ўзгаришини кузатиб бориш имконини беради. Тадқиқот маълумотларининг тасдиқлашича, аҳолининг кўпчилик қисми жиноий фаолиятнинг ушбу тури ҳақида яхши хабардорликка эга. 2022 йилда 62,8% сўралганлар ушбу муаммодан яхши хабардор эканликларини билдирган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич бироз кўтарилиб, 64,5%гача етди ва 2025 йилда  61,3%ни ташкил қилди. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида аҳолининг хабардорлигини акс эттирувчи кўрсаткичлардаги бироз тебранишларга қарамай, умуман олганда, аҳолининг ярмидан кўпини қамраб олган барқарор юқори даражадаги хабардорлик ҳақида гапириш мумкин. Олинган натижалар мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ муаммолар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигидан, ушбу мавзу жамоатчилик муҳокамасида, оммавий ахборот воситаларининг кун тартибида, таълим ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташаббусларида фаоллашганлигидан далолат беради, бу эса фуқароларда муаммолар моҳиятини нафақат юзаки, балки мазмунан тушунишнинг шаклланишига ёрдам беради.

Шу билан бирга, муаммо ҳақида "нималарнидир эшитган", лекин чуқур билимга эга бўлмаганлар гуруҳида қизиқарли динамика  кузатилмоқда. 2022 йилда улар 20,3%ни ташкил этган эди, кейин 2023 йилда уларнинг улуши 15,5%гача камайди ва 2025 йилда 29,5%гача ошди. Муаммо ҳақида қисман хабардорлик ҳам ижобий, ҳам хавотирли ҳолатни акс эттиради: бир томондан, мавзуга қизиқиш ортиб бормоқда, бошқа томондан эса, агар фуқароларга одам савдоси билан боғлиқ масалалар бўйича юқори сифатли, ишончли маълумотлар берилмаса, нотўғри тасаввурларнинг тарқалиш хавфи ортиб бораверади.

2025 йилда одам савдосидан бехабар эканликларини айтган фуқароларнинг улуши сезиларли даражада камайди, бу маърифий чора-тадбирларнинг, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва давлат тузилмалари томонидан мамлакатда ушбу турдаги жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда унга қарши курашиш бўйича тизимли равишда олиб борилаётган ишларнинг муваффақиятлилигини ҳам тасдиқлайди.

Сўровнинг кўрсатишича, одам савдоси муаммоси ҳақида маълумот беришнинг асосий ва энг оммавий канали телевидение ҳисобланади — 76,8%. Аҳоли томонидан талабга эгалик бўйича иккинчи ўринда ижтимоий тармоқлар туради — 54,1%. Ҳозирги кунда рақамли муҳит борлиқни кундалик идрок этишнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Интернет ва мобил технологияларнинг тарқалиши ижтимоий тармоқларнинг муҳим ахборот каналига айланишига ёрдам бермоқда. Шуни таъкидлаш муҳимки, телевидениедан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқлардаги контент бузиб кўрсатишларга кўпроқ учрайди, ҳар доим ҳам масаланинг моҳиятини ишончли ёки тўлиқ акс эттирмайди, шу сабабли фойдаланувчилар ўртасида медиасаводхонликни ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда танқидий тафаккурни ривожлантириш чораларини кўриш керак.

24% сўралганлар газета ва журналлардан фойдаланишади ва босма нашрлар, айниқса, кекса ёшдаги гуруҳларда кўпроқ таҳлилий, асосланган ва ишончли контентнинг эҳтиёжга эга манбаси бўлиб қолмоқда.

Сўров натижаларига кўра, жамоатчилик фикрида одам савдоси муаммосини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг фаол роль ўйнаши ҳақидаги тасаввур устунлик қилади.

 Респондентларнинг аксарияти ОАВнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини ижобий баҳолашди: 50,9% - “тўлиқ даражада хабардор қилмоқда”, 35,1% сўралганлар эса “кўпроқ даражада, аммо ёритиш даражасини ошириш, уни янада мунтазам, теран ва мазмунли қилиш мумкин”, деб қайд этишди.

Фуқароларда мавзуга қизиқишнинг пастлиги респондентларнинг фикрича, одам савдоси муаммоси ҳақида жамиятнинг етарлича хабардор эмаслигининг энг муҳим сабаби ҳисобланади.

Таълим дастурлари етишмаслигининг иккинчи ўринда туриши аҳоли маърифатидаги бўшлиқларни таъкидлайди, сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, ушбу муаммо мактабдаги ўқув қўлланмалари, ёшлар ва катталар учун дастурларда деярли ёритилмайди, бу эса фуқароларнинг одам савдоси кўлами ва шакллари ҳақидаги тасаввурини чеклайди.

         Мавзунинг мураккаблиги ва қалтислиги учинчи ўринни эгаллади, уни жамоатчилик ўртасида муҳокама қилишнинг мураккаб деб идрок этилиши одатдаги коммуникация йўллари орқали ахборот тарқатишни қийинлаштиради.

ОАВ томонидан эътиборнинг етишмаслиги ва муаммони атайлаб яшириш  нисбатан камроқ тилга олинди, мавзуга тақиқ қўйилганлигининг энг аҳамияти кам сабаб сифатида кўрсатилиши эса жамият бевосита тақиқлар туфайли эмас, балки кўпроқ бефарқлик сабабли муҳокамалардан бўйин товлайди, деб тахмин қилишга имкон беради.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, респондентларнинг аксарияти (73,2%) одам савдоси билан боғлиқ вазиятга дуч келганда қаерга мурожаат қилиш кераклигини яхши билишади. Ушбу натижа аҳоли кўпчилик қисмининг юқори даражадаги хабардорлигини ва хавф-хатар шароитида ҳаракат қилишга тайёрлигини кўрсатади. Яна 12,6% респондентларнинг умумий тасаввурга эгалиги аниқлаштирувчи маълумотлар ва тушунарли йўриқномаларга зарурат борлигини кўрсатади. Қайси тузилмаларга мурожаат қилиш кераклигини билмайдиган респондентларнинг улуши 14,2%ни ташкил қилди, бу кўрсаткич билан, айниқса, заиф гуруҳларни қўшимча ахборот билан қамраб олиш зарурлиги таъкидланади.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, фуқароларнинг аксарияти (78,3%)  одам савдоси муаммосига дуч келган ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига (ИИВга) мурожаат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бу масалада прокуратура иккинчи ўринни (47,1%) эгаллади.  Шунингдек, респондентларнинг каттагина қисми (37,2%) инсон ҳуқуқлари бўйича вакил - Oмбудсманга мурожаат қилишнинг муҳимлигини таъкидлади.

Бошқа жавоб турлари қаторида, одам савдосига қарши курашиш бўйича ишонч телефонига мурожаат 27,6%ни ташкил этди ва бу ёрдам олишнинг тезкор ва қулай усулига қизиқиш ортиб бораётганини намойиш қилади. Сўров иштирокчилари, шунингдек, агар вазият хорижда юз берган тақдирда, Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар ва консулликларни ҳам кўрсатиб ўтдилар.

 

Ўтказилган тадқиқот иштирокчиларининг одам савдоси муаммоси тўғрисида хабардорлик даражасини ўрганиш барқарор ижобий динамикани намойиш этди. 2022 йилдан 2025 йилгача барқарор юқори даражадаги хабардорлик кузатилди. Телевидение ва ижтимоий тармоқлар асосий ахборот манбалари бўлиб қолмоқда, бу одам савдоси билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида ахборот тарқатишда анъанавий ва рақамли каналларнинг аҳамиятини таъкидлайди. Одам савдоси муаммоси ва эксплуатация билан боғлиқ вазиятга тушиб қолганда қаерга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида юқори хабардорлик даражасига қарамасдан, одам савдоси тўғрисидаги маълумотларни таълим дастурларига янада фаолроқ киритиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ролини кучайтириш, шунингдек, мамлакат аҳолисининг хабардорлигини ошириш учун оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш зарурлиги муҳим омил ҳисобланади.

Одам савдоси муаммосининг идрок этилиши ушбу ижтимоий ёвузликка қарши курашишда муҳим омил бўлиб қолмоқда. Тадқиқот натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти ушбу муаммони ўта жиддий деб ҳисоблайдилар  - 87,1% сўров иштирокчилари одам савдоси билан боғлиқ таҳдидларни чуқур англашини билдиришди ва Ўзбекистон жамияти учун муаммонинг ўта жиддийлигини эътироф этишди.

Сўров жараёнида аниқланишича, жамоатчилик фикрида одам савдоси ва эксплуатация кўламининг қисқаргани, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш механизмлари яхшилангани ҳақидаги тасаввур  шаклланган.

Жамоатчилик идроки умумий некбинликни ва мамлакатда одам савдосига қарши курашиш бўйича қўйилаётган қадамларнинг ижобий баҳосини акс эттиради. Сўнгги беш йил ичида одам савдоси билан боғлиқ вазият қандай ўзгарганлиги ҳақидаги саволга респондентларнинг аксарияти (73,1%) муаммонинг кескинлиги камайганини айтишди, ўзбекистонликлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти томонидан самарали чора-тадбирлар кўрилаётгани, ҳуқуқни муҳофаза  қилиш ва тарғибот бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани билан боғлиқ вазиятнинг ижобий динамикаси кузатилаётганини айтишди.

  Сўров натижалари фуқаролар одам савдосининг турли шаклларини идрок этишини кўрсатди ва улар орасида бир нечта асосий йўналишлар ажралиб туради.

68,9% сўралганларнинг фикрича, одамлардан фойдаланиш, меҳнат эксплуатацияси энг кенг тарқалган шакл ҳисобланади. Шаҳвоний эксплуатация ҳам кенг тарқалган шакл бўлиб, у 42,1% респондентлар томонидан кўрсатилди. Бу, айниқса, аёллар ва ёшлар орасида зўравонлик ва эксплуатациянинг жиддий муаммо эканлигини таъкидлайди.

Ноқонуний трансплантация ва инсон аъзоларининг ноқонуний савдоси 24,3% респондентларда хавотир уйғотмоқда, гарчи бу ҳодиса, респондентларнинг фикрича, камроқ тарқалган бўлса-да, аммо жамоатчилик идрокида жиддий ва ҳақиқий таҳдид сифатида қолмоқда.

Мажбурий тиланчилик (23,2%) ва ноқонуний фарзандликка олиш учун болалар савдоси (21,3%) ҳам одам савдосининг кенг тарқалган шакллари рўйхатига киритилди.

Тадқиқот жараёнида фуқароларнинг одам савдоси билан шуғулланувчилар тўрига тушиб қолишига таъсир қилувчи омиллар аниқланди. Респондентлар ишсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар, беқарорлик ва иш жойларининг мавжуд эмаслиги фуқароларнинг заифлигига ёрдам берувчи жиддий омиллар деб ҳисоблашади. 

Шунингдек, тезроқ пул топиш истаги одамларни хавфли қадамлар қўйишга ва одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг алдовига учишга ундайдиган асосий омиллар бўлиб қолмоқда. Респондентларнинг ҳисоблашича, ушбу омиллар кўпинча нотўғри қарор қабул қилишга олиб келади.

Бундан ташқари, ҳуқуқий саводхонликнинг етарли эмаслиги, муаммо ва ҳимоя усуллари ҳақидаги хабардорликнинг пастлиги фуқароларнинг хавф-хатарларни тўғри баҳолай олмаслиги ва жиноятчилар томонидан ўзларини манипуляция қилишдан ҳимоя қилолмаслигида муҳим роль ўйнайди.

Ишонувчанлик ва соддалик муҳим сабаблар ҳисобланади, бу ҳам танқидий тафаккур ва хабардорликнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, ҳар қандай йўл билан бўлса-да хорижга  чиқиш истаги билан боғлиқдир.

 Умуман олганда, тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, одам савдоси муаммоси ўта жиддий муаммо сифатида идрок этилади, тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти уни ижтимоий таҳдид деб билишади. Фуқаролар мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ вазиятнинг кескинлиги сўнгги беш йил ичида пасайганига ишонадилар, уларнинг вазият яхшиланганини қайд этганлиги профилактика чора-тадбирлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича маърифий ишлар  туфайли юз берган ижобий динамикадан далолат беради.

Сўров натижалари жамиятда одам савдоси муаммоси тўғрисида юқори даражадаги хабардорлик мавжудлигини тасдиқлайди, аммо ушбу муаммони тўлиқ самарали ҳал этиш учун аҳолининг маърифатини ошириш, иқтисодий муаммоларга қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур.

Одамларнинг одам савдоси ҳолатларига тушиб қолиш йўллари ҳақидаги саволга жавоблар таҳлили шуни кўрсатдики, энг кенг тарқалган усул хорижда ишлаш таклифи ҳисобланади. Сўров иштирокчиларининг тахминича, кўплаб жабрланганлар бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш ваъдалари орқали шундай вазиятга тушиб қолишади, бу ишга ёллашнинг энг кенг тарқалган усулларидан бири ҳисобланади.

Шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолишнинг яна бошқа усуллари: дўстларининг таклифига асосан хорижга кетиш, бунда жабрланувчи танишларига ишониб, мураккаб вазиятга тушиб қолади, қариндошлариникига бориш, бу кўрсаткич билан оилавий ришталардан ҳам манипуляция ва эксплуатацияга жалб қилиш учун фойдаланиш мумкинлиги тасдиқланади. Интернет орқали (танишув сайтлари, ижтимоий тармоқлар) , замонавий дунёда, респондентларнинг фикрига кўра, рақамли технологияларнинг ўсиши баробарида Интернет ёллашнинг янги каналига айланмоқда.

         Сўров натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, эксплуатация домига тушиб қолган одамларнинг кўпчилиги ўзларини озод қилишга муваффақ бўлишди: 91,9% респондентлар уларга маълум бўлган ҳолларда жабрланувчи бутунлай озод бўлгани ва уйига қайтганини таъкидлашди. Ушбу юқори кўрсаткич кўп ҳолларда шахсларни эксплуатациядан озод қилиш ва одам савдоси, эксплуатациядан жабрланганларни ўз уйларига қайтариш мумкинлигидан далолат беради.

Ўтказилган сўров натижалари тасдиқлайдики,  одам савдоси комплекс ёндашувни талаб қиладиган энг жиддий ва шафқатсиз ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада нафақат хабардорликни ошириш ва профилактика дастурларини ривожлантириш, балки жабрланганларни барча даражаларда қўллаб-қувватлаш керак. Миграция даражаси юқори бўлган, аҳолининг заиф қатламлари жамланган ҳамда самарали ёрдам ва профилактика ишлари ҳаётий зарур бўлган минтақаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим..

Тадқиқот доирасида, респондентларнинг фикрига кўра, одам савдосининг олдини олишда энг катта салоҳиятга эга бўлган муҳим чора-тадбирлар ҳам аниқланди. Рейтингда етакчи ўринни ахборот-маърифий фаолият эгаллади: сўралганлар асосий профилактик восита сифатида аҳолининг хабардорлигини ошириш зарурлигини таъкидлашди. Сўров иштирокчилари қонунчиликни қатъийлаштириш ва жазоларни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, бу билан жамоатчиликнинг жиноий тармоқлар иштирокчилари учун ҳуқуқий оқибатларнинг муқаррарлигига бўлган талабини акс эттирди.

Учинчи ўринда – халқаро ҳамкорликни кучайтириш. Сўралганларнинг фикрига кўра, ушбу муаммо трансмиллий хусусиятга эга бўлганлиги сабабли, уни ҳал қилиш халқаро майдонда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарурлигини тақозо этади.

Шунингдек, сўров иштирокчилари одам савдогарларини фаол таъқиб қилиш ва жазолаш, мажбурий таълим дастурларини жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш, жабрдийдаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби чораларнинг ҳам мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Шундай қилиб, одам савдосига қарши курашишнинг жамоатчилик томонидан идрок этилиши ижобий динамикани ва давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга ишончнинг мустаҳкамланиб бораётганини акс эттиради. Респондентлар хабардорликни, манфаатдорликни, ва ҳам ички саъй-ҳаракатлар, ҳам халқаро ҳамкорликни танқидий баҳолашини намойиш этишди. Одам савдосининг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва айбдорларни жиноий таъқиб этишни ўзида мужассам этган комплекс ёндашув аҳоли томонидан ушбу соҳадаги барқарор миллий сиёсатнинг асоси сифатида идрок этилади.

Олинган маълумотлар аҳоли ўртасида хабардорлик ва профилактик хулқ-атвор маданиятининг шаклланаётганидан далолат беради. Аксарият респондентлар давлат институтларига юқори даражадаги ишончини ва ўз билимига таянишини намойиш этиб, ўзлари ва яқинларини одам савдоси билан боғлиқ хавф-хатардан ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирдилар. Шу билан бирга, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ва ёрдам учун мурожаат этиш каналларини кучайтириш зарурати сақланиб қолмоқда.