1

Замонавий Ўзбекистон хотин-қизлари: интилишлар, имкониятлар ва кутилмалар

Бугун Ўзбекистон жамиятида кенг кўламли ўзгаришлар юз бермоқда, уларнинг яқин истиқболда мезонлаш мураккаб бўлиб, алоҳида рақамлар орқали ёки ҳисобот кўрсаткичларида ифодалаш имкони йўқ. Бу ерда гап турли кишиларнинг: хотин-қизлар, эркаклар, ёшлар ва катта авлод вакилларининг кундалик ҳаётига - уларнинг қадриятлари, кутилмалари, келажак ҳақидаги тасаввури, мамлакат тараққиётида оила, маҳалла, давлат ва инсоннинг ўз ролига таъсир кўрсатадиган жараёнлар ҳақида бормоқда.

Мазкур ўзгаришлар кескин, намойишкорона характерга эга эмас. Улар аҳолининг қарашларидаги ўзгаришларда, оилавий ички муносабатларни қайта англашда, жойларда фуқаролик фаоллигининг ўсишида, таълим, меҳнат ва ижтимоий масъулиятга бўлган муносабатда намоён бўлиб, секин-аста юз бермоқда. Шунинг учун уларни англашда нафақат статистик маълумотлар, балки жамиятнинг ижтимоий тузилиши ва қадриятлар тизимидаги янада чуқурроқ ўзгаришларни кўриш имконини берадиган ижтимоий кайфиятни синчковлик билан социологик таҳлил қилиш ҳам муҳимдир.

Ушбу ўзгаришларнинг стратегик хусусиятини таъкидлаб, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ислоҳотлар - бу қисқа муддатли кампаниялар эмас, балки изчил ва ортга қайтмас жараён эканлигини қайд этди. Давлат раҳбари ҳар қандай барқарор ўзгаришлар давлатдан тортиб ҳар бир фуқарогача бўлган барча иштирокчиларнинг вақти, изчиллиги ва масъулиятини талаб қилишини таъкидлади[1]. Шу нуқтаи назардан ижтимоий ўзгаришлар, худди иқтисодий ўзгаришлар сингари муносабатлар сифати, ишонч даражаси ва одамларнинг ўзи истиқомат қилаётган жойларда, шунингдек, умуман мамлакатда яшаш учун шароитлар яратишда иштирок этишга тайёрлигида намоён бўлади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳолатини яхшилаш ва уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида ўрин тутади. Хусусан, 42 ва 58-моддалар хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб яшаш ва ишлаш шароитларини яратиш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида тенг имкониятларни тақдим этишни назарда тутади[2].

"Ўзбекистон - 2030" стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, раҳбарлик лавозимларидаги хотин-қизларнинг улушини гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича сиёсатни давом эттириш орқали кўпайтириш фаол илгари сурилмоқда[3].

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ўзбекистон хотин-қизларнинг ҳолатини яхшилашда сезиларли қадамлар ташлади ва бунинг шарофати ўлароқ "Хотин-қизлар, бизнес ва қонун 2024" индекси бўйича энг юқори натижаларга эришган давлатларнинг бешталиги қаторига кирди. Ушбу индекс 190та  мамлакатдаги хотин-қизларнинг аҳволини меҳнат муносабатлари ва оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш каби ўнта асосий кўрсаткичлар бўйича баҳолайди.

Сўнгги вақтларда иккита муҳим жиҳат – “иш ҳақи” ва “никоҳ”  масалаларида ижобий акс этган муваффақиятли ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ўзгаришлар мамлакат рейтингини 11,9 баллга яхшилади ва Ўзбекистон мавжуд 100 баллдан 82,5 балл тўплади. Таъкидлаш керакки, ушбу ютуқни дунёнинг етакчи давлатлари кўрсаткичлари билан таққослаш мумкин, у Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг яхши давлатлар қаторида ажратиб турибди[4].

Ислоҳотларнинг асосий жиҳатларидан бири тенг қийматдаги иш учун хотин-қизларга эркаклар билан тенг даражада ҳақ тўланишини кафолатловчи нормаларнинг қабул қилиниши бўлди. Бундан ташқари, муайян соҳаларда хотин-қизларнинг ишга жойлашишига қўйилган чекловларнинг олиб ташлангани уларнинг касбий ўсиши ва мартабаси ривожланиши учун янги имкониятлар очди.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича қатъий қадамлар қўйилди, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга хотин-қизларни жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди ва энди бундай жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ҳар йили 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни арафасида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази хотин-қизларнинг ўз ижтимоий ва иқтисодий аҳволини идрок этиши, уларнинг умид ва истиқболларига бағишланган кенг кўламли тадқиқотни мунтазам равишда ўтказиб келади.

Хотин-қизларга бағишланган социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикри сўровлари - бу жамиятнинг моҳиятини, унинг ўзгаришлари, даъват ва умидларини англашда калит бўлиб хизмат қилади, бунда хотин-қизларнинг тажрибаси, интилиш ва ҳиссалари тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Комплекс тадқиқотлар замонавий Ўзбекистонда хотин-қизлар аҳволининг кўп қиррали манзарасини тақдим этади, у ижобий тенденциялар ва сақланиб қолаётган даъватларнинг мужассамлиги билан тавсифланади. Асрлар давомида оиланинг таянчи ва анъаналар муҳофизи ҳисобланган аёл энди фан, бизнес, сиёсат ва ижтимоий ҳаётда ўзини ишончли тарзда намоён этмоқда.

Сўров маълумотлари бугунги кунда мамлакатимиз хотин-қизлари олдида барча эшиклар очиқлигини тасдиқлайди. Кучайтирилган ҳуқуқий ҳимоя хавфсизлик ва адолатни кафолатлайди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш эса хотин-қизларга тадбиркорлик, ижодиёт, таълим ва ижтимоий фаолиятда ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Хотин-қизлар етакчи лавозимларни эгаллашмоқда, инновация соҳасида янги урф яратувчиларга айланиб, илҳомлантириб, бошқаларни эргаштирмоқда. Оналик - муқаддас вазифа, бироқ энди у имкониятларни чекламайди, балки уларни тўлдирмоқда. Ривожланаётган ижтимоий дастурлар, фойдаланиш имкони бор таълим ва соғлиқни сақлаш ҳар бир хотин-қизга унинг меҳнати ва фидойилиги қадрланиши ҳамда қўллаб-қувватланишини билган ҳолда, келажакка ишонч билан қарашга имкон беради.

Сўров натижаларига кўра, эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлигига аксарият хотин-қизларнинг ишончи комил. Олинган натижалар ижтимоий ва профессионал истиқболларни кенгайтириш, расмий тўсиқларни бартараф этиш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Мамлакатда юритилаётган гендер сиёсати хотин-қизларга мартабада ўзини ўзи тўлақонли рўёбга чиқариш, таълим олиш ва ўз ҳаётида қарорларни эркин қабул қилиш имконини беради.

Тадқиқотда, сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, мамлакатда хотин-қизларнинг аҳволини яхшилашга ёрдам берадиган чора-тадбирлар аниқланди. Энг кўп эҳтиёж бўлган чора бепул таълимдан фойдаланиш имконини тақдим этиш ҳисобланади. Респондентлар таълим олиш имкониятлари касбий истиқболларни кенгайтиришда, турмуш даражасини ошириш ва молиявий мустақилликни таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидладилар. Маълумотнинг мавжудлиги ҳуқуқий хабардорликни шакллантиришга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида хотин-қизларга ўз ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш имконини беради[5].

Ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш устувор чора-тадбирлар орасида иккинчи ўринни эгаллади. Сўров иштирокчилари иш ўринлари сонини кўпайтириш, ишга қабул қилишдаги камситишларни бартараф этиш ва бандликнинг мослашувчан шароитларини яратиш зарурлигини таъкидлашди. Касбий қайта тайёрлаш дастурларини жорий этишга ҳам хотин-қизлар орасида бандлик даражасини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралмоқда.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам жуда долзарб ҳисобланади. Кўпгина хотин-қизлар учун бизнес ёлланма меҳнатга муқобил ҳисобланади ва касбий фаолиятни оилавий мажбуриятлар билан бирлаштириш имкониятини беради. Шу муносабат билан давлат томонидан имтиёзли кредитлар бериш, солиқ бўйича юмшатишлар ва тадбиркор хотин-қизлар учун таълим дастурларини тақдим этиш каби қўллаб-қувватлаш чоралари талабга эга.

Респондентлар таъкидлаганидек, ҳуқуқий саводхонликни кенгайтириш ва хотин-қизлар муҳофазасини кучайтириш ҳуқуқий маърифат учун, ҳуқуқий маслаҳат олиш имконияти ҳамда хотин-қизларни камситиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонунларнинг самарали қўлланилиши учун жуда долзарбдир.

Зўравонлик ва тенгсизликка қарши қонунчиликни қатъийлаштириш энг долзарб омил ҳисобланади, чунки оиладаги зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш масалалари жамиятда хавотир уйғотишда давом этмоқда. Муносабат билдиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳалла қўмиталари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг сифатини ошириш ва инқироз марказларидан фойдаланиш имконини таъминлаш бу соҳадаги асосий йўналишлар ҳисобланади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, хотин-қизларнинг муваффақиятга эришишига халақит берувчи омиллар ўртасида энг муҳими молиявий чекловлар ҳисобланади. Пул маблағларининг етишмаслиги сифатли таълим олиш, касбий тайёргарлик ва мартаба ривожланишига халақит беради. Кам даромадли хотин-қизлар ўз эътиборини маиший масалалар ечимига қаратиб, маоши кам ишларни танлашга ёки касбий фаолиятдан бутунлай воз кечишга мажбур бўладилар.

Оила, жамият ёки иш берувчилар томонидан маънавий ва моддий ёрдамнинг мавжуд эмаслиги, қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги иккинчи ўринда турибди. Респондент аёлларнинг фикрига кўра, етарлича қўллаб-қувватланмаслик хотин-қизларнинг касбий ва шахсий ўсиш имкониятларини чеклайди.

Учинчи ўринда - икки томонлама юклама (иш ва оила): касбий мажбуриятларнинг уй хўжалигини юритиш, болалар тарбияси  ва қариндошлар парвариши билан бирлаштирилиши қўшимча юкламани келтириб чиқаради ва муваффақиятли мартаба имкониятларини камайтиради. Ролларнинг анъанавий тақсимланиши шароитида уй мажбуриятларининг асосий қисмини кўпинча аёлларнинг ўз зиммаларига олиши уларнинг касбий жиҳатдан ўзини ўзи рўёбга чиқаришини мураккаблаштиради.

Респондентларнинг фикрига кўра, ўзига ишончнинг мавжуд эмаслиги, қўрқув, ўз кучига ишончсизлик ва ўзини ўзи паст баҳолаш хотин-қизларнинг ташаббус кўрсатишига, янги соҳаларда ўзини синаб кўриши ва касбий муваффақиятларга эришишига тўсқинлик қилади.

Шунингдек, сўров иштирокчилари ўз жавобларида жамиятда ҳали ҳам сақланиб қолаётган ижтимоий босим, стереотиплар, ижтимоий кутилмалар ва гендер тарафкашлик каби омилларнинг хотин-қизлар учун тўсиқлар яратиб, уларнинг профессионал соҳада ўзини ўзи рўёбга чиқаришини қийинлаштиради.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра, 63% респондент хотин-қизлар ўз оиласидаги асосий қарорларни эркаклар билан тенг равишда қабул қилишини билдиришди. Сўров натижалари хотин-қизларнинг каттагина қисми ўзини молия, болалар таълими ва яшаш жойини танлаш каби масалалар муҳокамасида тўлақонли иштирокчи деб ҳис қилишини тасдиқлади. Оилавий муносабатларни тенг сифатида идрок этиш жамиятдаги қарашларнинг ўзгариши билан ҳам, хотин-қизларнинг шахсий ва иқтисодий мустақиллигининг ортиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, 30,2% сўралганлар уларнинг оиласида қарорларни асосан эркаклар қабул қилишини қайд этишди. Ушбу натижа эркак етакчи роль ўйнайдиган оиланинг анъанавий модели долзарблигича қолаётганидан далолат беради. Бу нафақат барқарор маданий ва ижтимоий нормаларни, балки турмуш ўртоғига онгли равишда етакчи ролни бериши мумкин бўлган респондент аёлларнинг ўз шахсий афзалликларини ҳам акс эттиради.

Сўров натижалари жамоатчилик фикрида хотин-қизларнинг профессионал фаолиятда фаол иштирок этиши кераклиги ҳақидаги тасаввурнинг устуворлик қилишини аниқлади. Респондентларнинг аксарияти хотин-қизлар ҳақ тўланадиган доимий ишга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди, шунингдек, сўров иштирокчилари иш билан бандлик аёлнинг ўз шахсий танлови бўлиши кераклигини қайд этишди[6].

Шу билан бирга, сўров натижалари хотин-қизларнинг профессионал ўсиш ва ўзини ўзи рўёбга чиқаришга бўлган катта қизиқишини акс эттиради. Билимлар бўйича энг катта танқислик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида қайд этилди, сўров иштирокчилари хусусий ишни юритиш асосларини ўзлаштириш ва бизнесни бошқариш соҳасидаги билимларни оширишга интилишини намойиш этдилар.

Долзарблиги бўйича иккинчи ўринда шахсий ва оилавий бюджетларни бошқариш учун ҳам, шунингдек, инвестиция ва маблағларни тежаб-тергаш учун ҳам муҳим бўлган молиявий саводхонлик туриши аниқланди. Хотин-қизларнинг ахборот технологияларига қизиқиши  ва "трендда бўлиш" учун зарур бўлган рақамли кўникмаларни эгаллашга интилиши юқори. Шунингдек, замондош хотин-қизларимиз психология ва ўзини ўзи рўёбга чиқаришни ўрганишга ҳамда коммуникатив кўникмаларни ривожлантиришга эҳтиёжларини ифода этишди.

Шу билан бирга, тадқиқот сўралган 72,3% хотин-қизларда касбий ва таълим бўйича амбициялар оиласи томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланишини кўрсатди. 13,2% ҳолларда бундай қўллаб-қувватлаш чекланган. 10,9% респондент аёлларнинг фикрига кўра, уларнинг оиласи ва қариндошлари гендер ролларнинг анъанавий моделига мослашган, бу эса уларнинг касбий истиқболлари устувор ҳисобланмаслигини кўрсатади.

Ўтказилган тадқиқот натижалари ҳаётнинг турли соҳаларида хотин-қизларнинг таъсири ўсиб бораётганини акс эттириб, гендер тенгликнинг ривожланишида сезиларли юксалишни намоён этмоқда.  Мамлакат хотин-қизлари ўртасида ўтказилган сўров натижалари уларнинг ўз ҳуқуқлари ва имкониятларига бўлган ишонч даражаси юқори эканини аниқлади (60,2%). Бу хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, таълим олиш имкониятларини ошириш, касбий истиқболларни кенгайтириш ва хотин-қизлар салоҳиятини янада тўлақонли очиб бериш ва ҳар томонлама амалга оширишга халақит берувчи мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган амалдаги давлат сиёсатининг самарадорлигини тасдиқлайди[7].

Олинган маълумотларнинг таҳлили оилавий ролларнинг давом этаётган трансформацияси, анъанавий қадриятларнинг ўзгариши ва эр-хотин ўртасида шериклик ғоясининг мустаҳкамланаётганидан далолат беради: 63% аёллар асосий қарорларни қабул қилишда эркаклар билан тенг равишда иштирок этмоқда. Бироқ оилаларнинг каттагина қисми (30,2%) классик моделни сақлаб қолмоқда, бунда эркакнинг асосий етакчи бўлиб қолиши ҳам маданий анъаналарни, ҳам аёлларнинг шахсий афзалликларини акс эттиради.

Ўзбекистонлик хотин-қизларнинг аксариятига ижтимоий некбинликнинг юқори даражаси, келажакка ва ижобий ўзгаришларга ишонч хосдир. Олинган маълумотлар хотин-қизларнинг ўзгаришларни шунчаки кутибгина қолмай, балки уларнинг бунга тайёрлигини, ривожланишга интилиб, келажакка ишонч билан қарашини, ундаги янги имкониятларни, танлов эркинлиги ва жамиятда ўз ролининг кучайишини кўраётганини тасдиқлайди.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, таълим олиш, иш билан таъминланиш имкониятлари ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш хотин-қизларнинг ҳолатини яхшилашга кўмаклашувчи асосий омиллар ҳисобланади. Молиявий чекловлар, қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги ва икки томонлама юклама уларнинг ўзини ўзи рўёбга чиқариши йўлидаги асосий тўсиқлар бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқий саводхонликни кенгайтириш, ҳуқуқлар ҳимоясини кучайтириш ва бандликнинг мослашувчан шароитларини жорий этиш хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эришиш учун янада қулай муҳит яратади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, хотин-қизлар умуман ўз оиласининг турмуш даражасини мустаҳкам ва барқарор, олдиндан тахмин қилса бўладиган, деб баҳоладилар. Кўпчилик учун у ўртача қийматларга мос келади, ҳар тўртинчи иштирокчининг уни юқори ёки ўртачадан юқори деб баҳолаганлиги мавжуд даъватларга қарамасдан, хотин-қизларнинг келажакка ишонч билан қараши ва истиқболдаги ривожланишни режалаштириш имконини берадиган моддий барқарорликни ҳис қилишидан далолат беради.

Сўров маълумотлари хотин-қизларнинг молиявий мустақилликка ва мартаба имкониятларини кенгайтиришга интилишини аниқлади: сўралганларнинг ярмидан кўпи (52,6%) таълимни давом эттириш истагини билдиришди, 51,9% - тадбиркорлик фаолиятидан манфаатдор, бу эса хотин-қизларнинг ўзини ўзи рўёбга чиқариш учун юқори салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради. Бироқ кўпчиликка бизнес ва молия соҳасидаги билимларнинг етишмаслиги ихтисослашган таълим ташаббусларига эҳтиёж борлигини таъкидлайди.

Хотин-қизларнинг аксарияти (72,3%) ўзининг мартабавий ва таълимга интилишларида оиласи томонидан қўллаб-қувватлашни ҳис қилади, бу уларнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратади. Бироқ хотин-қизларнинг роли ҳақидаги анъанавий тасаввурларга ҳар ўнинчи аёлнинг тўқнаш келиши уларнинг профессионал амбицияларини тийиб туриши мумкин.

Умуман олганда, ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Янги Ўзбекистоннинг замонавий аёли оила, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этиб, анъанавий қадриятлар ва янги имкониятларни ишончли тарзда мужассамлаштиради. Хотин-қизларнинг кўпчилиги эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканлигини ҳис қилади, профессионал ўсишга интилади ҳамда мартаба ва оилани муваффақиятли бирлаштиради. Хотин-қизлар учун фан, бизнес, сиёсат ва ижтимоий ҳаётда янги уфқлар очилмоқда. Давлат ислоҳотлари уларнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратмоқда; хотин-қизлар қўллаб-қувватлаш, эътироф ва ўзини ўзи рўёбга чиқариш учун кенг имкониятларни ҳис қилмоқда ва ватандош аёлларимизнинг куч-ғайрати, оқилалиги ва муваффақиятга интилиши жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.

Тадқиқотда олинган натижалар хотин-қизларнинг орзу-интилишлари оламига нигоҳ ташлаш, Ўзбекистоннинг замонавий аёли мулоҳаза-ўйларини чуқурроқ англаш ва билиш имконини беради. Тадқиқот натижалари хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ҳаёт сифатини ошириш, шахсий ва касбий жиҳатдан ўсиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган самарали ижтимоий, иқтисодий ва гендер сиёсатини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Нигина Рахимова

АДАБИЁТЛАР

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, https://president.uz/ru/lists/view/8834
  2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, https://lex.uz/uz/docs/6445147
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тўғрисида” Фармони, https://lex.uz/uz/docs/6600404
  4. Ўзбекистон гендер тенглик йўлида энг катта ютуқларга эришган мамлакатлар бешталигига кирди, https://podrobno.uz/cat/obchestvo/uzbekistan-voshel-v-pyaterku-stran-dostigshikh-naibolshikh-uspekhov-na-puti-k-gendernomu-ravenstvu/
  5. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг “Хотин-қизлар ўзлари ҳақида: ҳолат, кутилмалар ва истиқболлар” мавзусидаги таҳлилий маълумотномаси, 2025 йил.