17

ХАЛҚАРО ОИЛА КУНИГА

ЎЗБEКИСТОНЛИКЛАРНИНГ ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРИ: АНЪАНАЛАР, ТЕНДЕНЦИЯЛАР, ИСТИҚБОЛЛАР

Оила - жамиятнинг шунчаки ўзагигина эмас, балки унинг руҳи, куч-қуввати, авлодларни боғловчи жонли риштасидир

Мамлакатимизда оила институти асрлар давомида анъаналар, таълим, тарбия, ижтимоий барқарорликнинг ўзаги бўлиб келмоқда. Айнан оилада маънавий-ахлоқий меъёрларга асос солинади, дунёқараш шаклланади, Ватанга муҳаббат туйғулари сингдирилади. Бугунги кунда жадал ижтимоий ўзгаришлар шароитида оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг фаолияти нафақат илмий, балки ижтимоий-давлат аҳамиятига молик бўлмоқда. Марказ мутахассислари жамиятда содир бўлаётган жараёнларни чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этиб, оилавий муносабатларнинг трансформацияси, никоҳ институтининг барқарорлиги, анъаналар ва ижтимоий ўзгаришларнинг фуқаролар турмуш тарзига таъсири каби энг ўткир ва таъсирчан масалаларни ўз вақтида кўтармоқдалар.

Марказнинг сўнгги кенг кўламли тадқиқотларидан бири Ўзбекистонда оила институтининг ҳолати ва ривожланишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий, маданий ва иқтисодий омилларни ҳар томонлама ўрганишга қаратилган эди. Тадқиқот демографик трендлар ва никоҳ моделларидан тортиб, тарбия масалалари, гендер роллар ва атроф-муҳитнинг оилавий қадриятларга таъсири каби мавзуларнинг кенг кўламини қамраб олди. Тадқиқот натижаларига кўра, аксарият респондентлар учун никоҳ севги-муҳаббат ва ўзаро ҳурматнинг мужассамлигидир, лекин уни идрок этиш инсоннинг ёши ва ҳаётий тажрибасига қараб ўзгаради. Ўзбекистонда оила ҳақидаги тасаввурлар анъанавий муносабатлар ва модернизация қадриятлари томон тадрижий мўлжаллар чорраҳасида кесишмоқда. Айни вақтда, юз бераётган ўзгаришларга қарамасдан, никоҳ институти ўз қадр-қимматини йўқотмаган ҳолда, жамиятнинг янги воқеликка мослашишга қодир мустаҳкам пойдевори бўлиб қолаверишига аксарият фуқароларнинг ишончи комил.

Ўтказилган сўров натижалари шуни тасдиқладики, оила Ўзбекистон жамиятида инсоннинг шахсий фазилатлари шаклланадиган, анъаналар авлоддан-авлодга мерос сифатида узатиладиган, масъулият туйғуси сингдириладиган ҳаётий макон – пойдевор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шу билан бирга, ўтказилган тадқиқот ҳам ижобий, ҳам хавотирли бир қатор ўзгаришларни аниқлади. Ушбу тенденциялар нафақат илмий тафаккурни, балки ижтимоий сиёсат соҳасида мослашувчан, долзарб қарорлар қабул қилинишини ҳам тақозо этади.

Шунингдек, тадқиқот натижалари кўрсатганидек, аҳолининг кўпчилик қисми оилада катта авлодлар урф-одат ва анъаналар посбони вазифасини бажараётган анъанавий моделларга амал қилмоқда. Бироқ ёшлар мустақилликка интилишини тобора яққолроқ намоён этмоқдалар. Кимлардир дунёвий йўлни танласа, бошқалар анъанавий миллий қадриятларга таянмоқда. Жамиятнинг мана шу жонли ўзагида барқарор мувозанатни ўрнатиш йўлида ўтмиш ва келажак ўзаро муқоясага киришган.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон жамияти ўзига хос демографик ўтиш даврини бошидан кечирмоқда: анъанавий кўп болали оилалар ҳамон жамиятнинг салмоқли қисмини ташкил этади, бироқ икки ёки бир фарзандли оилалар сони тобора кўпайиб бораётгани ёшлар оилани режалаштиришга оқилона ёндашувни танлаётганидан далолат беради. Болаларнинг дунёга келиши ва тарбияси учун аввалгидек оила асос бўлиб қолмоқда.

“Никоҳни нималар мустаҳкам қилади?” деган саволга респондентларнинг аксарияти ўзаро тушуниш ва ҳурмат билан муҳаббат, дея жавоб беришди. Шунингдек, сўров иштирокчилари томонидан барқарорликнинг муҳим шартлари сифатида умумий мақсадларнинг мавжудлиги, ота-оналарнинг рози-ризолиги, моддий фаровонлик ва руҳий мутаносиблик санаб ўтилди. Ушбу жавоблар никоҳ ҳақидаги тасаввурларнинг етарлича ҳаётий ва расо манзарасини чизади, унда ҳиссий ва прагматик элементлар ўзаро бир-бирини тўлдиради.

Тадқиқотда никоҳга кириш мотивациясига алоҳида эътибор қаратилди. Аксарият фуқаролар севги-муҳаббат ва ўзаро майлни асосий сабаб сифатида кўрсатдилар. Бироқ анъанавий - оилавий, ижтимоий, диний - кутилмалар ҳам ўз кучини сақлаб қолмоқда. Бу, айниқса, ота-онанинг фикрига ёшларнинг қандай аҳамият беришида сезилади: ёш авлоднинг ҳар учинчи вакили бўлажак турмуш ўртоғини танлашда онасининг фикрига таянади. Лекин деярли 39% респондентлар ҳаётда жуфтини фақат ўзининг шахсий қарори асосида танлашини билдиришди. Шундай қилиб, оиланинг нуфузли аъзоларига ҳурмат-эҳтиромни сақлаган ҳолда, мустақилликка интилишнинг барқарор тенденцияси кузатилмоқда.

Респондентларнинг жавобларига асосан, турмуш ўртоғини танлашга таъсир қилувчи омиллар орасида ақл-идрок ва характер - биринчи ўринни, ҳалоллик ва виждонлилик иккинчи ўринни эгаллади. Севги-муҳаббат ва ҳиссий яқинликка учинчи ўрин насиб этди. Бу эса никоҳнинг ўзгача романтик муҳитига қарамасдан, фуқаролар онгида шахснинг ахлоқий фазилатлари муҳим роль ўйнашини кўрсатади.

Никоҳга кириш ёшига оид афзалликлар масаласида ҳар иккинчи респондент 21 ёшдан 25 ёшгача даврни энг яхши, мақбул ёш деб ҳисоблади. Респондентларнинг деярли учдан бир қисми эрта - 20 ёшгача - турмуш қуриш тарафдори бўлишди. Бу нуқтаи назарга кўпроқ катта ёш вакиллари қўшилишди. Яна 16,7% респондентлар 26-30 ёшда оила қуришни мақбул, ​​деб ҳисоблашди. Бундай ўзгаришлар, айниқса, ёшлар ўртасида таълим олиш ва мартаба қилиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ҳаётий устуворликларни қайта кўриб чиқиш билан боғлангандир.

Умуман олганда, кенг кўламда ўтказилган социологик тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, оила Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида энг муҳим асос – демографик барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва маданий ўзига хослик манбаи бўлиб қолмоқда. Айнан оилавий муносабатлар тизими орқали ижтимоий масъулият даражаси, фуқаролик фаоллиги, инсон капитали сифати – жамият салоҳиятини ташкил этувчи барча зарур нарсалар шаклланади.