26

Наврўз – баҳор, янгиланиш ва бирдамлик байрами

Наврўз азалдан баҳор, табиатнинг уйғониши, янги ҳаёт рамзи ҳисобланади. Наврўз барчани жипслаштириб, қалбларни илиқлик, ёруғлик ва келажакка беғубор ишонч ҳислари билан тўлдиради. Ушбу кун шаҳар ва қишлоқлар, кўча-ю боғлар ёрқин миллий либослар, сержило бозорлар, оҳанграбо мусиқа, мафтункор рақслар, майин табассумларга йўғрилган  байрамона гўзал манзараларга тўлади. Афтидан, табиатнинг ўзи одамлар билан бирга қувониб, уларга серқуёш кунлар, янгиланиш туйғусини бахш этади. Гарчи йиллар ўтиб анъаналар ўзгарса-да, энг муҳими - Наврўз эзгу умидлар, чексиз меҳр-оқибат ва янги кун байрами бўлиб қолаверади. Айнан мана шу қутлуғ ва нурафшон кун арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан мамлакатимиз фуқаролари ўртасида Наврўз байрами ҳақида сўров ўтказилди, унда ўзбекистонликлар учун Наврўзнинг аҳамияти, уларнинг қалбига яқин анъана ва удумлар, байрамни нишонлаш режалари аниқланди. Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларидан эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида банд бўлган турли ижтимоий қатлам вакиллари иштирок этдилар.

Сўров натижалари кўрсатганидек, асрлар оша бизгача етиб келган ушбу қадимий байрам турли авлодларни жипслаштириб, дўстлик, меҳр-оқибат ва бирдамлик каби азалий қадриятларни ёдга солиб, ҳар бир ўзбекистонлик ҳаётининг муҳим қисмига айланган. Бу йил аксарият фуқаролар уни нишонлашни режалаштиришган. Жамоатчилик фикрида Наврўз баҳор ва янгиланиш тимсоли, янги умидлар ва эзгу ташаббуслар даври эканлиги ҳақидаги тасаввур устуворлик қилади. Байрам кишиларни жипслаштирувчи, хонадонларни оилавий учрашувлар тафти ва мулоқот қувончига тўлдирувчи муҳим миллий воқеа сифатида идрок этилади. Шубҳасиз, Шарқона тақвимга кўра Наврўзнинг янги йилбоши – истиқболнинг Янги куни сифатидаги аҳамияти ғоят муҳимдир.

Аксарият респондентларнинг бу кунни оила ва дўстлар даврасида нишонлаш ниятида. Фуқаролар учун байрамда оилавий муҳит, оила аъзолари ва дўстлар билан жам бўлиш, улар билан ўзаро қувонч улашиш ва илиқ мулоқот қилиш имконияти муҳим аҳамиятга эга. Респондентлар учун байрамнинг муҳим қисми анъанавий таомлар билан безатилган байрамона дастурхон ҳисобланади. Халқ сайиллари эса байрамнинг яна бир аҳамиятли муҳим қисмидир. Концертлар, рақслар, спорт мусобақалари - буларнинг барчаси сайилларни янада жонлантиради, қувонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратади. Меҳмондўстлик анъанаси фуқароларнинг анчагина қисмини ўзига жалб қилади - респондентлар меҳмон кутишни ёки ўзлари меҳмонга боришни режалаштиришган.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, замонавий ўзбекистонликларнинг аксарияти учун Наврўз ўз аҳамиятини йўқотмаган: 71,9% фуқаролар уни ўзига хос, эзгу ҳис-туйғулар ва қувончли таассуротларга тўла, ўзгача байрам, деб биладилар.

Тадқиқот иштирокчилари Наврўзни, энг аввало, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ва тарихий анъана, баҳор, янгиланиш ва ёрқин келажакдан умид рамзи, ўтган йиллар давомида ўз жозибасини йўқотмаган оилавий байрам сифатида, ўзига хос шодлик муҳити, табиат билан ҳамоҳанглиги учун қадрлайди.

Баҳор келиши билан нафақат табиат, балки одамлар ҳам жонланади – кайфият янгиланади, ҳис-туйғулар уйғонади, фикр ва туйғуларда ўзгача енгиллик пайдо бўлади. Наврўз ортга нигоҳ ташлаб, якун чиқариш, натижаларни ҳисоб-китоб қилиш, айни вақтда янги умидлар билан тўлиб-тошиб, келажакка қувонч билан назар ташлаш маррасига айланмоқда. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, байрам арафасида кўпчилик кишилар айнан шундай ёрқин, илҳомлантирувчи ҳис-туйғуларни бошдан кечиришмоқда. Ушбу баҳор кунларида юртимизда ҳукм сураётган асосий кайфият - бу шодлик ва байрамдан роҳатланиш ҳисси ҳисобланади. Албатта, бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ: ўзбекистонликлар яқинлари билан учрашиш, ноз-неъматлар тайёрлаш, анъанавий тадбирларни режалаштиришга ҳозирлик кўрмоқдалар, очиқ юз, табассум билан атрофдагилар учун яхшилик қилишга, ўзининг ва уларнинг ҳаётини кичик қувончларга тўлдиришга интилмоқдалар.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, Наврўз уларга қайта туғилиш, илҳом ва янгиланиш ҳиссини бахш этади, улар ушбу байрамни ниманидир ибтидосидан қайта бошлашга, куч-қувватга тўлиб, ўй-хаёлларни тартибга солишга берилган имконият сифатида идрок этадилар. Янгиланиш нафақат табиатга, балки шахсий режалар, хоҳиш-истаклар ва интилишларга ҳам тегишли. Кимдир бу вақтда хонадонини саранжом-саришта қилса, кимдир мақсадларини тафтиш қилади, яна кимдир эса ҳаётидаги янги, яхшироқ саҳифаларга руҳан мосланади

Респондентлар тетиклик туйғусини ҳис этишаётганини таъкидладилар, уларнинг фикрига кўра, байрам арафасида уларда янги куч, янги ғайрат билан бирор нарса қилиш, яратиш, ҳаётдан завқланиш истаги пайдо бўлмоқда, Наврўз эса ушбу кайфиятни мустаҳкамлаш, ҳаётни ёрқин ранглар билан тўлдириш имконини беради.

Жамоатчилик фикри сўрови натижалари Наврўз тақвимдаги шунчаки оддий бир сана эмас, балки анъаналар, оилавий қадриятлар, яқинларимизга ғамхўрлик, табиат билан ҳамжиҳатлик ҳис-туйғулари чамбарчас боғланиб кетадиган жонли, серқирра байрам эканини тасдиқлади. Аксарият фуқаролар учун нафақат байрамнинг ўзи, балки унинг анъанавий удумлари ҳам муҳимдир, бинобарин, уларсиз Наврўз бу қадар севимли ва ардоқли бўлмасди.

Наврўзнинг асосий анъаналаридан бири сабр-тоқат, саховат, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик рамзи бўлган сумалак тайёрлаш бўлиб қолмоқда. Уни тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий удумда иштирок этишни англатади. Бу йил 64% респондентлар сумалак тайёрлашда иштирок этишни режалаштиришган. Бу шунчаки пазандалик маҳоратини намоён этиш жараёни эмас, балки бутун бошли бир таомил ҳисобланади, унда қариндош-уруғлар, дўст-биродарлар, қўни-қўшнилар улкан қозон атрофида тўпланишади, дилтортар суҳбатлар қилинади, куй-қўшиқ, лапарлар янграйди, вақт эса гўёки ўзгача, сеҳрли бир муҳит оғушига чўмгандек туюлади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, кўпчилик сумалак тайёрлашни байрамнинг энг муҳим анъанаси деб билади, респондентлар уни асосий удумлар қаторида қайд этишди. Респондентларнинг жавоблари бу удумнинг мамлакат маданий ҳаётида қанчалик чуқур илдиз отгани ва ўзбекистонликлар учун қанчалик муҳимлигини тасдиқлайди.

Иккинчи ўринни қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар ва дўст-биродарларни зиёрат қилиш эгаллади. Сўралганларнинг фикрича, Наврўз, анъанага кўра, дўстона учрашувлар вақти бўлиб, ўзаро меҳмондорчиликлар, кексалар ва беморларни зиёрат қилиш, қариндошчилик ришталарини мустаҳкамлаш одат тусига кирган.

Муҳим анъаналар қаторида респондентлар халқ сайиллари, концертлар ва фестивалларни, хонадон ва кўчаларни тозалаш ва безаш орқали баҳорги янгиланишни, шунингдек, спорт мусобақалари ва ўйинларини ажратиб кўрсатишди.

Хайрия тадбирлари ва муҳтожларга ёрдам кўрсатишни Сўров иштирокчилари Наврўзнинг муҳим анъанаси деб ҳисоблайди, чунки у азалдан хайрли ишлар ва эзгу ташаббуслар даври бўлган.

Бу йил Наврўз байрами Рамазон ойига тўғри келгани сўровда ҳам ўз аксини топди. Респондентларнинг асосий кўпчилик қисми буни яхши мутаносиблик деб ҳисоблади, чунки ҳар иккала байрам ҳам эзгулик, покланиш, маънавий янгиланиш ва одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ғояларини ўзида мужассам этган.

Умуман олганда, ўтказилган сўров натижалари Наврўз юртимиз фуқаролари учун авлодларни бирлаштирувчи, эзгу ишларга илҳомлантирувчи, қалбларни қувончга тўлдирувчи муҳим ва аҳамиятли байрам бўлиб қолаётганини кўрсатди. Асрдан-асрга ўтиб келаётган анъаналар кишилар қалбида акс-садо бериб, хайрихоҳлик ҳиссини уйғотиб яшаб келмоқда. Энг муҳими, Наврўз аввалгидек ҳар бир хонадонда, ҳар бир киши қалбида ҳис этилаётган ёрқин, эзгу умидлар ва баҳорги янгиланиш байрами бўлиб қолмоқда.